2021 йилнинг июнига қадар Ўзбекистонда аҳолининг 60 фоизини коронавирусдан эмлашни режалаштирлган. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги биринчи ўринбосари Ботиржон Қурбонов «COVID-19 коронавирус инфекцияси бўйича янги илмий маълумотлар» виртуал симпозиуми пайтида маълум қилди.

Агентлик раҳбари ўринбосарининг маълумотларига кўра, ҳозирги кунда Ўзбекистонда вакцинациялаш ишларини ташкил этиш бўйича бир қанча тадбирлар амалга ошмоқда. «Ҳозир биз дунёда ким биринчи бўлиб рўйхатга олишини, иккинчи навбатда эса ким ўз вакцинасини сотишини кутмоқдамиз», — дея қўшимча қилди Ботиржон Қурбонов.

Агентлик раҳбари ўринбосарининг сўзларига кўра, ҳозирда Ўзбекистон вакцинани сотиб олиш бўйича хусусий секторлар билан музокарадар олиб бормоқда. «Вакцинани олишимиз билан одамларни эмлаймиз», — дея аниқлик киритди Ботиржон Қурбонов.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг COVAX (коронавирусга қарши вакциналаш) халқаро механизмига қўшилган эди. Бундан ташқари, инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдурахмонов хабарига кўра Ўзбекистонда Хитой, Россия, Европа ва АҚШ вакциналарини синовлари ўтказилиши режалаштирилган.