Тошкент шаҳрининг Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди 20 январь куни блогер Миразиз Бозоровга нисбатан ЖКнинг 139-моддаси 3-қисми «г» банди (ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда туҳмат қилиш) бўйича ишни кўриб чиқишни бошлади.

Аввалроқ, «Газета.uz» жабрланувчилар тариқасида Аброр Мухторалиевич Абдуазимов (Аброр Мухтор Алий, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими), блогер Шуҳрат Мусаев, Жаҳонгир Салимов (AbuSolih Fox) ва Дмитрий Абдукаримович Расулов кўрсатилгани ҳақида ёзганди.

Очиқ суд мажлиси соат 11:00 га белгиланган эди. Бироқ, Sarpa маълумотларига кўра, белгиланган вақтдан 40 дақиқа ўтиб, суд вакили ПЗР-тест натижаларисиз мажлислар залига журналистлар қўйилмаслигини эълон қилган. ОАВ вакилларидан ҳеч бири бундай талаб ҳақида олдиндан огоҳлантирилмаган. Шунга қарамасдан, бундан сал аввал журналистларнинг паспорт маълумотлари бинога кираверишда рўйхатга олинган.

Тошкент судлари матбуот хизматининг Telegram-каналида «COVID-19 пандемияси муносабати билан ушбу суд жараёнида ПЗР-тест маълумотномасига эга бўлган оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар иштирок этиши мумкинлиги» ҳақида хабар (соат 16:37 да) эълон қилинди. Хабарга кўра, суд мажлисига Миразиз Бозоровнинг яқинлари, Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари ва «ПЗР-тест мавжуд бўлган бошқа шахслар» қўйилган.

Жиноят иши судья Сардорбек Содиқов раислигида кўриб чиқилмоқда. Давлат айбловчиси сифатида Миробод туман прокурори катта ёрдамчиси А.Дадажонов, судланувчининг ҳимоячиси сифатида эса — адвокат Сергей Майоров қатнашмоқда.

Суд тергови бошланишидан аввал жабрланувчилар томонидан суд мажлисида аудио, видеоёзув ва фотолардан фойдаланилмаслиги тўғрисидаги илтимоснома киритилди. Мазкур илтимоснома раислик этувчи томонидан қаноатлантирилди. Шу билан бирга суд томонидан тарафлар ва суд мажлисининг бошқа иштирокчиларига суднинг рухсатисиз суд жараёнини оммавий ахборот воситаларида ёритиш мумкин эмаслиги тушунтирилди.

«Газета.uz» билан суҳбатда адвокат Сергей Майоров судья мажлисни суратга олиш, шунингдек, «суд жараёнини ёритиш, изоҳ бериш, чоп этиш» тақиқланганини тасдиқлади.

«У буни судга шу тарзда босим ўтказмаслик зарурлиги билан изоҳлади», — дея қайд этди у.

Адвокат таъкидлашича, агар ушбу талаб бузилгудек бўлса, навбатдаги мажлисда судья бошқа иштирокчиларни киритмаслиги ва ишни кўриб чиқишни фақат тарафлар иштирокида давом еттириши мумкин.

Сергей Майоров шунингдек, ўзининг амалиётида ПЗР-тест маълумотларисиз суд мажлисида қатнашишни тақиқлаш бўйича ҳолатга аввал дуч келмаганини айтиб ўтди.

«Менинг билишимча, бу каби тартибни ҳеч ким ўрнатмаган. Бизда шу каби барча масалалар — чеклашлар махсус комиссия даражасида ҳал этилади. Билишимча, комиссиянинг суд мажлисига фақат ПЗР-тест мавжуд бўлган тақдирда қўйилишига оид қарори ҳақида менда ҳеч қандай маълумот йўқ», — деди у.

Жабрланувчилардан бири Аброр Мухтор Алий «журналистлар киритилмаслигини, асли тарафдори эмаслиги, бироқ, айнан мана шу „гомосексуализм“ тарғиботи билан шуғулланадиган журналистик ташкилотлар ҳам борлиги нуқтаи назаридан» бу қарор тўғри бўлганини таъкидлади.

Кейинги суд мажлиси 21 январь куни ўтказилади.

ИИВ баёнотига кўра, Бозоров Миразиз исмли фуқаро ўзининг ижтимоий тармоқларида Тошкент шаҳридаги «Ҳазрати Имом» масжиди олдида ва Aмир Темур хиёбонида ноанъанавий жинсий қарашларга эга шахслар томонидан оммавий намойишлар ўтказиш бўйича чақириқ билан чиққан. «Таъкидлаш керакки, Бозоров бундан аввал ҳам бир неча бор жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, шахснинг қадр-қимматини камситувчи, миллатимизга хос бўлмаган хурмача қилиқлари акс этган видео лавҳаларини ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиб, ўзининг бузуқ хулқ-атворини оммага намойиш қилиб келган», — дейилганди хабарда.