Тошкент шаҳар ИИББ 31 март куни ўтган якшанба шаҳар марказидаги тартибсизликлар пайтида икки йигит калтакланганини тасдиқловчи видеони эълон қилди.

Якшанба куни берилган ҳисоботда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари жанжалга аралашиб, ёшларни ҳимоя қилишлари, уларнинг яраланишларига йўл қўймаганликлари айтилган эди.

Бошқарма янги видеода шу куннинг ўзида тартибсизликларда иштирок этиб, икки фуқарога жароҳат етказганлар тергов ҳаракатларига жалб қилинганлигини таъкидламоқда.

ИИББ хабар беришича, 25−30 киши ЛГБТ тарафдорларининг режалаштирилган йиғилиши тўғрисида билиб, уларга қарши чиқишга келишиб, Амир Темур майдонига йиғилган.

Улар кўчадан ўтиб кетаётган икки ёш — ўғил ва қизни ЛГБТ тарафдорлари деб ўйлаб, уларга тан жароҳати етказишган.

Ҳужумга учраган қиз ҳужумчиларни таниганини айтди. У ИИББ ходимларига миннатдорчилик билдириб: «Агар улар бўлмаганида, улар жазосиз қолишлари мумкин эди», — дея таъкидлади.

Йигит, шунингдек, ИИББ ходимларига уни калтаклаган жиноятчиларни аниқлашда ёрдамлари учун миннатдорчилик билдирди.

Ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси «Безорилик» билан жиноят иши қўзғатилди. «Тергов натижаларига кўра, ҳуқуқий баҳо берилади», — дейилади ИИББ хабарида.

Эслатиб ўтамиз, видеоёзувларга қараганда, хиёбон ёнида 80−100 киши тўпланган эди. 12 нафар ҳибсга олинганлар ҳақида хабар берилганди.

Ҳодиса тахминан соат 15:00 да содир бўлган. Шу вақтга блогер Миразиз Бозоров Амир Темур хиёбонида аниме (япон анимацияси) ва K-pop (корейс поп мусиқаси) мухлислари учун учрашув белгилаган эди.

Ўзининг баҳсли ва танқидий баёнотлари билан танилган Миразиз Бозоров шу куни кечаси уй олдида қаттиқ калтакланганди. Ҳужумчилар воқеа жойидан яширинган.