Тунис тарихида илк бор аёл киши ҳукуматни бошқаради

Тунис президенти Қаис Саид Нажла Ромданга мамлакатнинг янги ҳукуматини тузишни буюрди. Шу тариқа Тунис тарихида биринчи марта аёл киши ҳукумат раҳбари бўлади. Президент уни «кўп вақт йўқолгани сабабли яқин вақтлар ёки кунлар ичида ҳукумат таркиби тўғрисида таклифлар киритишга» чақирди.

Нажла Ромдан — геолог-муҳандис, илгари Тунис Таълим вазирлигида Жаҳон банки лойиҳаларини бажаришга масъул бўлган. Кузатувчиларнинг таъкидлашича, унинг давлат бошқарувида тажрибаси кам. — Интерфакс.

Эслатамиз, 25 июль куни Қаис Саид Халқ вакиллари ассамблеяси (бир палатали парламент) фаолияти 30 кунга тўхтатилишини, барча депутатларнинг дахлсизлиги бекор қилинишини ва бош вазир Хишам Машишининг истеъфосини эълон қилган эди.


Франция ҳукумати 2017 йилдан буён 650 та исломий ташвиқот марказини ёпди

Франция ҳукумати 2017 йилдан буён мамлакатда 650 та исломий тарғибот марказини ёпди. Бу ҳақда ички ишлар вазири Жеральд Дарманен ва ИИВ вазир-делегати Марлен Шьяппанинг Le Figaro’га берилган қўшма интервюсида айтилган.

«Ҳукумат ҳеч қачон ҳали Францияда радикал исломиятга қарши бундай кенг кўламли чораларни кўрмаган эди. Сўнгги тўрт йил мобайнида ўнлаб бундай уюшмалар тарқатиб юборилган. 24 минг хил текширув ўтказилди, бунинг натижасида фундаменталистлар ташриф буюрадиган 650 та муассаса ёпилди. Бундан ташқари, ўтган йилнинг ноябрь ойидан буён разведка хизматларида шубҳа уйғотган 89 та ибодат жойлари текширилган — уларнинг учдан бир қисми ҳозир ёпилган ёки уларга нисбатан мамлакат учун зарарли фаолият билан шуғулланишга рухсат бермайдиган чоралар кўрилган», — деди ички ишлар вазири.

Марлен Шьяппанинг сўзларига кўра, расмийлар радикал ғояларни тарғиб қиладиган масжидларга ва ҳатто спорт клубларига босим ўтказа бошлагач, исломий тарғибот марказлари ўз жойларини ўзгартиришни бошладилар. Унинг айтишича, 15 та шаҳар мавзеси назоратга олинган, 175 та муассаса «нишон» остидадир.


Туркманистон президенти «Жасур туркман» медали билан тақдирланди

Туркманистон Межлиси мамлакат президенти Гурбангули Бердимуҳамедовни «Turkmen edermen» медали («Жасур туркман») ва «Garassyz Turkmenistanyn Watan goragcysy» (Мустақил туркман ватан ҳимоячиси) юбилей медали билан тақдирлашга қарор қилди. Давлат мукофотларини президентга парламент раиси Гулшат Маммедова давлат мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган Давлат хавфсизлик кенгаши аъзолари билан учрашувида топширди.

Президент ҳарбий ислоҳотларнинг муваффақияти ва «Туркманистоннинг давлат мустақиллиги, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, конституциявий тузумини мустаҳкамлаш ва ҳимоя қилиш, Ватаннинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, дунёда барқарорлик ва тинчликни таъминлашдаги алоҳида хизматлари учун» мукофоти билан тақдирланди, деб айтилади Межлис қарорида.

Шунингдек, қарорда президент «ҳарбий техникани, шу жумладан, жуда мураккаб ҳарбий самолётларни бошқаришда мукаммал қобилият, юксак маҳорат, ботирлик ва жасорат намунасини кўрсатгани» қайд этилган.


«Толибон» Кобул ва Нангархорда ИДга қарши операция бошланганини эълон қилди

«Толибон» Aфғонистон шарқидаги Нангархор вилоятида ҳамда пойтахт ҳудудида «Исломий давлат» (ИД) террорчилик гуруҳи жангариларига қарши операция бошланганини эълон қилди.

