Токиода бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида ўзбекистонлик оғир атлетикачи Акбар Жўраев 109 кг вазн тоифасида 1-ўринни эгаллаб, олтин медаль соҳиби бўлган эди. У силтаб кўтариш ва умумий кўрсаткич бўйича Олимпиада рекордини ўрнатди. Спортчининг мураббийи Баҳром Мендибаев унга қандай мотивация берганлиги, мураббийнинг олий мақсади ва кейинги режалари ҳақида гапирди.


— Қандай қилиб мураббий бўлгансиз ва нега мураббий бўлишни хоҳлагансиз?

— Ўзим ҳам оғир атлетикачи бўлганман, халқаро тоифадаги спорт устасиман. Бир неча бор Ўзбекистон чемпиони, Осиё чемпионатлари совриндори бўлганман. 2012 йилги Лондон олимпиадасида ҳам спортчи сифатида иштирок этганман. 2012 йилнинг охири — 2013 йилнинг бошида тиззадан жароҳат олгач, мураббийлик соҳасига ўтишга қарор қилганман. Маълум вақт терма жамоанинг мураббийларидан бири болгариялик Йордан Ивановнинг ёрдамчиси сифатида фаолият юритганман. Кейинроқ терма жамоада мураббийлик фаолиятида иш бошлаганман.

— Мураббий бўлмаганингизда, нима билан шуғулланардингиз?

— Бу ҳақида ўйлаб кўрмаганман. Билмадим, мактабда ўқитувчи бўлармидим ёки бирор орган ходимими… Лекин спортни танлаганимдан ҳеч қачон афсусланмайман.

— Спортчилар мураббийлари билан кўп вақт ўтказишади. Мураббийни оиланинг бир аъзоси дейишади. Ростдан ҳам шундайми?

— Албатта! Чунки биз спортчилар билан 24 соат давомида бирга бўлишимиз мумкин, айниқса, ўқув-йиғин машғулотларида. Улар ота-онасидан ҳам кўра биз билан кўпроқ вақт ўтказишади. Спортчилар уйларига боришса фақат 1−2 кунга боришади. Биз уларга ҳам мураббий, ҳам ўқитувчи, ҳам тарбиячи сифатида ёрдам берамиз. Бир оила бўлиб қолганмиз, ҳаммамиз бир-биримизни яхши тушунамиз.


— Ўз шогирдларингизга қандай қадриятларни сингдиришга ҳаракат қиласиз? Буни қандай амалга оширасиз?

— Спортчиларга энг аввало нима бўлган тақдирда ҳам инсонийлик қадриятларини йўқотмасликни уқтирамиз. Спортчи қаерда бўлмасин, ҳар қандай шароитда ҳам ўзлигини йўқотмасликни уқтириб келамиз. Биз бу ерда бутун жамоа бўлиб ишлаймиз. Ётоқхонадаги, ошхонадаги ва тиббиёт ходимлари, хуллас федерация раҳбариятидан тортиб барча-барчаси спортчилар учун бир жамоа бўлиб ишлаймиз. Шу орқали юқори натижаларга эришамиз, деб ўйлайман.

— Сизнинг шогирдларингиз қандай қоидаларга риоя қилиши керак? Ушбу қоидалар қанчалик қатъий?

— Биринчи навбатда, спортчи бўлиш учун тартиб-интизомга бўйсуниш керак. Шундай қилса, албатта, натижага эришилади. Агар спортчи режимни бузадиган бўлса, улар билан ишлашни тўхтатамиз. Лекин қоидаларимиз жуда ҳам қатъий ҳам деб бўлмайди.

Ҳар бир спортчи машғулотда кўп куч йўқотади ва бунинг ўрнини тўлдириш керак бўлади. Овқатлардан ташқари витаминлар ҳам берилади. Эрталаб бадантарбияга келган вақтда ҳар бир спортчининг вазнини кўрамиз ва уни кунлик ёзиб борамиз. Эрталабки биринчи машғулот, тушлик вақти дам олиши, кейин иккинчи машғулот — барчасини ёзиб борамиз. Бизнинг жамоада тартиб-қоидани бузадиган спортчи йўқ. Масалан, Олимпиада чемпиони Руслан Нуритдинов жамоада ёши энг каттаси бўлса-да, у ҳам тартибга бўйсуниб, машғулотлар олиб боради.


Овқатланишга катта эътибор қаратилади. Диетологларимиз ҳар бир вазндаги спортчига қанчадан килокаллория керак бўлишини ҳисоблашади. Баъзи спортчилар вазн олиши керак, баъзилари эса вазн ташлаши керак. Эрталаб асосан тухум, қази, икра, қисқаси, куч берадиган маҳсулотларга кўпроқ эътибор берилади.

— Ғалаба қозониш учун спортчи қандай хусусиятларга эга бўлиши керак?

— Ғалаба қозониш учун энг аввало Аллоҳдан берилган истеъдод бўлиши керак. Истеъдод бўлса ҳам унинг устида кўпроқ ишлаш, меҳнат қилиш керак. Меҳнатсиз ҳеч қандай натижага эришиб бўлмайди. Машғулот жараёнида энг кўп меҳнат қилган спортчи мусобақада, албатта, ютади.

