30 сентябрь куни Ўзбекистон молия вазири Тимур Ишметов Тошкент иқтисодий форумида давлат банклари бўлишининг ижобий ва салбий томонлари ҳақида гапирди, деб хабар берди «Газета.uz» мухбири.

Молия вазири давлат банклари бўлишининг ижобий ва салбий жиҳатлари мавжудлигини, лекин у ҳар доим тўлиқ хусусий банк тизимига ўтишни ва бу соҳада давлатнинг минимал иштирокини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

«Ривожланишимизнинг маълум бир босқичида давлат банклари керак бўлиши мумкин. Хусусан, бозорнинг самарасизлиги, бозор механизмидаги айрим носозликлар — буни ҳукумат давлат банклари ёрдамида ҳал қилиши керак. Банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси ҳақида гапирганда, биз очиқмиз. Ҳа, биз банк секторида хусусийлаштиришни амалга оширишни режалаштирмоқдамиз, лекин бир муддат баъзи банклар ҳукумат қўлида бўлиши керак», — деди у.

Молия вазирлиги раҳбари маълум соҳаларда, хусусий банклар ҳал қила олмайдиган муаммоларни санаб ўтди, чунки улар таваккал қилишни хоҳламайдилар.

«Ривожланаётган иқтисодиёти бўлган мамлакатларда ёшлар, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун кўплаб кредит дастурлари мавжуд. Соф тижорий нуқтаи назаридан, бу қўллаб-қувватлов ҳар доим хусусий банклар орқали яхшироқ амалга оширилади, лекин ривожланишнинг баъзи даражаларида бу дастурларни бошлаш учун ҳукуматнинг маъмурий кучидан фойдаланиш керак бўлади. Кўриниб турибдики, биз фақат давлат банкларидан фойдаланишимиз мумкин», — деди у.

Тимур Ишметов, шунингдек, ҳукуматнинг ҳудудлар кесимида молиялаштириш ва асосий банк маҳсулотларидан тенг фойдаланишни таъминлаш мажбуриятини эслади.

«Ҳар қандай хусусий банкни олсангиз, Ўзбекистонда 200 га яқин туманнинг барчасида фаолият кўрсатаётган бирорта ҳам банкни топа олмайсиз. Чунки улар учун бу ҳудудларда фаолият юритиш фойда келтирмайди. Аммо молиявий инклюзивлик нуқтаи назаридан, бундай асосий маҳсулотларни етказиб бериш ҳукумат зиммасидадир», — деди у.

Молия вазири, шунингдек, давлат банклари мураккаб вақтларда фаолият олиб бориши мумкинлигини таъкидлади, чунки бизнес таваккал қилиб, ишлаб чиқаришни кенгайтиришни хоҳламайди. Бундай ҳолларда ҳукумат давлат банклари орқали тадбиркорларга кредит беришда давом этиб, барқарорлаштириш сиёсатига ўтиши мумкин.

«Бошқа кўплаб далиллар бор, лекин мен бу муаммоларни хусусий банклар орқали ҳал қилиб бўлмаслигини тасдиқламоқда эмасман. Лекин бизнинг ривожланишимизнинг маълум бир вақтида давлат банкларига эга бўлиш мантиқлироқ бўлади», — деди у.

Тимур Ишметов фискал хатарларни давлат банкларининг асосий камчиликларидан бири деб атади.

«Ҳамма биладики, давлат банкларида самарадорлик даражаси анча паст. Баъзи ҳолларда ҳукумат яхши ният билан кредит сиёсатига аралашади. Бу содир бўлади, биз буни баъзида қиламиз, бу сир эмас. Лекин бу рентабеллик даражасида намоён бўлади. Агар сиз барча давлат банклари ва барча хусусий банкларнинг рентабеллигини солиштирсангиз, катта фарқни кўрасиз», — деди вазир.

У, шунингдек, Ўзбекистондаги давлат банкларида корпоратив бошқарувнинг заифлигига ишора қилиб, бу ҳолат «охир-оқибат акциядор сифатида ҳукуматга хавф туғдириши»ни таъкидлади.

«Бу банкларни доимий равишда капитализация қилиш керак. Бу хатарли. Аслида шундай ҳам бўлади — улар дивиденд тўламайдилар. Ҳатто дивиденд тўлашса ҳам, инвестицияларнинг рентабеллиги жуда паст. Бу давлат банкларини сақлаш ҳукумат учун жуда қимматга тушади», -тушунтирди Молия вазирлиги раҳбари.

2020−2025 йилларга банк тизимини ислоҳ қилиш стратегиясига мувофиқ, «Ипотека банк», «Ўзсаноатқурилишбанк», «Асака банк», «Алоқабанк», «Қишлоқ қурилиш банк» ва «Туронбанк»даги давлат улушларини босқичма-босқич хусусийлаштириш режалаштирилган. Биринчи босқичда уларнинг фаолияти трансформация қилинади, иккинчисида — давлатга тегишли акциялар пакетини сотиш кўзда тутилган.

Аввалроқ Венгриянинг OTP Bank банки «Ипотека-банк» давлат акциялар пакетини сотиб олиши, Россиянинг «Экспобанк"и «Пойтахт-банк»ни хусусийлаштиришда иштирок этиш нияти борлиги маълум бўлди.