21 октябрь куни Тошкентда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг саккизинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар бермоқда.

Сенатнинг Ялпи мажлис кун тартибидан ўрин олган бир қатор ташкилий масалалар, хусусан, Олий Мажлис Сенати раиси ўринбосарини сайлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Сенат раиси ўринбосарларидан бири Қорақалпоғистон Республикаси вакили бўлишига оид конституцион норма мавжуд. Шу боис, сенатор Мурат Каллибекович Камаловни Сенат раиси ўринбосари лавозимига сайлаш тўғрисида таклиф президент томонидан тақдимнома киритилган.

Мурат Камалов 1955 йилда Нукус шаҳрида туғилган. Олий маълумотга эга ҳуқуқшунос сифатида кўп йиллар масъулиятли лавозимларда фаолият юритган.

Жорий йил сентябрь ойида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг депутати этиб, 2 октябрь куни Жўқорғи Кенгеснинг давлат раҳбари иштирокида ўтган навбатдан ташқари саккизинчи сессиясида Жўқорғи Кенгеси раиси этиб сайланган эди.

Мажлисда сенаторлар томонидан Мурат Камалов номзоди бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Қонун талабларига мувофиқ яширин овоз бериш орқали 72 та овоз билан сенатор Мурат Каллибекович Камалов Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати раиси ўринбосари этиб сайланди.