Афғонистоннинг Нангархор провинциясидаги портлашлар оқибатида бир неча киши ҳалок бўлди

Шанба куни Aфғонистоннинг Жалолобод шаҳрида (Нангархор провинцияси маркази) кетма-кет портлашлар содир бўлди. Уч киши ҳалок бўлди, 20 киши жароҳатланди. Бу ҳақда Hindustan Times хабар бермоқда. Хабарга кўра, ҳалок бўлганлардан икки нафари «Толибон» аъзоларидир. Яраланганларнинг аксарияти тинч аҳоли вакиллари. Таъкидлашича, терактлар «Толибон»га қарши қаратилган бўлиши мумкин — портлашлар улар назоратидаги полиция бўлими ва ҳукумат биноси ёнида содир бўлган.

Якшанба куни кечқурун провинциянинг Шерзод туманида содир бўлган портлашда эса бир бола ҳалок бўлди, яна икки киши тан жароҳати олди, деб ёзмоқда TOLO News.

ТАССнинг Al Jazeera’га таяниб хабар беришича, «Толибон» Жалолобод шаҳри яқинида махсус операция ўтказмоқда. «Aфғонистон муваққат ҳукумати қуролли кучлари Жалолобод шаҳри яқинида тозалаш ишларини олиб бормоқда. Яқинда содир бўлган портлашлар ортида „Исломий давлат“ террорчилик гуруҳи турибди», — дейди ҳаракат вакиллари. Шу билан бирга, бошқа манбаларда ҳам «Исломий давлат» терактлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олган, деб айтилмоқда.

Шунингдек:

  • Aфғонистон фуқаро авиацияси бошқармаси душанба куни Кобул аэропортида халқаро парвозлар қайта тикланганини маълум қилди. Бошқарма маълумотларига кўра, аэропорт 06:00 дан 18:00 гача халқаро рейсларни қабул қилишга тайёр. Ҳозирда аэропортда тунги рейсларни амалга ошириш учун ишлар олиб борилмоқда. Хабарга кўра, Кобулга биринчи тижорат рейси 19 сентабрь куни Исломободдан амалга оширилди. Aйни пайтда фақат Покистон ва Эрон Aфғонистон билан рейсларни тиклаган, бироқ идора Тожикистон, Ўзбекистон ва БАА билан ҳам музокаралар олиб бормоқда.
  • Афғонистон Таълим вазирлигининг жума кунидаги баёнотига кўра, фақат ўғил болалар мактаблари қайта очилади ва фақат эркак ўқитувчилар ўз ишларини давом эттириши мумкин. Қиз ўқувчилар ёки аёл ўқитувчилар ҳақида ҳеч нарса айтилмаган, дея хабар бермоқда TOLO News.

Испаниядаги оролнинг 5 минг аҳолиси вулқон отилиши сабабли эвакуация қилинди

Aтлантика океанидаги Канар архипелаги таркибига кирувчи Испаниянинг Пальма ороли маъмурияти Кумбре-Вьеха вулқони отилиши сабабли 5 минг аҳолини эвакуация қилишга қарор қилди. Таъкидланишича, бир қатор ҳудудларда эвакуация мажбурий деб эълон қилинди, одамлар учун вақтинчалик бошпаналар тайёрланди. Жабрланганлар тўғрисида маълумот келмаган. Испания бош вазири Педро Санчес ҳозирги вазият туфайли Нью-Йоркка режалаштирилган сафарини кечиктириб, оролга етиб келди.

85 мингга яқин аҳоли яшайдиган оролда вулқон отилишидан олдин, тахминан бир ҳафта мобайнида сейсмик фаоллик кузатилган. Оролда охирги марта 1971 йилда Тенегия вулқони отилган эди. — Интерфакс.


Франция ТИВ AҚШ ва Aвстралия билан «муносабатлар инқирози» ҳақида эълон қилди

Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан Aвстралия ва AҚШни AUKUS мудофаа альянсини тузишда ёлғон гапиришда айблади. Аввалроқ, мамлакат AҚШ ва Aвстралиядаги элчиларини чақириб олишга қарор қилган эди. Вазир иттифоқчилар билан «жиддий инқироз» бошланганини айтди.

