COVID-19, хусусан, «омикрон» штамми давом этаётганига қарамай, дунёдаги барча мактаблар очиқ қолиши керак, деб ҳисоблайди БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ). Жамғарма ижрочи директори Генриетта Фор 27 январь куни: «Ҳеч қандай баҳонага ўрин йўқ. Мактаблар очиқ қолиши керак. Болалар кута олмайди», — дея таълим инқирозининг қайтарилмас оқибатларидан огоҳлантирди.

«COVID-19 нинг „омикрон“ варианти бутун дунё бўйлаб юришда давом этмоқда ва бу вазиятда биз ҳукуматларни болалар таълимида кейинги бузилишларнинг олдини олиш учун қўлларидан келганини қилишга чақирамиз», — деди Генриетта Фор.

Унинг таъкидлашича, таълим соҳасидаги инқирозни бартараф этиш учун болаларни кундузги таълимга қайтариш керак. Бунинг учун мактаблар очиқ бўлиши, зудлик билан ўқитувчилар ва ходимлар вакцинацияси таъминланиши, мактаб ўқувчилари эса имкон қадар эмлашлари керак, аммо вакцинацияни уларнинг мактабга қайтишининг мажбурий шарти бўлмаслиги керак, дея унинг сўзларидан иқтибос келтиради БМТ сайти.

«Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига мувофиқ, ЮНИCЕФ мактабларни очиқ сақлашга ва мамлакатнинг COVID-19 га қарши кураш стратегиялари барча болалар ва ўсмирларнинг, шу жумладан эмланмаган болаларнинг таълим ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида иштирок этишини таъминлашга чақиради», — дейилади баёнотда.

20 январь куни Ўзбекистонда мактабларда (шунингдек, ОТМ, лицей ва касб-ҳунар таълими муассасаларида) таълим бир ой муддатга онлайн тарзда ўтилиши маълум қилинди. Болалар боғчалари эса фаолиятини давом эттирмоқда.

Ушбу эълонга қадар ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси тарқатган хабарда эса қуйидагилар келтирилган эди: «Мактаблар таълим бериш билан бир қаторда ижтимоий заиф болаларнинг фаровонлигига ҳисса қўшиб, кўплаб муҳим хизматларни тақдим этади. Мактаб болалар учун тенгдошлари ва ўқитувчилари билан муносабатлар қуриш учун асосий ижтимоий муҳитдир. Ҳимоя чоралари кўрилган ҳолда мактаблар очиқ қолиши лозим».

«Мактабларнинг ёпилиши бутун дунё бўйлаб юзлаб млн мактаб ўқувчиларига, Ўзбекистонда эса 6 млндан ортиқ ўқувчиларга таъсир кўрсатади», — деб ёзди ЮНИCЕФ ваколатхонаси раҳбари Мунир Маммадзода 18 январь куни твиттерда. «Синфда бўлиш болаларнинг манфаатларига мос келади».

Ҳисоб-китобларга кўра, тахминан 616 млн бола ва ўсмир ҳозирда мактабларнинг тўлиқ ёки қисман ёпилишидан қандайдир тарзда зарар кўрмоқда. Март ойида COVID-19 туфайли глобал таълим тизимидаги бузилиш бошланганига роппа-роса икки йил бўлади.

24 январь куни ЮНИCЕФнинг Таълим бўйича Глобал дастури раҳбари Роберт Женкинс шундай деди: «Таълим соҳасидаги узилишларни бартараф этиш зарурлигига қарамасдан, шунчаки мактабларни қайта очишнинг ўзи етарли эмас. Таълим соҳасидаги йўқотишларни қоплаш учун ўқувчилар интенсив ёрдамга муҳтож. Мактаблар, шунингдек, болаларнинг ақлий ва жисмоний саломатлигини, ижтимоий ривожланишини ва овқатланишини тиклаш учун оддий таълим муассасаси чегараларидан чиқиши керак».

ЮНИCЕФ маълумотларига кўра, даромади паст ва ўрта бўлган мамлакатларда таълимдаги узилишлар 10 ёшли болаларнинг 70 фоизгачаси оддий матнни ўқиш ёки тушуна олмайдиган бўлган. Пандемиядан олдин бу кўрсаткич 53 фоиз эди.

АҚШда таълим йўқотишлари кўплаб штатларда кузатилмоқда. 2021 йилда Техасда учинчи синф ўқувчиларининг учдан икки қисми 2019 йилдаги болаларнинг ярмига нисбатан математика фанидан талаб қилинадиган даражадан паст натижа кўрсатди.

Мактабларнинг ёпилиши болаларнинг руҳий саломатлигига ҳам таъсир қилмоқда. Шифокорларнинг таъкидлашича, COVID-19 болалар ва ёшлар ўртасида ташвиш ва руҳий тушкунлик ҳолатларининг кўпайишига олиб келди. Бундан ташқари, қашшоқ мамлакатларда ва камбағал оилаларда 370 млндан ортиқ ўқувчи мактаблардаги бепул овқатланишдан маҳрум бўлган.

2020 йил декабридаёқ ЮНИCЕФ 191 мамлакатда ўтказилган тадқиқот маълумотларига асосланиб, коронавирус тарқалиши ва мактаблар очилиши ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқлигини маълум қилган эди. Жамғарма жуда кўп мактаблар кераксиз равишда ёпилаётгани ва мактабларни COVID-19 дан хавфсиз сақлаш чораларини кўришга етарлича эътибор берилмаётганидан хавотир билдирди.