21−22 декабрда Ўзбекистон ҳудудига Каспий денгизи орқали Кавказ ҳудудларидан нам ва совуқ ҳаво оқимлари кириб келиши кутилмоқда, деб хабар берди Ўзгидромет.

21 декабрда шамол Қорақалпоғистон, Хоразм, Тошкент, Сирдарё, Сурхондарё вилоятларида 17−22 м/с гача, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё вилоятларида 17−22 м/с гача, баъзи жойларда эса 25−28 м/с гача кучайиши мумкин. Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида кучли шамол кутилмайди.

21−22 декабрь кунлари республиканинг баъзи жойларида ёмғир ёғади, тоғ ва тоғ олди ҳудуларида кучли ёғингарчилик бўлади.

Ўзгидрометнинг қўшимча қилишича, 21 декабрда Туркманистон Республикаси чегара ҳудудларидан чангли бўронлар кириб келиши кутилаётганлиги туфайли Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида ва республиканинг чўл ҳудудларида чанг бўрони ва ғуборлар кузатилиши мумкин.

Ҳафталик об-ҳаво маълумоти

Ҳафта давомида Ўзбекистон бўйича об-ҳаво ўзгарувчан бўлиши кутилмоқда.

21 декабрда республика ҳудудининг катта қисмида об-ҳаво шароити сақланиб туради, фақат шимолий ҳудудларга кундуз куни ва жануби-ғарбий ҳудудларга кечга томон Кавказ ҳудудларидан антициклон кириб келиши бошланади. Ушбу ҳудудларнинг баъзи жойларида ёмғир ёғади. Ҳаво ҳарорати кечаси …0…+5 даража илиқ атрофида бўлади, кундуз куни +15…+18 даража илиққача кўтарилади, шимолда +7…+12 даража илиқдан юқори бўлмайди.

22 декабрда кириб келиш шарққа томон силжийди, ҳудуднинг катта қисмида кечаси ва эрталаб ёмғир ёғади. Тоғ олди ва тоғли ҳудудларда ёғингарчилик ёмғир ва қор кўринишида бўлади, баъзи жойларда кучли бўлиши мумкин. Шимолий ва шимоли-ғарбий ҳудудларда ёмғир тўхтайди. Ҳаво ҳарорати кечаси +4…+9 даража илиқ, кундузи +10…+15 даража илиқ бўлади.

21−22 декабрда совуқ ҳаво кириб келишида республика бўйича шамол 17−22 м/с гача кучайиши кутилмоқда, Бухоро, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё вилоятларида баъзи жойларда 25−28 м/с гача кучайиши мумкин.

23−24 декабрда ҳудудларнинг катта қисмида қуруқ ва нисбатан илиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат республиканинг шимолида об-ҳаво шароити яна ўзгаради. Ушбу ҳудудларга Волга бўйи ҳудудларидан антициклон кириб келади. Қорақалпоғистонда ва Хоразм вилоятида ёмғир ёғади, баъзи жойларда қорга айланади. Ҳаво ҳарорати кечалари 0…+5 даража илиқ, кундузи 23 декабрда — +8…+13 даража илиқ атрофида бўлади, 24 декабрда республика бўйича +5…+10 даража илиқни ташкил этади, шимолда эса 0…+5 даража илиқгача пасаяди.

Ҳафта давомида республика бўйича баъзи жойларга туман тушиши мумкин.