21 январь куни жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида судланувчи Миразиз Бозоровга (1991 йилда Тошкент шаҳрида туғилган) нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди раиси Сардорбек Содиқов раислигида кўриб чиқилди.

«Эълон қилинган суд ҳукмига кўра М. Базаров Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми „г“ бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди», — дейилади хабарда.

Бозоровнинг адвокати Сергей Майоровнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, унинг ҳимояси остидаги шахс «интернетдан фойдаланиш ва психолог мутахассислиги бўйича ишлаш тақиқлови билан уй йилга озодликдан чеклаш жазоси тайинланган». У кечки соат 20:00 дан эрталабгача уйда бўлиши шарт.

Мазкур ҳукмдан норози тарафлар ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан 20 сутка ичида, судланувчи ва жабрланувчилар томонидан эса уларга ҳукмнинг нусхаси топширилган кундан эътиборан шу муддат ичида шу суд орқали Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция тартибида шикоят беришлари ёки прокурор томонидан протест билдирилиши мумкин.

Аввалроқ, «Газета.uz» жабрланувчилар тариқасида Аброр Мухторалиевич Абдуазимов (Аброр Мухтор Алий, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими), блогер Шуҳрат Мусаев, Жаҳонгир Салимов (AbuSolih Fox) ва Дмитрий Абдукаримович Расулов кўрсатилгани ҳақида ёзганди.

Эслатиб ўтамиз, журналистлар аввалроқ ПЗР-тест маълумотномаси талаб этилиши ҳақида хабар берилмаганлиги учун суд биносига кира олмади. Бундан ташқари, суд мажлиси очиқ деб эълон қилинишига қарамасдан, суд жараёнини суратга олиш ва ОАВда ёритиш тақиқланди.

Миразиз Бозоров иши

Миразиз Бозоров 28 март куни ўз уйи олдида калтакланган. Унда бир неча жароҳат ва синишлар қайд этилган. Шу куни у аниме ва K-pop мухлисларини пойтахт марказига йиғилишга чақирган. Шу вақтнинг ўзида у ерда ЛГБТ га қарши акция бўлиб ўтган. Тошкент марказида ЛГБТ фаолларига қарши намойиш бўлиб ўтган. Ўнлаб эркаклар Форумлар саройи қаршисида йўлнинг ҳаракат қисмида юриб, «Аллоҳу акбар!» деб такбир айтган. ИИББ 12 кишининг қўлга олингани ва Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисмининг «б» банди (бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган безорилик) бўйича жиноий иш қўзғатилгани ҳақида хабар берган.

ИИВ баёнотига кўра, Бозоров Миразиз исмли фуқаро ўзининг ижтимоий тармоқларида Тошкент шаҳридаги «Ҳазрати Имом» масжиди олдида ва Aмир Темур хиёбонида ноанъанавий жинсий қарашларга эга шахслар томонидан оммавий намойишлар ўтказиш бўйича чақириқ билан чиққан. «Таъкидлаш керакки, Бозоров бундан аввал ҳам бир неча бор жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, шахснинг қадр-қимматини камситувчи, миллатимизга хос бўлмаган хурмача қилиқлари акс этган видео лавҳаларини ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиб, ўзининг бузуқ хулқ-атворини оммага намойиш қилиб келган», — дейилганди хабарда.

Кейинроқ пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси Тошкент марказида икки фуқаро калтакланганини тасдиқловчи видеони эълон қилди. Бир гуруҳ эркаклар кўчадан ўтаётганларни ЛГБТ тарафдорлари деб қабул қилишган.

Блогер шифохадан чиққач, унга 29 апрель куни таҳминан соат 23:15ларда Миробод туман суди томонидан уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган эди. Унинг адвокати Сергей Майоров эса суд қарори устидан апелляция шикоятини киритган, бироқ у қаноатлантирилмаган.

Жума куни Тошкент шаҳар ИИББ Миразиз Бозоровга тан жароҳати етказишга алоқадор бўлган гумон қилинувчининг (жабрланувчининг сўзидан тузилган) фотороботини эълон қилди ва унинг асосида мазкур шахсни аниқлашда фуқаролардан кўмак сўради.