Шавкат Мирзиёев 8 май куни Мудофаа вазирлигининг Марказий ҳарбий клиник госпиталига ташриф буюриб, уруш қатнашчилари ҳолидан хабар олди.

Президент матбуот хизмати давлат раҳбарининг шифохонага ташрифи акс этган видеони эълон қилди.

Боёвут туманидан Ускан Хажиманов президент билан суҳбат чоғида давлат раҳбарининг нима камчиликлар бор деган саволига «Бир хўжалик уй бўлса» дея жавоб берди. Давлат раҳбари Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Махмудалиев билан телефон орқали боғланиб, «Бу уларнинг набираларига табрик бўлсин», дея уруш фахрийсига Гулистон шаҳридан уй ажратиб беришни топширди.

уруш фахрийлари, хотира ва қадрлаш куни, шавкат мирзиёев

Шавкат Мирзиёев Ўрта Чирчиқ туманидан Муҳиддин ота Дусанбаев билан суҳбат давомида «Ҳамма ҳаракатларим Ўзбекистон халқини рози қилишга қаратилган», — деди. Бунга жавобан фахрий «Ўзбекистон тез орада дунёда биринчи ўринни эгаллайди», — дея таъкидлади.

Паркент туманидан Анарбой Жалилов президентдан «Чарчамаяпсизми?» — деб сўради. «Йўқ, йўқ, йўқ, чарчасам бўлмайди, катта-катта ишларни энди бошлаяпмиз», — дея жавоб берди президент.

уруш фахрийлари, хотира ва қадрлаш куни, шавкат мирзиёев

Суҳбат якунида фахрий шундай деди: «Мендан Шавкат Миромонович ҳақида нима дейсиз, деб сўраб қолишса, мен уларга айтардим: Сайловларни йўқотинглар. Одамларни чақиринглар-да, Шавкат Миромонович умрининг охиригача президент бўлиб қолсин, деб айтинглар».

Президент бунга жавобан кулиб қўйди ва Анарбой Жалиловга соғлиқ тилади.