Ўзбекистон Адлия вазирлиги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ҳайдовчиларга автомобилни бошқариш вақтида телефондан фойдаланиш имконини берувчи ўзгартириш бўйича тушунтириш эълон қилди.

1 декабрдан кучга кирган ўзгаришларга кўра, ҳайдовчилар транспортни бошқаришда телефондан қулоқчинлар орқали ва қўлларини ишлатмасдан гаплашиш имконини берадиган ускуналар орқали фойдаланиши мумкин бўлди.

Адлия вазирлиги хабарида келтирилишича, ижтимоий тармоқлар орқали «энди машина бошқараётганда ҳам телефондан фойдаланиш мумкин» ёки «рулда бўлган ҳолда телефонда гаплашишга рухсат берилди» ва шунга ўхшаш хабарлар тарқалмоқда.

«Агарда ҳайдовчилар рулда бўлган вақтида телефондан bluetooth’СИЗ, қулоқчинСИЗ ва бошқа қўлни банд қилмайдиган гарнитураларСИЗ фойдаланса жавобгар бўлади. Шуни унутмаслик лозим.», — дейилади вазирлик хабарида.