Ўзбекистон Миллий боғидаги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси яқинида жойлашган кўл янги иншоотлар қурилиши натижасида қуриб қолгани маълум бўлди. Иқтисодчи олим Ботир Қобилов собиқ сув ҳавзасининг сунъий йўлдошдан олинган суратларини эълон қилиб, бунга эътибор қаратди. «Газета.uz» кўл ўрнида Миллий академик драма театрининг янги биноси қурилиши режалаштирилганини аниқлади.

Собиқ «Комсомол кўли»нинг қуритилиши ва «махфий ҳужжат»

Миллий боғда 2017 йил сентябридан реконструкция ишлари олиб борилмоқда. 2020 йил май ойида боғ ҳудудида Адиблар хиёбони барпо этилди, бир йилдан сўнг эса бу ерда Magic City савдо мажмуалари жойлашган кўнгилочар боғ (аниқроғи, унинг биринчи қисми) ўз эшикларини очди. Унинг қурилиши учун «Комсомол кўли» номи билан машҳур бўлган кўл қуритилди.

Собиқ «Комсомол кўли» турли йилларда. Манба: Google Earth Pro.

Magic City боғида собиқ кўлнинг фақат кичик бир қисмигина қолган ва у ҳам бўлса фавворали ҳовуз. Президент матбуот хизмати лойиҳанинг иккинчи босқичи доирасида истироҳат боғида сунъий кўл, унинг атрофида эса мамлакатнинг тарихий шаҳарлари ва диққатга сазовор жойларига бағишланган тематик шаҳарча барпо этилиши ҳақида хабар қилди.

8 апрель куни кечқурун кутилмаганда боғ ҳудудида жойлашган «Наврўз» тантаналар саройини бузиш ишлари бошланди. Бундан сал аввалроқ у капитал реконструкция қилиниб, ушбу бинода давлат иштирокида корхоналарни соғломлаштириш ва давлат активларини хусусийлаштириш марказини очиш режалаштирилган эди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги фуқароларнинг саволларига жавоб берар экан, боғ ҳудудида Алишер Навоий номидаги ижод мактаби, Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейининг янги биноси, Миллий драма театрининг янги биноси, япон меъмори Тадао Андо лойиҳаси асосида Давлат санъат музейи кўргазмалар мажмуаси (дастлаб уни Санъат музейи ёнида қуриш режалаштирилган эди), шунингдек, «улкан кутубхона биноси» қурилиши давом этаётганини маълум қилди. Кейинроқ «Наврўз» ўрнида «Президент» кутубхонаси қурилишимаълум бўлди (бир неча ойдан кейин лойиҳа янгиланди).

Ўтган йил охирида президент Шавкат Мирзиёев парламентга йўллаган Мурожаатномасида Тошкент шаҳри марказида Миллий академик драма театри, Тадао Андо лойиҳаси бўйича санъат музейи, замонавий кутубхона ва Алишер Навоий номидаги халқаро ижод мактаби қурилишини маълум қилди.

Янги иншоотлар қуриш қарори жамоатчилик муҳокамасига қўйилмади. Вазирлар Маҳкамасининг лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги қарори «хизмат доирасида фойдаланиш учун» грифи остида чиққани объект бош пудратчиларидан бири ва «Газета.uz «манбаси томонидан тасдиқланди. Ҳужжат мазмуни оддий фуқаролар учун ноаниқлигича қолмоқда.

Янги театр биноси

Қонунчилик палатаси ёнидаги оролли кўл турли йилларда. 2020 йил май ойидаги расмда қурилиш контейнерларининг кўриниши кўрсатилган. Манба: Google Earth Pro.

4 ноябрь куни «Газета.uz» мухбири Шуҳрат Латипов қурилиш майдонига борди. Деворга осилган объект паспортида собиқ кўл ўрнида Миллий академик драма театрининг янги биноси қурилиши режалаштирилгани айтилган.

Қурилиш буюртмачиси — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Tashkent City халқаро бизнес маркази дирекцияси, бош пудратчи Enter Engineering PTE, бош лойиҳачиси — Oil and Gas Design. Қурилиш 2021 йил 1 апрелда бошланган ва 2023 йилда якунланиши режалаштирилган.

Лойиҳа тархида ёзилишича, бино қаршисига театр майдончаси қурилади. Шу билан бирга, Enter Engineering вакили лойиҳани қайта кўриб чиқиш режалаштирилаётганини маълум қилди.

Қурилиш майдонини суратга олишга уринган мухбир бош пудратчи вакилининг қаршилигига дуч келди. У объект ҳукуматнинг «махфий» қарори асосида қурилаётганини тасдиқлади (бу маълумотни нашр манбаси ҳам тасдиқлади).

«Газета.uz» лойиҳа тафсилотларини аниқлаштириш учун Enter Engineering мансабдор шахслари билан суҳбатлашишга уринди, бироқ бунинг имкони бўлмади. Нашрга хат билан мурожаат қилиш тавсия қилинди (хат шу куннинг ўзида юборилди).

Daryo.uz журналисти бир кун аввалроқ лойиҳа раҳбари Бахтиёр Исаев (Humo Arena муз саройи лойиҳасига ҳам раҳбарлик қилган) билан суҳбатлаша олди. Бахтиёр Исаев кўл ўрнида 3 гектар майдонда Миллий академик драма театрининг янги биносини қуриш режалаштирилгани, бироқ кейинроқ режа ўзгарганини маълум қилди.

«Ҳали қурилишнинг проекти йўқ, фақат концепция тузилган, раҳбарларимиз кўриб чиқмоқда. Опера театри қурилиши маълум, президентимиз келиб, опера театри қуриш ҳақида фикр билдирдилар. „Олдига албатта фаввора қилинглар, чунки бу ерда сув бўлган“, деб айтдилар», — деди қурилиш раҳбари Бахтиёр Исаев.

Унинг сўзларига кўра, бош пудратчи Маданият вазирлиги билан маслаҳатлашган ва Ўзбек миллий драма театрининг артистлар суҳбатлашган. «Уларнинг ҳамма таклифларини ёзиб олдик… Ернинг контури бор, шуни тайёрлаяпмиз. Ҳали пойдевор ётқизиш учун чуқур (котлован) қазиш қазиш ишлари бошлангани йўқ. Президентимиз келганларида „шошилманглар, чиройли қуринглар“, деб кетдилар», — дея таъкидлади у.

2012 йилда қурилиш пудратчиси сифатида иш бошлаган Enter Engineering (Сингапур) тўла ҳуқуқли EPC-пудратчисига (калит билан топширадиган) айланди, дейилади компания веб-сайтида. Саккиз йил ичида у 2,5 миллиард долларлик 30 дан ортиқ саноат ва фуқаролик қурилишини амалга оширди. Улар орасида — Газни қайта ишлаш заводини қуришни ўз ичига олган Қандим конини комплекс ўзлаштириш лойиҳалари, синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш бўйича GTL заводи, Humo Arena мажмуаси, Зангиота вилоятидаги юқумли касалликлар шифохонаси, Самарқанддаги туристик марказ ва бошқалар.

Бахтиёр Фазилов компания директорлар кенгаши раиси ҳисобланади. Enter Engineering компаниясидаги улушларнинг 51 фоизи унга тегишли бўлган Кипрда жойлашган Klintworth Investments компаниясига тегишли. 2019 йил кузида Energy Intelligence Россиянинг «Газпромбанки» Кипрдаги шўба корхонаси Gaudanio Holdings томонидан назорат қилинадиган компаниядаги улушини 49 фоиздан 19 фоизга камайтиргани ҳақида хабар берди. 30% Кипрнинг якуний бенефитсиари номаълум бўлган Laboreno Limited юридик шахси эгалигига ўтди.

Кўлда ресторан мажмуасини қуриш режалаштирилган эди

Собиқ кўлнинг бутун ҳудудини ўраб турган деворда яна бир объект паспортини кўриш мумкин.

Унда 2020 йил 1 февралдан бошлаб бу ерда кузатув минораси бўлган Light House ресторан мажмуаси қурилиши олиб борилиши кўрсатилган. Буюртмачи ва қурувчи сифатида Akadem Food, бош лойиҳаловчи сифатида эса Teca Generate компанияси кўрсатилган.

Қурилиш 2021 йил 25 январда якунланиши керак эди. Бироқ лойиҳада иштирок этувчи компания вакили дастлабки режалар бекор қилинишини эълон қилди. «Газета.uz» Akadem Food билан боғлана олмади.

Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри (КТЯДР) маълумотларига кўра, 2004 йил сентябрь ойида рўйхатдан ўтган Akadem Food (асосий фаолияти ресторан ва озиқ-овқат етказиб бериш хизматлари) асосчиси Нарзуллаев Далер Санатовичдир. Ушбу компания Pasado ресторанини ҳам бошқаради.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги «Газета.uz»га кўл жойлашган ҳудуд шаҳар ҳокимлиги юрисдикциясидан ташқарида эканини маълум қилди.

Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz».

Фото: centralasia-adventures.com.

Таҳририят лойиҳага оид ҳужжат ва лойиҳа тафсилотлари тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизматига сўров юборди.