Тошкент марказида Tashkent Central Park кўп тармоқли мажмуасини қуриш режалаштирилмоқда. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 5 декабрдаги қарорида бу ҳақда сўз боради.

Мажмуа майдони 2,5 га ни ташкил этиб, Юнусобод туманининг Амир Темур шоҳ кўчаси, Шаҳрисабз ва Истиқлол кўчалари чегарасида (ягона бўш ҳудуд — Ucell бош идораси қаршисидаги автотураргоҳ) қад ростлайди.

Лойиҳа Туркияда сентябрда рўйхатга олинган Taşkent Merkez Park Gayrimenkul Yatirim A. Ş. компанияси томонидан миллий UzTur Investment and Development компанияси (у ҳақда маълумотлар йўқ) бунёд этилади.

2019−2020 йилларга мўлжалланган лойиҳада беш юлдузли меҳмонхона, савдо-кўнгилочар марказ, тижорий банклар учун маъмурий бинолар ва бошқа иншоотларни қуриш кўзда тутилган.

Инвесторлар ва пудратчи ташкилотлар 2021 йил сўнгига қадар барча турдаги солиқлар ва мажбурий тўловлар, ягона ижтимоий тўлов ва божхона божлари (йиғимлар бундан мустасно), Ўзбекистон норезидентлари амалга оширган хизмат ва ишлар бўйича қўшилган қиймат солиғидан озод қилинди.