2021 йилда COVID-19 га қарши кураш тадбирлари учун ажратиладиган маблағлар миқдори қайта кўриб чиқилди ва кўзда тутилган 3 трлн сўмдан 4,3 трлн сўмга етказилди. Бу ҳақда Молия вазирлиги Соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилаётган маблағларга бағишланган ҳисоботида маълум қилди. Шундан 1,4 трлн сўм миқдоридаги маблағлар вакцина сотиб олиш ва фуқароларни эмлаш ишларини ташкил этиш тадбирларига йўналтирилиши айтилган.

«Эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашиши ва коронавирус билан касалланган беморлар сонининг ортиши ушбу мақсадлар учун ажратилган маблағларни қайта кўриб чиқиш заруриятини юзага келтирди», — дея изоҳ берди Молия вазирлиги.

Қайд этилишича, мазкур қўшимча маблағлар республика бюджетидан ажратиб келинмоқда.

1 октябрь ҳолатига коронавирус инфекциясига қарши кураш харажатлари

Тиббиёт муассасаларининг талабномалари асосида ажратилган маблағлар жами
3,5 трлн
тиббиёт, санитария-эпидемиология ва бошқа ходимларни қўшимча рағбатлантириш тўловлари
1,1 трлн
28,4 млн доза вакцина сотиб олиш ва эмлаш пунктларини ташкил этиш
1,1 трлн
коронавирус даволаш шифохоналарини сақлаш ва бошқа жорий харажатлар
1,0 трлн
шундан:

иш ҳақи тўлови
40,4 млрд
озиқ-овқат харажатлари
70,9 млрд
дори-дармон, гигиена ва шахсий ҳимоя воситалари сотиб олиш
576,2 млрд
тест тизими ва лаборатория реагентлари сотиб олиш
113,1 млрд
коммунал хизматлар харажатлари
15,7 млрд
бошқа харажатлар
138,8 млрд
коронавирус инфекциясини даволашга ихтисослаштирилган шифохоналарни қуриш
0,3 трлн

Тақдим этилган маълумотларга кўра, 1 октябрь ҳолатига тиббиёт, санитария-эпидемиология ва бошқа ходимларни қўшимча рағбатлантиришга йўналтирилган харажатлар 1,1 трлн сўмни ташкил этган. 2020 йилда мазкур мақсадларда жами 2,5 трлн сўм маблағ ажратилган эди.

Шунингдек, 1 октябрь ҳолатига мамлакатда аҳолини COVID-19 га қарши эмлаш жараёнларини ташкил этиш мақсадида 1,1 трлн сўм маблағ ажратилган. Хусусан, апрель-октябрь ойларида жами 23,8 млн доза вакцина ишлатилган. Октябрь ойига қадар тўлиқ эмланганлар (барча дозасини олганлар) сони 5,7 млн дан ортиқ нафарни ташкил этмоқда.

Қайд этилишича, 270,6 млрд сўм маблағ Наманган ва Тошкент вилоятларида қуввати 1400 ўрин бўлган 2 та махсус шифохонани қуриш харажатлари учун ажратилган.

Коронавирусга қарши кураш бўйича харажатларнинг ошиши бошқа турдаги соғлиқни сақлаш харажатлари учун ажратиладиган маблағлар миқдорига таъсир кўрсатмаслиги айтилмоқда.

«Давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш соҳасига ажратиладиган маблағлар ҳажми ЯИМнинг 3,1 фоизини ташкил этади ва бу харажатлар асосан маҳаллий бюджетлар томонидан молиялаштирилади», — дейилади ҳисоботда.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев коронавирус пандемияси даврида аҳоли саломатлигини сақлаш учун 80 трлн маблағ сарфланганини маълум қилган эди.

Маълумот учун, 2020 йилда Ўзбекистонда коронавирус пандемиясига қарши курашиш бўйича тадбирларга 4 трлн сўмдан ортиқ маблағ сарфлангани ҳақида хабар берилган эди.