Ижтимоий тармоқларда 20 декабрь куни Наманган шаҳри кўчаларини сув босгани акс этган видеолар тарқалди. Бу видеоларда «Лола» бозори ва Наманган давлат университети олдини сув босганини кўриш мумкинлиги айтилмоқда.

Ўзгидромет метеорологи Эркин Абдулаҳатовнинг маълум қилишича, 20 декабрга ўтар кечаси Тошкент вилоятининг тоғ ва тоғ олди ҳудудларида кўп миқдорда ёғингарчилик (ёмғир-қор) кузатилди. Айрим кузатув ҳудудларида 20 мм гача ёғингарчилик қайд этилган.

«20 декабрга ўтар кечаси эса нам ҳаво оқимлари шарққа томон силжиб, Наманган вилоятига яхшигина ёғингарчилик келтирган. Масалан, Наманган шаҳрида 10 мм оралиқда ёғиб ўтган ёмғир шаҳарнинг айрим кўчаларида сув босиш ҳолатларини келтириб чиқарди», — деди метеоролог.

Эслатиб ўтамиз, Ўзгидромет хабарига кўра, 21 декабрь куни бир қатор ҳудудларда шамол 17−22 м/с гача, айрим жойларда эса 25−28 м/c гача кучайиши мумкин. 21−22 декабрда баъзи жойларда ёмғир ёғади. Ҳафта давомида мамлакат бўйлаб об-ҳаво ўзгарувчан бўлади. Чўл ҳудудларда эса чанг бўрони кузатилиши мумкин.