Токиода бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида дзюдочи Давлат Бобонов -90 кг вазн тоифасида курашиб, Ўзбекистон учун бронза медалини ютган эди. Спортчининг устози, дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мураббийи Ўктам Раҳмонов «Газета.uz»га берган интервьюсида мураббийларнинг спортчилар ҳаётидаги ўрни, нега эрта ёшда мураббий бўлганлиги, шогирдларида кўрмоқчи бўлган инсоний ҳислатлар ва Олимпиада мусобақасининг аҳамияти ҳақида гапирди.

Фото: Ўктам Раҳмоновнинг шахсий архивидан (ўртада — Ўктам Раҳмонов).

— Қандай қилиб мураббий бўлгансиз ва нега мураббий бўлишни хоҳлагансиз?

— Мен ёшлигимда Самарқанддаги Олимпия захиралари спорт коллежида ўқиганман. Ёшлар ўртасида дзюдо бўйича Ўзбекистон чемпиони бўлганман, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон каби давлатларда ўтган халқаро турнирларда ютганман, совриндор бўлганман. Мураббий бўлишимга оилавий шароит ҳам сабаб бўлган. Отам вафот этди, ўзимда жароҳатлар бўлди, шундан кейин ёшроқ вақтимда мураббий бўлишга мажбур бўлганман.

— Мураббий бўлмаганингизда, нима билан шуғулланардингиз?

— Мураббий бўлмаганимда, менимча, оилавий шароитдан келиб чиқиб тадбиркор бўлардим.

— Кўплар мураббийни оила аъзоси ёки ота-оналарга тенглаштиради, ростдан ҳам шундайми?

— Бир шогирдни ёшликдан қабул қилиб олгандан кейин, уни Олимпия ўйинларига олиб чиққунча жуда катта машаққати бўлади. Ютқазган вақтда сиқилади, ҳар бир нарсага шогирдга йўл топиб бериб, қийинчилик пайтида тўғри йўл кўрсатиб, ҳар томонлама устоз-шогирд алоқаларини тўғри йўлга қўйса ўзининг ота-онаси, оиласи даражасида бўлмаса ҳам, энг яқин инсони бўлиб қолади, менимча. Шунинг учун кўплар мураббийни оила аъзоси ёки ота-оналарига тенглаштиради, деб ўйласа керак.

— Сизнинг шогирдларингиз қандай қоидаларга риоя қилиши керак? Ушбу қоидалар қанчалик қатъий?

— Спортчининг ўз қонун-қоидаси бор. Буни ҳамма мураббийлар ўз шогирдларига уқтиради.

Биринчи навбатда, кундалик режим. Эрталаб нечида туриши, машғулотлари, вақтида дам олиши ва овқатланишига эътибор қаратиш керак. Спортчининг кундалик режими бор, шунга риоя қилиши керак. Ҳақиқатанам Олимпиада ўйинлари ёки Жаҳон чемпионатини ютмоқчи бўлган спортчи жуда кўп нарсалардан воз кечиши керак. Мен ҳам шогирдларимга қатъий олдига қўяман.

Кўчада ҳар хил болаларга қўшилмаслик, у-бу жойга боришлар — бу спортчига умуман кераксиз нарсалар. Ҳамма мураббийлар қатори мен ҳам шогирдларимга асосий мақсад — Жаҳон чемпионати, Олимпия ўйинлари — йўлида бошқа йўлакчаларга бурилмасликни айтаман. Мақсад битта ва шу мақсад сари олға қадам қўйиш керак, бошқа нарсаларга эътибор бермаслик керак.

Фото: Ўктам Раҳмоновнинг шахсий архивидан (чапдан учинчи — Ўктам Раҳмонов).

— Ғалаба қозониш учун спортчи қандай хусусиятларга эга бўлиши керак?

