Андижон шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари шанба куни Андижон вилояти перинатал маркази ҳудудидаги 12 туп дарахтни кесиб ташлади. Бу ҳақда журналист Шуҳрат Шокиржонов хабар берди.

Унга кўра, вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов дарахтларни кесиш ҳақида буйруқ берган. Журналистнинг айтишича, Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари кесилган дарахтларни давлат рақами бўлмаган автомашинада олиб кетган.

Фото: Kun.uz.

Суратларга қараганда, дарахтлар кесилиши қуёш ботгандан кейин амалга оширилган.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати расмий шарҳида перинатал марказда «кенг кўламли қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани» ҳақида маълум қилди.

«Қурилиш лойиҳасига кўра, хозирги кунда ҳудудда 180 дан ортиқ манзарали дарахт ва кўчатлар экиш ишлари амалга оширилмоқда. Яна шуни маълум қиламизки, ушбу ҳудуддаги дарахтлар жойида қолган ва ҳеч ким уларни кесишга буйруқ бермаган», — дейилади хабарда. Кейинчалик матн таҳрир қилинди, ҳокимлик «дарахтлар жойида қолган» деган иборани олиб ташлади.

Фото: Kun.uz.

Ҳокимлик вазият алоҳида назоратга олинганини билдирди. «Ҳудудда конун бузилиш ҳолатлари аниқланган такдирда айбдорларга қонуний жазо чоралари кўрилади», — дея қайд этди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Ўзбекистон Экология давлат қўмитасининг маълум қилишича, дастлабки тергов натижаларига кўра, ҳудуддаги дарахтларни кесиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органи билан келишилмаган. Мазкур ҳудуддаги дарахтларни кесишга қонунчиликда белгиланган тартибда экология органи хулосаси ва рухсатнома берилмаган.

«Мазкур қурилиш объекти Давлат инвестиция дастурига киритилган бўлиб, ташкилот раҳбарияти томонидан унинг ҳудудидаги дарахтларни кесишга рухсатнома олиш учун Давлат хизматлари марказига мурожаат қилинган. Лекин ушбу мурожаат натижасини кутмасдан [ташкилот] қонунга зид равишда ўзбошимчалик билан тунда ушбу мудҳиш ҳуқуқбузарлик ҳолати содир этилган.», — дейилади хабарда.

Фото: Kun.uz.

Президентнинг 30 декабрдаги фармони билан мамлакатда дарахтларни кесишга муддатсиз мораторий эълон қилинди. Шунга қарамай, дарахтларни ноқонуний кесиш ҳолатлари давом этмоқда.