Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 12 октябрдаги мажлисида «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Қуйи палата матбуот хизматининг «Газета.uz»га хабар беришича, қонун лойиҳасини маромига етказишда истеъмолчилар ҳуқуқларини кафолатлаш, сотувчи (ишлаб чиқарувчи, иш ва хизмат кўрсатувчи) масъулиятини янада оширишга қаратилган нормалар билан бойитилган.

Таъкидланишича, ҳужжат билан товар ва хизматлар тўғрисидаги маълумотлар давлат тилида тақдим этилиши шартлиги белгилаб қўйилмоқда.

«Шунингдек, қонун лойиҳасида ишлаб чиқарувчи ҳақида, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидалари, товар тўғрисидаги ахборотни истеъмолчиларга давлат тилида тўлиқ етказиш, товарни экспертизадан ўтказиш ҳолатлари ўз аксини топмоқда», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, лойиҳада ваколатли давлат органи ва нодавлат жамоат бирлашмаларининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколат ва ҳуқуқлари ҳам мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Лойиҳа товарларни (ишларни, хизматларни) масофадан туриб, ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда реализация қилиш чоғида истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймаслик ва уларнинг олдини олишга қаратилган нормалар билан ҳам тўлдирилди.

Депутат Расул Кушербаевнинг ёзишича, «бу турмушимизда давлат тили аҳамиятини янада оширишга қаратилган қадам бўлади».

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилди.