Ўзбекистон ва Туркия ҳукуматлари соғлиқни сақлаш соҳасида грант ёрдами тўғрисидаги битимни имзолади. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Битимга кўра, Туркия Ўзбекистонга 200 минг дозада COVID-19 вакцинасини, шунингдек, 20 минг қути «Фавипиравир» дори-дармонларини юборади. Ушбу вакцина Sinovac бўлиши кутилмоқда, деб «Газета.uz»га ССВ матбуот котиби Фурқат Санаев маълум қилди. Унинг қўшимча қилишича, препаратлар яқин кунларда етказиб берилади.

Ўзбекистон номидан битимни мамлакатнинг Туркиядаги элчиси Алишер Агзамхўжаев, Туркия номидан — соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Халил Элдемир имзолади.

Вакциналар ва дориларнинг бу партияси дўстлик ва хайрихоҳлик белгиси сифатида Туркия томонидан Ўзбекистонга юборилади.

Туркиядан Ўзбекистонга айнан қайси турдаги вакцина юборилиши ҳақида маълумот берилмаган.

24 сентябрь куни Ўзбекистонга ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг яна 2 млн 499 минг 668 дозаси олиб келинган эди. Жами вакцина захираси 26 млн 754 минг 208 дозани ташкил қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 1 ноябргача Ўзбекистон аҳолисининг 70 фоизини коронавирусга қарши эмлаш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилган эди.

9 октябрь ҳолатига Ўзбекистонда жами 22 млн 433 минг 729 доза вакцинадан фойдаланилган. Шу кунгача тўлиқ эмланган фуқаролар 5 млн 107 минг 476 нафарни ташкил қилмоқда.