Ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ шахслар ўртасида юз берган жанжал видеоси тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ изоҳ берди.

Унга кўра, ушбу ҳолат 31 октябрь куни тахминан соат 22.00 ларда Боғишамол кўчасида бир нечта фуқаролар ўртасида жанжал юз берган. 30 ёшли Ж. И. ва унинг танишлари 30 ёшли М. Х., 39 ёшли Ж. А., 24 ёшли У. Р., 37 ёшли Х. А., 27 ёшли Х. С., 30 ёшли У. Д. ўзаро жанжаллашган.

Натижада гумонланувчилардан бири 30 ёшли Ж. И. қочмоқчи бўлган Chevrolet Equinox русумли автомобилга зарар етказган. Тармоқларда тарқалган видеоларда автомашина юрмоқчи бўлганида унинг балонига пичоқ тиқилганини кўриш мумкин.

Мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «б» ва «в» бандлари (Безорилик бир гуруҳ шахслар томонидан совуқ қурол ёки кишининг соғлиғи учун амалда шикаст етказиши мумкин бўлган нарсаларни (қурол сифатида) намойиш қилиб, уларни қўллаш билан қўрқитиб ёхуд қўллаб) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.