Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи базасида замонавий ва юқори технологияли маданият ва дам олиш боғи барпо этилади. Вазирлар Маҳкамаси 4 сентябрь куни шу ҳақдаги қарорни қабул қилди.

60 млн АҚШ доллари миқдоридаги лойиҳа Stargate Systems МЧЖ инвестиция киритади. Golden Pages бизнес-маълумотномасида компания сайти сифатида AKFA компанияси гуруҳининг akfa.uz сайти киритилган.

Қарорда қайд этилишича, умумий майдони 20,79 га бўлган боғ аҳоли, энг аввало ёшлар талабини қондириши, жаҳон стандартлари даражасида юқори технологияли бўлиши лозим.

Лойиҳа концепциясига мувофиқ, тўлиқ реконструкция ва модернизация қилинган йил давомида куни 10 минг нафаргача ташриф буюрувчига хизмат кўрсатиши лозим.

1 октябрга қадар боғ бино ва иншоотлари, аттракционлари, болалар темир йўли демонтаж қилиниши, 1 ноябргача боғ ҳудуди инвесторга узоқ муддат ижарага топширилиши учун тўлиқ шай ҳолатга келтирилиши лозим. Ижара муддати 49 йилни ташкил этиб, лойиҳа 2021 йил 1 январга қадар фойдаланишга топширилиши даркор.

«Газета.uz"га маълум бўлишича, боғ душанбадан ёпилади. Дам олиш кунлари ташриф буюрувчилар боғда ўз вақтларини ўтказишлари ва мавжуд аттракционлардан фойдаланишлари мумкин.

Янги боғда дунё архитектураси дурдоналари намуналари, амфитеатр ва картографик фаввора, велосипед йўлакчаси бўлган оилавий ҳудуд, аттракционлар ва оилавий ҳордиқ чиқариш учун бошқа объектлар, йирик савдо-кўнгилочар марказ, қаср-сарой кўринишидаги тантанали маросимлар учун жой, болалар кафеси ва кўнгилочар майдонча барпо этилади.

Боғда иккита «Америка тепалиги» аттракциони, иккита болалар автодроми, интерактив поезд лабиринт, томоша чархпалаги, сёрфинг учиш имкониятини берувчи денгиз тўлқинларини ҳосил қиладиган сув қурилмаси, шунингдек, тўртта ўргатилган дельфин иштирокида шоу-дастур намойиш этилувчи дельфинарий бўлади.

Хориждан келтирилувчи қурилиш материаллари, ускуналар, техникалар, аттракционлар, аудио ва видеоқурилмалар, дельфинлар, қушлар, балиқлар ва ўсимликлар божхона тўловларидан озод қилинади (божхона расмийлаштириш йиғимларидан ташқари).