3 январь куни Қаллибек Камаловнинг рафиқаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, сенатор Мурат Камаловнинг онаси Любовь Семёновна Камалова 95 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Жўқорғи Кенгес матбуот хизмати хабар берди.

Жўқорғи Кенгес раисининг ўринбосари Атабек Давлетов, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси Қаҳраман Сариев марҳумнинг оила аъзоларига таъзия билдирган.

У 1927 йилда Самарқанд вилоятининг Нарпай туманида туғилган. У узоқ йиллар давомида олий таълим муассассаларида фаолият олиб борган.

Любовь Семёновна 1949 йилда Қаллибек Камалов билан турмуш қуриб, 3 фарзандни — Полатбек, Мурат ва Тамарани дунёга келтирган.

Маълумот учун, Любовь Камалованинг умр йўлдоши Қаллибек Камалов ҳозирда 96 ёшда бўлиб, у 1959−1963 йилларда Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси, 1963−1984 йилларда вилоят партия қўмитасининг биринчи секретари, 1984−1986 йилларда Руминиянинг Констанца шаҳрида бош консул лавозимларида ишлаган.

«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган иқтисодчи» фахрий унвони, шунингдек, Ўзбекистон президентининг фармони билан «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланган.