Ҳукумат комиссиясининг баённомаси билан дунёга машҳур япон меъмори Тадао Андо томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон давлат санъат музейи биносини реконструкция қилиш лойиҳасининг дизайн концепцияси тасдиқланди, дея хабар қилди Маданият вазирлиги матбуот хизмати.

Якуний лойиҳа 2020 йил охирига қадар тақдим этилади. 2019−22 йилларда режалаштирилган Ўзбекистон давлат санъат музейини реконструкция қилиш лойиҳаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан амалга оширилмоқда.

Фото: Google.

Шаҳрисабз, Т. Шевченко ва Якка Чинор кўчалари кесишмасида жойлашган музейга туташ бўлган хиёбоннинг ҳудуди кенгайтириш ва модернизация қилиш учун Ўзбекистон давлат санъат музейига ўтказилди. Қўшимча майдон Тадао Андо концепциясини тўлиқ амалга оширишга имкон беради. Қўшимча ажратилган ҳудудда шиша ва бетондан ишланган ва Тадао Андо меъморчилиги учун хос бўлган умумий майдони 17 минг квадрат метрдан ортиқ бўлган янги кўргазма галереяси қурилади.

Шу билан бирга, мавжуд бинонинг томида яшил терраса барпо этилади — янги ва эски биноларни улаш учун хизмат қилувчи оралиқ жой. Музей биносини реконструкция қилиш музейнинг умумий майдонини 25 000 квадрат метргача етказади ва шу билан музейнинг кўргазма майдони кенгайтирилади ҳамда замонавий талабларга жавоб берадиган янги омбор пайдо бўлади.

Меъморлар И. Абдулов, А. Никифоров, С. Розенблюм томонидан лойиҳалаштирилган ҳозирги музей биноси 1974 йилда қурилган ва меъморий ёдгорлик ҳисобланади. Ушбу лойиҳанинг алоҳида аҳамияти шундан иборатки, Тадао Андо томонидан ишлаб чиқилган музей биносини реконструкция қилиш лойиҳаси архитектурадаги замонавий тенденцияларни объектнинг тарихий қиймати ва яхлитлиги билан бирлаштиради ҳамда бугунги куннинг ижтимоий архитектурасини акс эттиради.

«Мен ушбу музейнинг концепцияси айлана ва квадратни ўзида мужассам этган ҳамда бирлаштирган бўлишини истардим. Мен ўзида тарих ва анъана қадриятларини асосий элементларини мужассам этган замонавий музей яратмоқчиман», — деди Тадао Андо.

Тадао Андо дунёдаги энг таниқли меъморлардан биридир. 1995 йилда у архитектура соҳасидаги индивидуал ютуқлари учун «Притцкер мукофоти»га сазовор бўлди. Тадао Андонинг энг таниқли лойиҳалари — Париждаги Франсуа Пино Замонавий санъат жамғармасининг биноси, Венециядаги Punta della Dogana ва Palazzo Grassi музейлари бинолари, Миссури (АҚШ)даги Пулитцер Санъат маркази, Қуёш ибодатхонаси (Япония).