Тошкент шаҳридаги Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида блогер Миразиз Бозоровга нисбатан жиноят иши 20 январ куни соат 11:00 да кўриб чиқиш бошланади. Бу Ўзбекистон Олий судининг интерактив хизматлар порталидаги маълумотларда қайд этилган.

Очиқ суд муҳокамаси судья Сардорбек Содиқов раислигида бўлиб ўтади.

Миразиз Бозоров Жиноят кодексининг 139 моддаси 3 қисми «г» бандида (ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда туҳмат қилинса, БҲМнинг 300 бараваридан 500 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатдан 400 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланмоқда.

Жабрланувчилар тариқасида Шуҳрат Зойир ўғли Мусаев (блогер), Аброр Мухторалиевич Абдуазимов (Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими), Дмитрий Абдукаримович Расулов ва Жаҳонгир Зоҳиджонович Салимовлар кўрсатилган.

Миразиз Бозоров 28 март куни ўз уйи олдида калтакланган. Унда бир неча жароҳат ва синишлар қайд этилган. Шу куни у аниме ва K-pop мухлисларини пойтахт марказига йиғилишга чақирган. Шу вақтнинг ўзида у ерда ЛГБТ га қарши акция бўлиб ўтган. Тошкент марказида ЛГБТ фаолларига қарши намойиш бўлиб ўтган. Ўнлаб эркаклар Форумлар саройи қаршисида йўлнинг ҳаракат қисмида юриб, «Аллоҳу акбар!» деб такбир айтган. ИИББ 12 кишининг қўлга олингани ва Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисмининг «б» банди (бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган безорилик) бўйича жиноий иш қўзғатилгани ҳақида хабар берган.

ИИВ баёнотига кўра, Бозоров Миразиз исмли фуқаро ўзининг ижтимоий тармоқларида Тошкент шаҳридаги «Ҳазрати Имом» масжиди олдида ва Aмир Темур хиёбонида ноанъанавий жинсий қарашларга эга шахслар томонидан оммавий намойишлар ўтказиш бўйича чақириқ билан чиққан. «Таъкидлаш керакки, Бозоров бундан аввал ҳам бир неча бор жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, шахснинг қадр-қимматини камситувчи, миллатимизга хос бўлмаган хурмача қилиқлари акс этган видео лавҳаларини ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиб, ўзининг бузуқ хулқ-атворини оммага намойиш қилиб келган», — дейилганди хабарда.

Кейинроқ пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси Тошкент марказида икки фуқаро калтакланганини тасдиқловчи видеони эълон қилди. Бир гуруҳ эркаклар кўчадан ўтаётганларни ЛГБТ тарафдорлари деб қабул қилишган.

Блогер шифохадан чиққач, унга 29 апрель куни таҳминан соат 23:15ларда Миробод туман суди томонидан уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган эди. Унинг адвокати Сергей Майоров эса суд қарори устидан апелляция шикоятини киритган, бироқ у қаноатлантирилмаган.

Жума куни Тошкент шаҳар ИИББ Миразиз Бозоровга тан жароҳати етказишга алоқадор бўлган гумон қилинувчининг (жабрланувчининг сўзидан тузилган) фотороботини эълон қилди ва унинг асосида мазкур шахсни аниқлашда фуқаролардан кўмак сўради.