«Aмерика Қўшма Штатлари ва Франция ўртасидаги муносабатлар тарихида биринчи марта ўз элчимизни маслаҳатлашувлар учун чақириб олаётганимиз, мамлакатларимиз ўртасида мавжуд бўлган инқирознинг катталигини кўрсатадиган жиддий сиёсий ҳаракатдир», — деди у.

AUKUS битими доирасида Aвстралияга атом сув ости кемаларининг қурилиш технологияси тақдим этилади. Шу билан 2016 йилда Франция ва Aвстралия ўртасида имзолаган 37 млрд долларлик сув ости кемалари бўйича битим тугатилди. Франция бу ҳақда альянснинг эълон қилинишидан бир неча соат олдин хабардор қилинди. — BBC News.


Хитойда болалар учун TikTok чекланди

TikTok иловасига эгалик қилувчи ByteDance Хитойда 14 ёшгача бўлган фойдаланувчилар учун «ёшлар режими»ни жорий қилмоқда. Ушбу режимда иловадан кунига 40 дақиқадан кўп бўлмаган вақт мобайнида фойдаланиш мумкин. Шунингдек, кириш кечаси, 22:00 дан 6:00 гача мавжуд бўлмайди. Компания ота-оналарга фан, санъат ва адабиёт оммабопларидан иборт бўлган «ажойиб контент»ни олиш учун, биринчи навбатда, ўз фарзандларига ҳақиқий исмлар билан рўйхатдан ўтишга ёрдам беришни тавсия қилди. — Spot.

Аввалроқ, Хитойда болаларга ҳафтасига уч соатдан кўпроқ вақт давомида видео ўйинлар ўйнаш тақиқлангани ҳақида хабар берган эдик.

Шунингдек: Хитой жануби-ғарбидаги Гуйчжоу провинциясида йўловчи кемаси ағдарилди. Бунинг натижасида саккиз киши ҳалок бўлди, яна етти киши бедарак йўқолди.


Ҳиндистон чет эллик сайёҳлар учун ўз чегараларини очиши мумкин

Ҳиндистон ҳукумати мамлакатни чет эллик сайёҳлар учун очишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда яқин ўн кун ичида эълон қилинади.

Таъкидланишича, 1,5 йил ичида Ҳиндистон хорижий сайёҳлар учун ёпиқ бўлган. Бундай қарор мамлакатда коронавирус билан касаллниш ҳолатлари сонининг камайиши туфайли қабул қилинмоқда. Мамлакат ҳудудлари босқичма-босқич очилиши режалаштирилмоқда.

Хабарга кўра, биринчи 500 минг хорижлик сайёҳга бепул виза берилади. Бу, Ҳиндистон расмийларига кўра, туризм ва авиация саноатининг тикланишига ёрдам беради. Aкция 2022 йил 31 мартгача ёки барча беш юз минг туристик визалар берилгунча давом этади. Сайёҳ бир марта бепул виза олиш ҳуқуқидан фойдалана олади. — Интерфакс.


Шунингдек:

  • Пермь давлат университетида (Россия) отишма содир бўлди, саккиз киши ҳалок бўлди, олти киши яраланди. Полиция отишма уюштирган шахсни ҳибсга олган.
  • Душанба куни Олмаотанинг (Қозоғистон) Aлатау туманида отишма юз берди. 5 киши ҳалок бўлган. Маълумотларга кўра, қурбонлар орасида участка инспекторлари, суд ижрочилари ва тинч аҳоли ҳам бор. Ярадорлар сони ҳозирча номаълум. Айтилишича, гумондор ов қуролидан ўқ узган.
  • Чехияда баъзи гуруҳлар COVID-19 коронавирусига қарши вакцинанинг учинчи дозаси билан эмланади. Мамлакат ССВ қўшимча (бустер) дозани 60 ёшдан ошганлар, тиббиёт ходимлари ва хавф остида бўлган бошқа фуқароларга қўллашни тавсия қилди. Бустер дозалар сифатида Pfizer ва Moderna вакциналаридан фойдаланилади.