Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати март ойининг охирида Тошкент шаҳридаги Амир Темур хиёбонида бўлиб ўтган тартибсизликлардан кейинги тергов жараёни тўғрисида хабар берди.

Уч ёки тўртта фуқаро ёш йигит ва қизни ЛГБТ фаоллари деб гумон қилиб, уларга тан жароҳатлари етказган. Уларга яна 20−25 нафар шахслар қўшилиб, безорилик ҳаракатларини давом эттиришган.

Дастлаб жанжални бошлаган 12 нафар фуқаро ушланган. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «б» банди («безорилик, бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилиши») аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов давомида ушбу ҳодисада бевосита иштирок этган шахслар сони аниқланди. Улар 31 кишини ташкил этиб, ҳар бирининг ҳарака тларига ҳуқуқий баҳо берилди, дейилади хабарда.

Улардан тўрт нафари жиноят ишида айбланувчи тариқасида жалб қилинди. Булар вилоятида туғилган Фарходжон Қурбонов (1989 й.т.), Музаффар Йўлдошев (1991 й.т.), шунингдек пойтахт аҳолиси Боҳодир Фазлитдинов (1993 й.т.) ва Рихситилла Анваров (2002 й.т.).

«Тергов шуни кўрсатдики, айнан улар Саидбек Тошбагамбетов (2004 й.т.) ва Рухшона Бухарбоевага (2005 й.т.) енгил тан жароҳати етказишган. Айбланувчига нисбатан уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси тайинланган. Дастлабки тергов якунлангач, қонуний қарор қабул қилиш учун иш судга юборилади», — дейилади ИИББ хабарида.

Жанжалда қатнашган қолган 27 кишининг хатти-ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси («майда безорилик»), 194-моддаси («ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик»), 195-моддаси («ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш») ва 201-моддасида («йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш») назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд.

Эслатиб ўтамиз, 28 март куни Тошкент марказида ЛГБТ фаолларига қарши намойиш бўлиб ўтган ва ўнлаб эркакларнинг Форумлар саройи қаршисида йўлнинг ҳаракат қисмида юргани ва «Аллоҳу акбар!» деб такбир айтгани акс этган видео лавҳалар тарқалган эди.