11 октябр куни Ўзбекистон ҳудудлари бўйлаб 287 минг 400 доза COVID-19га қарши вакцина қўлланилди. Улардан:

  • 1-босқич эмланганлар 106 630 нафарни,
  • 2-босқич эмланганлар 84 420 нафарни,
  • 3-босқич эмланганлар 96 350 нафарни ташкил қилди.

Айни кунгача мамлакатда жами 22 млн 721 минг 129 доза вакцинадан фойдаланилди. Улардан:

  • 1-босқич эмланганлар 12 млн 328 минг 430 нафарни,
  • 2-босқичда эмланганлар 7 млн 176 минг 562 нафарни,
  • 3-босқич эмланганлар 3 млн 216 минг 137 нафарни ташкил қилди.

Шу кунгача тўлиқ эмланган фуқаролар 5 млн 226 минг 139 нафарни ёки Ўзбекистон аҳолисининг 14,88 фоизини ташкил қилмоқда (Давлат статистика қўмита маълумотларига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг сони 35 млн 107 минг 571 нафар). Бу кўрсаткич эмлаш режалаштирилган 21 млн 455 минг 214 кишининг 24,35 фоизини ташкил этади.

Жами эмлашлар бўйича юқори кўрсаткичи Фарғона (2 млн 441 минг 097 доза), Андижонда (2 млн 390 минг 858 доза), Наманганда 2 млн 373 минг 097 дозани ташкил қилмоқда.

24 сентябрь куни Ўзбекистонга ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг яна 2 млн 499 минг 668 дозаси олиб келинган эди. Жами вакцина захираси 26 млн 754 минг 208 дозани ташкил қилмоқда.

Туркия Ўзбекистонга 200 минг дозада Sinovac вакцинасини, шунингдек, 20 минг қути «Фавипиравир» дори-дармонларини етказиб бериши ҳақида хабар берилган эди.

Маълумот учун, 10 октябрга қадар Исроилда 60,95%, АҚШда 56,14%, Туркияда 54,09%, Буюк Британияда 66,09%, Россияда 30,84%, Қозоғистонда 36,14% аҳоли коронавирусга қарши тўлиқ эмланган.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Ботиржон Қурбонов 2021 йилнинг июнгача мамлакат аҳолисининг 60 фоизигачасини эмлаш режалаштираётганини маълум қилган эди.

Аввалроқ, 1 ноябргача Ўзбекистон аҳолисининг 70 фоизини коронавирусга қарши эмлаш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилган эди.