— Ғалаба қозониш учун спортчи биринчи навбатда ҳам жисмонан, ҳам руҳан ўзининг танасини тайёрлай олиши керак. Хусусиятларга келадиган бўлсак, ҳақиқий ўз она юртини, Ватанини, ота-онасини, президетини, халқини халқаро майдонда ҳимоя қилаётганини ҳис қилиб туриши керак. Албатта, шу нарсаларни ҳис қилган одам, «мен ютишим керак, мақсад битта», дейдиган спортчи, ўзининг қилган машғулотини, режимини қатъий қилиб, мусобақага борган спортчи, менимча, ютқазмайди.

— Спортчида чемпионни дарҳол пайқаш мумкинми ёки бу вақт давомида билинадими? Бу туғма иқтидорми (талант) ёки уни ривожлантирса бўладими?

— Спортчи биринчи залга келган вақтдаёқ унинг иқтидорини пайқаса бўлади. «Бўладиган бола бошидан маълум», деган мақол бор халқимизди. Унда характер бўлса, қийинчиликларга бардош берадиган бўлса, иқтидори бўлмаган тақдирда ҳам ўз устида ишлаб, ҳақиқий меҳнат эвазига ҳам кучли спортчи чиқарса бўлади. Бунда фақат спорт характерига эга бўлиши керак. Ҳар бир инсонда ҳар хил бўлади: кимдадир кучлироқ, кимдадир эса заифроқ бўлади. Иқтидори бўлиб характери бўлмаса ёки меҳнатсевар бўлиб туриб, унда характер бўлмаса ҳам кучли спортчи бўлмайди.

Менинг фикримча, чемпионни дарҳол пайқаш мумкин, лекин ҳақиқий Олимпиадага бориб, медаль олиб, чемпион бўлиш учун ёшлигидан ҳам иқтидорли бўлиши керак, ҳам туғма иқтидор ва асосий керакли бўлган нарса, бу — характер бўлиши керак, деб ўйлайман.

— Қисқача, икки сўз билан айтганда, шогирдларингиз сизни қандай сўзлар билан таърифлашган бўларди.

— Шогирдларим «устозимиз яхши инсон», деб айтишларини хоҳлайман. Шундай эслашса менга кифоя бўлади.

Фото: Ўктам Раҳмоновнинг шахсий архивидан (чапдан иккинчи — Ўктам Раҳмонов).

— Мураббий сифатида ўз шогирдингизга ўзининг энг яхши иқтидорлари ва қобилиятларини очишга қандай ёрдам бердингиз?

— Ўз шогирдингиз билан ўн йиллаб ишлаб, халқаро мусобақалар, Олимпия ўйинларигача бўлган мусобақаларда иштирок этганингиздан кейин, унинг қандай характерга эга, унинг қандай иқтидори, имкониятлари борлигини биласиз. Шундан келиб чиқиб ҳар бир шогирдларимизни мусобақага чиқишидан олдин руҳан тайёрлаймиз, рақибни ўрганамиз. Мусобақа куни қобилияти, иқтидорини очишга, руҳлантиришга ҳаракат қиламиз.

Олимпиада мусобақасидан олдин шогирларимга «сен 12 йиллаб кутдинг, 15 йиллаб меҳнат қилдинг, бугун шу нарсаларни очиб берадиган, ҳамма қирраларингни очиб, ўз имкониятингдан ҳам кўпроқ нарсаларни кўрсатадиган кунинг. Балки бу сенинг охирги олимпиаданг бўлиши мумкин. Кейинги олимпиада бундан 4 йил ўтиб бўлади. Шу вақт ичида ҳар нарса бўлиб кетиши мумкин», деб айтдим.

— Олимпиададан олдин шогирдингизга қандай мотивация бердингиз? Уларни ҳал қилувчи жангдан олдин қандай йўналтирдингиз?

— Олимпиада — спортнинг энг чўққиси ҳисобланади. Ҳар 4 йилликнинг энг нуфузли мусобақаси.