Жорий ойда Нангархорда бирданига бир нечта портлашлар ва қуролли ҳужумлар содир бўлган, қурбонлар орасида «Толибон» вакиллари ва маҳаллий аҳоли бўлган. «Хуросондаги Исломий давлат» ушбу воқеалар учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. Кобулда бир неча маротаба ракета ҳужумлари уюштирилганда, ИД тарафдорлари бунда ҳам жавобгарликни ўз зиммаларига олишганди.

Шу билан бирга, 21 сентябрь куни ҳаракат матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид Aфғонистонда ИД ва «Aль-Қоида» жангарилари борлиги ҳақидаги хабарларни уйдирма деб атади ва ИД «Толибон»га таҳдид солмаслигини таъкидлади. — ТАСС.

Шунингдек:

  • «Толибон»нинг Aфғонистонда ҳокимиятга келиши мамлакат қора бозорида афюн ва бошқа гиёҳванд моддалар нархларининг кескин ошишига олиб келди, деб ёзмоқда The Times of India. Таъкидланишича, Aфғонистонда 15 августдан бери афюн нархи уч баробар ошган. Ҳозир контрабандачилар маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан афюннинг ҳар бир килограмми учун 100 доллар тўлайдилар, Европанинг қора бозорида эса бу препаратнинг бир грамми 50 доллардан ошади, дея ёзмоқда нашр. Август ойида «Толибон» вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид мамлакатда гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашади деб айтганди.
  • «Толибон» AҚШни Aфғонистон ҳаво ҳудудини бузганликда айблади. «Яқинда биз AҚШнинг учувчисиз самолётлари Aфғонистоннинг муқаддас ҳаво маконига бостириб, шу билан барча халқаро ҳуқуқлар, қонунлар ва мажбуриятларни Ислом Aмирлиги олдида бузганини кўрдик. Бу қонунбузарликларни тўғрилаш ва олдини олиш керак», дейилади баёнотда. Шунингдек, ҳаракат хабарида «ҳар қандай салбий оқибатларнинг олдини олиш учун барча давлатлар, айниқса AҚШ, Aфғонистонга халқаро ҳуқуқлар, қонунлар ва мажбуриятлар нуқтаи назаридан ва ўзаро ҳурмат ва мажбуриятлар билан муносабатда бўлишга» чақирилган.

Шимолий Корея илк бор янги гипертовушли ракетани синовдан ўтказди

Фото: EPA-EFE/KCNA

Шимолий Корея 28 сентябрь куни биринчи марта янги «Хвасон-8» гипертовушли ракетасини синовдан ўтказди. Хабарга кўра, синовлар мамлакат шимолидаги Чагандо провинциясидаги полигонлардан бирида ўтказилган. Муваффақиятли синов учирилиши пайтида ракетанинг манёврлиги ва барқарорлиги тасдиқланди, унинг сирпаниш хусусиятлари текширилди. Шунингдек, КХДР ҳарбийлари двигател ва ёнилғи тизимининг барқарор ишлашига ишонч ҳосил қилишди, деб ёзади Rodong Sinmun.

Бундан аввал Шимолий Корея Япон денгизи томон иккита баллистик ракета учирган эди.


Шунингдек:

  • Франция Марокаш ва Жазоир фуқароларига бериладиган визалар сонини икки баравар, Тунис фуқароларига 30 фоизга камайтиради. «Ушбу давлатлар Франция ҳудудида бўлган ўз фуқароларини қабул қилишни истамагани учун биз буни қиляпмиз», — дея тушунтирди ички ишлар вазири Жеральд Дарманен.
  • Японияда собиқ ташқи ишлар вазири Фумио Кисида ҳукмрон Либерал-демократик партияга (ЛДП) янги раҳбар этиб сайланди. У собиқ мудофаа вазири Таро Конодан 87 та кўп овоз тўплаб, мамлакатнинг юзинчи бош вазирига айланиш имконига эга бўлди. Аввалроқ, Япониянинг амалдаги бош вазири Ёсихедэ Суга Таро Конони «ворис» сифатида қўллаб-қувватлаган эди.
  • Швецияда чоршанба кунидан бошлаб деярли барча карантин чекловлари бекор қилинмоқда. Хусусан, энди чекловларсиз кафе ва ресторанларга бориш, ижтимоий тадбирларда қатнашиш мумкин.