18 сентябрь куни Самарқанддаги эшкак эшиш канали ҳудудида туристик марказ қурилиши бошланди, дея хабар қилди ЎзА. Тадбирда Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов ҳамда Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этди.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 26 июль куни Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида чет эллик ва маҳаллий сайёҳлар учун туристик марказ ҳамда дам олиш масканини қуриш ҳақида топшириқ берган эди.

Лойиҳа қурилишига масъул Тимур Цойнинг маълум қилишича, туристик марказ икки ҳудуддан иборат бўлиб, эшкак эшиш каналининг шимолий ҳудудида замонавий анжуманлар саройи, иккита беш юлдузли, иккита тўрт юлдузли меҳмонхона ва бошқа иншоотлар қурилади. Мазкур ҳудуд — марказнинг бизнес ҳудуди ҳисобланади.

Жанубий ҳудуд эса ички туризм учун мўлжалланиб, бу ерда олтита меҳмонхона, аква парк, спорт иншоотлари, ресторан ва кафелар, миллий маҳсулотлар билан савдо қилувчи нуқталар бунёд этилади. Шунингдек, мазкур ҳудудда дендра парк ташкил этилади ва бу ерда маҳаллий аҳоли оилавий келиб ҳордиқ чиқариши учун имконият яратилади. Ҳудудда бир вақтнинг ўзида уч минг киши дам олиши мумкин бўлади.

Сайёҳлик маркази ҳудудидаги йўллар асосан электромобиллар қатновига мўлжалланади. Шунингдек, велойўлак, пиёда сайр қилиш учун йўлаклар бўлади.

Янги марказ қурилиши давомида эшкак эшиш каналининг табиий шарт-шароит ва имкониятлари сақлаб қолинган ҳолда, бу ерда йирик халқаро мусобақалар ўтказиш учун янада қулай, замон талабларига мос шароит яратилади.

Бугун бошланган қурилиш ишларини 2021 йил охирига қадар якунлаш режалаштирилган.