Март ойи охирида ЛГБТ фаолларига қарши норозилик намойиши куни Тошкентда калтакланган блогер Миразиз Бозоров у гумон қилинаётган янги жиноий иш доирасида уй қамоғига олинган. Бу ҳақда унинг адвокати Сергей Майоров «Газета.uz» га хабар берди.

Ҳимоячининг сўзларига кўра, жиноят иши Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисмининг «г» банди билан (ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда туҳмат қилиш/ базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваридан 500 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатдан 400 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади) қўзғатилди.

Адвокат сўзларига кўра, Миразиз Бозоров касалхонадан 29 апрель куни тушдан кейин чиқарилиб, дарҳол Тошкент шаҳар ИИБга олиб кетилди. Ўша куни соат 23:15 да тугаган суд қарори билан блогер уй қамоғига олинган. «Ҳибсга олишди. Уй қамоғи. У уйда ҳозир. Унга ҳеч ким билан мулоқот қилиш мумкин эмас», — деди Сергей Майоров.

Адвокат унинг ҳимояси остидаги Миразиз Бозоровга 10 кун ичида айблов тақдим этилишини маълум қилди.

Тошкент шаҳар ИИББ баёноти

Тошкент шаҳар ИИББ жума куни баёнотини эълон қилиб, 1 апрель кунидан 20 апрелга қадар фуқаролардан 28 та ариза, шунингдек, Миробод тумани 110-сон умумтаълим ўрта мактаби ўқитувчиларидан жамоавий ариза келиб тушгани ҳамда унда Миразиз Бозоровга нисбатан қонуний чора кўришни талаб қилишганини маълум қилди.

Баёнотга асосан, блогер интернетда жойлаган видеоларида «ушбу фуқароларни ва уларнинг қариндошларини ҳақорат қилгани, уларни террористик ташкилотлар билан ҳамкорликда айблаб тухмат қилгани, миллий анъаналарни оёқ ости қилиб, аёлларнинг шаънига путур етказаётгани ҳамда миллатлараро низо уйғотган».

ИИББ қайд этишига кўра, «умумтаълим ўрта мактаби ўқитувчиларининг жамоавий аризасида, Миразиз Бозоров интернет тармоғидаги медиамаконларда мазкур мактаб ўқитувчиларининг касбий ва шахсий сифатлари ҳақида ҳақоратли маълумотлар тарқатганлиги ва шу билан уларнинг обрўсини топтаганлиги учун унга нисбатан қонуний чора кўришни талаб қилишган».

Мазкур аризалар бўйича терговга қадар текширув ўтказилиб, тегишли комплексли экспертиза тайинланди, маълум қилди ИИББ.

Терговга қадар текширув натижаларига кўра, Бозоров Миразизнинг хатти-ҳаракатларида Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми «г» бандида (ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда туҳмат қилиш, яъни била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш) назарда тутилган жиноят аломатлари борлиги аниқланди. Жиноят иши қўзғатилди. Тергов ишлари давом этмоқда.

Миразиз Бозоров видеоларидан бирининг скриншоти. Манба: «Дежурный по Узбекистану».

Telegram`даги «Дежурный по Узбекистану» канали таъкидлашига кўра, муҳокамаларга Миразиз Бозоровнинг ўтган йил октябрь ойида TikTok ижтимоий тармоғида жойлаштирилган видеоларидан бири сабаб бўлган.

Ҳужум қилганнинг фотороботи

ИИББ Миразиз Бозоровга тан жароҳати етказишга алоқадор бўлган гумон қилинувчининг (жабрланувчининг сўзидан тузилган) фотороботини эълон қилди ва унинг асосида мазкур шахсни аниқлашда фуқаролардан кўмак сўради.

«Агар сиз мазкур шахс ҳақида маълумотга эга бўлсангиз, +998712819075 ва +998712334946 рақамлари орқали ёки 102 рақамига хабар беришингизни сўраймиз. Махфийлик кафолатланади. Терговга ёрдам бераётганингиз учун олдиндан миннатдорчилик билдирамиз», — таъкидлаб ўтди бошқарма.

Миразиз Бозоров 28 март куни ўз уйи олдидакалтакланган. Унда бир неча жароҳат ва синишлар қайд этилган. Шу куни у аниме ва K-pop мухлисларини пойтахт марказига йиғилишга чақирган. Шу вақтнинг ўзида у ерда ЛГБТ га қарши акция бўлиб ўтган. Тошкент марказида ЛГБТ фаолларига қарши намойиш бўлиб ўтган. Ўнлаб эркаклар Форумлар саройи қаршисида йўлнинг ҳаракат қисмида юриб, «Аллоҳу акбар!» деб такбир айтган. ИИББ 12 кишининг қўлга олингани ва Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисмининг «б» банди (бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган безорилик) бўйича жиноий иш қўзғатилгани ҳақида хабар берган.

Мирзазиз Бозоров касалхонада, 2021 йил 29 март. Фото: Agnieszka Pikulicka / Twitter.

Ички ишлар вазирлиги блогер Миразиз Бозоровни провокатор деб таърифланган видеони намойиш этган. Шунингдек, Aмир Темур майдонида бўлиб ўтган тартибсизликлар иштирокчилари билан суҳбатлардан парчалар келтирган. Ички ишлар вазирлигининг таъкидлашича, воқеа «ҳаддан ташқари ҳиссиётга эга фуқаролар ва ҳуқуқий саводхонлиги паст бўлган шахслар, қонунчиликни четлаб ўтиб, муаммони ўзлари ҳал қилмоқчи бўлишган».

Кейинроқ пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси Тошкент марказида икки фуқаро калтакланганини тасдиқловчи видеони эълон қилди. Бир гуруҳ эркаклар кўчадан ўтаётганларни ЛГБТ тарафдорлари деб қабул қилишган.

Аввалроқ Бозоров интернетда унга нисбатан таъқиб ва «жазолаш» бўйича чақириқлар бўлганлиги, шунингдек унинг шахсий маълумотлари эълон қилингани ҳақида хабар берган эди.

БМТнинг Ўзбекистондаги жамоаси Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларини ўтган ҳафта охирида содир бўлган хавотирли воқеалар юзасидан холис текширув ўтказишга чақирган эди.