Венгриянинг ОТP Bank банки «Ипотека-банк» давлат улушининг 75 фоизини сотиб олади. Бу ҳақда 29 сентябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Иқтисодий форумда бош вазир ўринбосари, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров маълум қилди, дея хабар берди «Газета.uz» мухбири.

Унинг сўзларига кўра, чоршанба куни сотиш тўғрисидаги шартномани имзолаш режалаштирилмоқда.

«Бугун биз „Ипотека-банк“ давлат улушининг 75 фоизини сотиш тўғрисидаги битимни имзолаймиз. Ушбу банкни хусусийлаштириш тарихидан қисқача сўзлаб бераман. Биринчидан, биз IFC (Халқаро молия корпорацияси) билан иш бошладик, у бизга потенциал инвесторларни таништирди. Шундан сўнг Венгриянинг OTP Bank банки Ўзбекистонга келди. Бугун биз бир ҳужжатни имзолаймиз ва икки ой ичида келишувни якунлаймиз», — деди Жамшид Қўчқоров.

Бош вазир ўринбосари бошқа банкларни хусусийлаштириш ҳам худди шу шаклда амалга оширилади — «трансформация — сотувга тайёрлаш — хусусийлаштириш».

Жамшид Қўчқоров бугунги кунда давлат банклари кузатув кенгашларида мустақил аъзолар борлигини эслатиб ўтди.

«Бу хусусийлаштириш учун ҳам яхши, чунки бизга 10 та давлат банки керак эмас. Шунинг учун биз «Ўзсаноатқурилишбанк»ни хусусийлаштиришда «Ипотека-банк»ни хусусийлаштириш тажрибасидан фойдаланишни режалаштирмоқдамиз», — деди у.

14 сентябрь куни Ўзбекистон Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигида «Ўзсаноатқурилишбанк"ка 75 млн доллар миқдорида IFC кредитини ажратиш тўғрисидаги битимлар пакетини имзолаш маросими бўлиб ўтди. Жамшид Қўчқоров Осиё тараққиёт банки ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳам яқин вақтларда 50 млн доллардан ажратишини маълум қилди.

Венгриянинг «ОТP Bank"и Ўзбекистон бозорига кириб келиши 2020 йилнинг июлидаёқ маълум бўлган эди. Бу ҳақда Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазири Петер Сияртонинг Тошкентга ташрифи чоғида сўз очилган эди. Жорий йилнинг февралида «ОТP Bank» Ўзбекистондаги банклардан бирини хусусийлаштириш жараёнида қатнашиши хабар қилинган эди.

2019 йилнинг июнь ойида «Ипотека-банк»нинг устав капиталидаги давлат улуши 2022 йилнинг якунига қадар 50 фоиздан камроқ бўлиши кутилаётгани таъкидланганди. Банк Халқаро молия корпорацияси иштирокида хусусийлаштирилиши ва трансформация қилиниши кўзда тутилган.

OTP Group («Группа OTP», BSE: OTP, LSE: OTPD) — молия, суғурта, инвестиция ва банк бизнеси билан шуғулланувчи банк гуруҳи — активлар ва лизингни бошқаришдан тортиб, пенсияларни молиялаштиришгача бўлган соҳаларда фаолият юритади.