— Спортчида чемпионни дарҳол пайқаш мумкинми ёки бу вақт давомида билинадими? Чемпион бўлиш учун юксак истеъдод соҳиби бўлиш керакми ёки спортчи меҳнаткаш бўлиши муҳимроқми?

— Оғир атлетика спорт турида спортчиларни ёшлигида танлаётганда уларнинг оёқ, бел ва мушакларига эътибор берамиз. Баъзи спортчилар ёшликдан табиий бақувват бўлади. Айнан шундайлардан яхши оғир атлетикачи чиқади. Ўртача спортчилар ҳам бўлади, нимжонроқлари. Лекин улар натижа бериши учун кўпроқ меҳнат талаб қилинади. Истеъдодли спортчига тўғри йўналиш кўрсатилса, тезроқ натижага эришса бўлади.

— Шогирдларингиз сизни қандай мураббий деб таърифлашади?

— Мени «қаттиққўл мураббий» дейишлари мумкин. Буни спортчилардан сўраш керак (кулади).

— Мураббий сифатида шогирдингизга ўзининг энг яхши иқтидорлари ва қобилиятларини очишга қандай ёрдам берасиз?

— 2016 йилда Акбарни биринчи мураббийи Фарҳод Мирзажонов бизнинг олдимизга олиб келган эди. У вақтда Акбар терма жамоа аъзоси ҳам эмас эди. Биз эса уни терма жамоадаги спортчилар ёнига қўшиб қўйдик. Ўсмирлар, ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатларига чиқди. 2018 йилда биз уни катталар терма жамоасига қабул қилиб олдик. Катталар жамоасида ҳам ўзини яхши кўрсатди. Токио олимпиадасига бўлган йўлда неча йил меҳнат қилган бўлса ҳам бирорта машғулотни қолдирмасдан, берилган топшириқларни ҳаммасини бажарди. Акбар ўзининг меҳнати эвазига шундай натижага эришди, деб айта оламан.


2019 йилги Жаҳон чемпионатида Акбар силтаб кўтаришда 2-ўринни қўлга киритди. Акбар гуруҳидаги спортчилар орасида энг ёши эди. Ўша мусобақадан бошлаб биз Акбарга иш режаси тузиб, уни Олимпиадага тайёрладик.

— Ҳал қилувчи кўтаришдан олдин Акбарга қандай мотивация бердингиз?

— Мен унга «шунча вақт тайёргарлик кўрдик, мана шу сенинг ҳал қиладиган „подходинг“. Сен буни машғулотларда кўтара олгансан, бу сафар ҳам шу ишни қил», деганимдан кейин Акбар бу ишни уддалади.

Профессор Абдуллажон Бегматов, терма жамоа психологи:


— Спортчилар орасида Акбар билан энг кам ишладик. Чунки унинг психикаси барқарор. Бошқа спортчилар эрталаб яхши кайфиятда бўлса, пешинга бориб кайфияти ўзгариб қолади. Унда доим барқарор. Сал нарсага кайфиятини бузиш ёки кўтариш ҳам қийин.

— Акбар якунда ғалаба қозонганида нималарни ҳис қилдингиз?

— Олимпиададан аввал Тошкентда Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Ўша мусобақада Акбар 2-ўринни олди. У кўтараётган килограммлардан биз унинг Олимия ўйинларида кучли учликка киришини билардик.

Акбар Жўраев. Фото: МОҚ.

Мураббий учун энг олий мақсад — шогирди Олимпиадада медаль олиши. Бир сўз билан айтганда, «уддаладик!», деганман. Ўша вақтда ҳаяжонда эдим.

— Ғалаба ва мағлубият — жуда эҳтиросли онлар. Эҳтиросларни қандай жиловлаш мумкин?

— Ғалаба-ку ўз йўлига, лекин ундан кейин спортчи юлдузлик касалига чалинмаса бўлди. Спортчини ғалабагача олиб келиш яхши, лекин ундан кейин спортчини ушлаб қолиш қийинроқ. Мураббийлар ўша вақтда унга тўғри йўл кўрсатса, спортчи кейинги босқичда ҳам ўз сўзини айта олади.

— Эндиликдаги режаларингиз қандай?

— Олдимизда мусобақалар бор. Кузда катта ёшли спортчилар ўртасида Жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Ҳозир жамоамиз ўша мусобақага тайёргарлик кўряпти. Унда Олимпиадада иштирок этмаган спортчилар ҳам иштирок этишади. Келаси йили эса Осиё ўйинлари бўлиб ўтади. Ушбу мусобақада ҳам яхши натижалар қайд этишга ҳаракат қиламиз.

Акбар билан Олимпиада вақтида ҳам гаплашдик. Унга «Акбар, олдинга қўйилган вазифани бажардинг, эндиги навбат 2024 йилдаги Париж олимпиадасида ҳам олтин медални қўлга киритиш керак ва икки карра Олимпия ўйинлари чемпиони бўлиш керак», дедик.

Олдинроқ «Газета.uz» таэквондочи Улуғбек Рашитов ҳамда боксчи Баҳодир Жалоловнинг мураббийлари Павел Хан ва Раҳматжон Рўзиохунов билан интервьюларни эълон қилган эди.