Tashkent Central Park лойиҳаси (ҳозирдаTrilliant номини олган) инвесторлари учун индивидуал солиқ енгилликлари яна бир йилга узайтирилди, дейилади Вазирлар Маҳкамасининг 28 декабрдаги қарорида (ВМҚ №783).

2018 йилнинг декабрида «Газета.uz» ҳукумат қарори асосида Туркияда сентябрда рўйхатга олинган Taşkent Merkez Park Gayrimenkul Yatirim A. Ş. Компанияси (Çalık Enerji шўъбаси) томонидан миллий UzTur Investment and Development компанияси бунёд этилгани, ушбу компания томонидан беш юлдузли меҳмонхона, савдо-кўнгилочар марказ, тижорий банклар учун маъмурий бинолар ва бошқа иншоотларни қуриш кўзда тутилгани ҳақида хабар қилган эди.

Мажмуа ҳозирда Юнусобод туманининг Амир Темур шоҳ кўчаси, Шаҳрисабз ва Истиқлол кўчалари чегарасидаги (Ucell бош идораси қаршисидаги автотураргоҳ) 2,5 га майдонда барпо этилмоқда.

Манба: КТЯДР

Лойиҳада учта 15 қаватли бино: меҳмонхоналар ва иккита икки қаватли ер ости автотураргоҳли бизнес маркази ҳамда яшил сайргоҳ ҳудуди қурилишини назарда тутади.

Фото: trillianttashkent.uz

Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 400 млн долларга баҳоланган.

Инвесторлар вапудратчи ташкилотлар 2021 йил сўнгига қадар барча турдаги солиқлар вамажбурий тўловлар, ягона ижтимоий тўлов вабожхона божлари (йиғимлар бундан мустасно), Ўзбекистон норезидентлари амалга оширган хизмат ваишлар бўйича қўшилган қиймат солиғидан озод қилинган.

Фото: Тошкент ҳокимлиги матбуот хизмати

Ҳукумат янги қарор билан имтиёзларни 2022 йил 31 декабргача узайтирди.

Бундан ташқари, ҳужжатнинг 6-банди «а» кичик бандининг 4 ва 5-хатбошилари қайта кўриб чиқилиб, унга кўра, лойиҳани амалга ошириш доирасида 2022 йил 31 декабргача инвесторлар ва пудратчи қуйидаги тўловлардан озод қилинади:

  • • белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб келинадиган материаллар (шу жумладан мебель ва жиҳозлар), хомашё, ускуналар, технологик ҳужжатлар, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, шунингдек, металл прокати, асбоблар-ускуналар учун божхона тўловлари тўлашдан;
  • • белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхатлар бўйича «вақтинча олиб кириш» божхона режимида олиб кириладиган қурилиш техникаси, машина ва механизмлар, асбоб-ускуналар, вақтинчалик бино ва иншоотлар, транспорт воситалари даврий божхона тўловлари тўлашдан.

Бундан ташқари, ҳукумат инвесторлар, пудратчилар ва субпудратчиларга инвестиция лойиҳаси доирасида импорт қилинадиган товарларни ўз омборларига жойлаштиришга рухсат берди.

2020 йил август ойида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) Монополияга қарши курашиш қўмитасига юқоридаги ўзгартиришларни таклиф қилувчи президент қарори лойиҳасини киритган, бироқ солиқ ва божхона имтиёзларини 2024 йил 1 январгача узайтириш режалаштирилган эди. Монополияга қарши қўмита «Рақобат тўғрисида»ги қонун ҳамда президент фармон ва қарорларига асосланиб, мазкур лойиҳани номақбул деб топган эди.

Эслатиб ўтамиз, вақтинчалик имтиёзлар президент ҳужжатлари билан уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатга берилади. Индивидуал имтиёзлар истисно тариқасида хусусий секторда сармоя киритишга қизиқиш бўлмаган соҳаларда ижтимоий ёки иқтисодий асосларга эга бўлган ёки Ўзбекистоннинг халқаро шартномалари билан мувофиқ келган ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга оширишда тақдим этилади.