Ҳар бир татамига чиқишдан олдин биринчи навбатда шогирдларга «халқимиз қараб турибди. Ота-онанг, президент, ҳамманинг эътибори бизда турибди. Бу жойда ўзингни кўрсатмасанг, қачон кўрсатасан яна? Бугун сен курашишинг керак, медаль олиб, бутун Ўзбекистонни хурсанд қилишинг керак», деб кайфиятини, руҳиятини кўтариш учун шундай сўзларни айтганмиз. Спортчи татамига чиқиб кетгунга қадар «бўлди, мен ютаман», деган фикрни нигоҳидан сезгунча шундай гапларни гапириб турдик. Шу нарсалар ҳам фойда берди, деб ўйлайман. Кимларгадир омад етишмади. Кимлар учундир қуръа натижалари яхши бўлмади. Умумий олганда олимпиадада ҳамма спортчилар, ўғил болалар биринча марта ушбу мусобақада қатнашиши эди. Уларда олимпиада тажрибаси етишмаслиги ҳисобига ҳам медалсиз қолди, деб ўйлайман.

— Шогирдингиз Олимпиада медалини қўлга киритганда, нималарни ҳис қилдингиз?

— Биринчи навбатда, бутун халқ бизни қўллаб-қувватлаб, уларнинг ҳаяжони, хурсандчилигини, қолаверса, шогирдим қучоқлаган вақтда кўп нарсани ҳис қилдим. Ҳаммасини тушунтириб беролмайман. Лекин ичимдан ўтган нарсаларни ўзим биламан. Бутун халқни қўллаб турганини ҳис қилдим.

Фото: Ўктам Раҳмоновнинг шахсий архивидан.

— Ғалаба — жуда эҳтиросли он, уни қандай бошдан кечириш ҳақида маслаҳатлар борми? Мағлубиятничи?

— Биз шогирдларимизга ҳамма вақт тушунтирамиз, ғалаба билан мағлубият ёнма-ён юради, деб. «Ғалаба қозонганда ҳам ўзингни йўқотма, ножўя ҳаракатларни қилмагин. Мағлубиятга учраганда ҳам тушкунликка тушмагин, ҳали олдинда имкониятлар бўлади», деймиз. Яна мусобақалар бўлади. Ғалабани қандай босиқлик билан қабул қилса, Худо ундан кейинги ғалабаларини ҳам беради. Мағлубият қанчалик аламси бўлса ҳам одам ўзини босиб олиб, қабул қилиши керак.

— Эндиги режаларингиз қандай? Париж-2024га тайёргарлик кўриладими?

— Мен мураббий сифатида Олимпия ўйинларида биринчи марта иштирок этдим. Спортчиларни қандай тайёрлаш кераклиги бўйича жуда кўп тажриба олдим… Менимча, фақат спортчилар эмас, мураббийлар ҳам Олимпиадада фақат иштирок этишни эмас, олтин медаль олиш, энг камида қандайдир медаль олишни мақсад қилиши ва шу мақсад бўйича ишлаши керак. Бундан кейин Париж-2024 га шогирдларни тайёрлайдиган бўлсак, фақат олтин медалга ҳаракат қиламиз.

— Қандай шогирдингиз бўлишини хоҳлардингиз?

— Мен ҳар томонлама илмли, ақлли, ота-онасини ҳурмат қиладиган, эл-юртини, ўз халқини севадиган, тўғри сўз шогирдим бўлишини хоҳлардим. Спортда кучли бўлиши мумкин, чемпион бўлиши мумкин, лекин у илм, ақлий тарафлама етук бўлмаса унда заиф бўлади. Шунақа шогирдим бўлишини хоҳлардим. Ҳам илмли, ақлли, ҳам юксак натижаларга эришган шогирдим бўлишини хоҳлардим.

Олдинроқ «Газета.uz» таэквондочи Улуғбек Рашитовнинг мураббийи Павел Хан, боксчи Баҳодир Жалоловнинг мураббийи Раҳматжон Рўзиохунов, оғир атлетикачи Акбар Жўраевнинг мураббийи Баҳром Мендибаев ҳамда эркин курашчи Бекзод Абдураҳмоновнинг устози Олим Ҳикматовлар билан интервьюларни эълон қилган эди.