Aрманистон Озарбайжон устидан БМТ судига шикоят қилди

Aрманистон БМТ Халқаро судида Ирқий камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги халқаро конвенцияга мувофиқ суд ишларини бошлади.

Aрманистон томонининг даъво аризасида «Озарбайжон ўн йиллар давомида ирқий камситишга йўл қўйгани» қайд этилган бўлиб, жумладан, қирғинлар, қийноқлар ва бошқа қонунбузарликлар билан ифодаланган. Aрманистон томонига кўра, «бу қонунбузарликлар 2020 йил сентябрь ойидаги можаро пайтида» Озарбайжон томони «яна конвенцияни қўпол равишда бузгани» қайд этилган. «Ва ҳатто 2020 йил 10 ноябрда сулҳ тузилганидан сўнг», ҳарбий ҳаракатлар тугаганидан кейин ҳам «Озарбайжон арман ҳарбий асирларига ва бошқа маҳбусларга нисбатан қотиллик, қийноқ ва бошқа жиноятларни давом эттирди», дейилади даъвода.

Шу асосда Aрманистон Озарбайжонни Ирқий камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги халқаро конвенцияни бузганликда айбдор деб топишни, келгуси зиённинг олдини олишни ва етказилган зарарни қоплаб беришни сўради. — ТАСС.


Италияда барча ишчилар учун COVID-паспорти мажбурий бўлди

15 октябрдан бошлаб барча италияликларга фақат COVID-паспорт мавжудлигида ишлашга рухсат берилади. COVID-паспорт ёки Green Pass («яшил паспорт») ни учта усулда олиш мумкин: коронавирусга қарши эмланиш, коронавирусга чалиниб ундан даволанганлик тўғрисида сертификат ёки ПЗР-текширувининг манфий натижаси. Шунда, ПРЗ-текшируви натижаси 72 соат давомида амал қилади.

15 октябрдан сўнг COVID-паспортни тақдим этмаган ходимлар маошсиз ишдан четлатилади. Рухсатномасиз ишлашни давом эттирганлар 600 дан 1500 еврогача жаримага тортилади. Иш берувчи рухсатноманинг мавжудлигини назорат қилиши керак. Шу билан бирга, COVID-паспортсиз масофадан туриб ишлаш мумкин.

Таъкидланишича, бу чоралар 23 млн одамга тааллуқлидир. 12 ва ундан катта ёшдаги италияликларнинг қарийб 75 фоизи коронавирусга қарши тўлиқ эмланган, деб ёзмоқда Corriere della Sera.


Япония бош вазири Таро Конони «ворис» сифатида қўллаб-қувватлади

Япония бош вазири ва ҳукмрон Либерал-демократик партияси (ЛДП) раиси Ёсихидэ Суга «унинг вориси» коронавирусга қарши эмлашга масъул вазир Таро Кононинг номзодини қўллаб-қувватлади.

«Коронавирусга қарши курашни давом эттириш жуда муҳим. Шуни ёдда тутган ҳолда, мен вазир Конони қўллаб-қувватлайман. Менимча, у миллий инқироз даврида катта ютуқларга эришди», — деди у. Суганинг таъкидлашича, Коно аҳолини COVID-19'га қарши эмлаш жараёнини ташкил этишга катта ҳисса қўшган.

Жума куни Япония ЛДП раиси сайлови кампанияси бошланди. Ўз навбатида, партия раиси, шунингдек, бош вазир лавозимини эгаллайди. Конодан ташқари, собиқ ташқи ишлар вазири Фумио Кисида, собиқ адлия вазири Санаэ Такаити ва собиқ маъмурий ишлар ва алоқа вазири Сэйко Нода ўз номзодларини илгари суришди. — ТАСС.


Куба икки ёшдан катта болаларни коронавирусга қарши эмлай бошлайди

Кубада икки ёшдан ўн ёшгача бўлган болаларни коронавирусга қарши эмлаш кампанияси бошланади. Мамлакатда Abdala ва Soberana каби иккита маҳаллий вакцинадан фойдаланилади, иккаласи ҳам учта дозадан иборат.

Аввалроқ, мамлакат ҳукумати 11 ёшдан 18 ёшгача бўлганларни эмлашни бошлаган эди. Бу чоралар коронавирус «дельта» вариантининг мамлакатда тарқалишининг олдини олишга қаратилган. — Интерфакс.

Шунингдек: Швецияда 12 ёшдан 15 ёшгача бўлган ўсмирларни COVID-19'га қарши эмлашга рухсат берилди. Таъкидланишича, мамлакатда 16 ёшдан катта аҳолининг 80 фоизи вакцинанинг камида битта дозаси, деярли 75 фоизи эса икки дозаси билан эмланган.


Ливия миллий армияси Чаддан келган 200га яқин қўзғолончини йўқ қилди — ОАВ

Фельдмаршал Халифа Хафтарнинг Ливия миллий армияси Чаддан келган қўзғолончилар билан чегарада тўқнашиб, 200 га яқин душман жангарисини йўқ қилди. Ўлдирилганлар орасида ҳудудда фаолият юритаётган террорчи гуруҳлар билан боғлиқ етти нафар жангари бўлган. Чад мухолифати қуролли тузилмаларининг яна 35 аъзоси асирга олинди.

Ливия армияси ахлоқий ва психологик тайёргарлик бўлими бошлиғи Холид ал-Маҳжубнинг ТAСС’га берган интервьюсида унинг бўлинмалари, шу жумладан махсус кучлар, ҳафта бошидан буён Ливия ва мамлакатнинг жанубий чегаралари яқинида ёлланма аскарлар гуруҳлари ва Чад мухолифати бўлинмаларига қарши кенг кўламли рейдлар ўтказаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, қуруқликдаги операциядан олдин ҳарбий самолётларнинг кучли зарбалари амалга оширилган, натижада душман аскарлар ва техникасида катта йўқотишларга учраган. — ТАСС.


Шунингдек:

  • Душанбедаги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммити иштирокчилари Эронни ушбу ташкилотга тўлиқ аъзо сифатида қабул қилишди. «Бу стратегик аъзолик Эроннинг қўшнилари билан ҳар томонлама ҳамкорлик жараёнига ва Осиёга йўналтирилган сиёсатига сезиларли таъсир кўрсатади», — деди мамлакат ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён.
  • Нидерландия ташқи ишлар вазири Сигрид Кааг 15 сентябрь куни парламент қуйи палатаси Aфғонистондан эвакуация ишлари ёмон ташкил этилгани учун унга ишончсизлик билдирганидан сўнг, истеъфога чиқишга қарор қилди. 15 сентябрда Буюк Британия ташқи ишлар вазири Доминик Рааб ҳам ўз лавозимидан кетди. Рааб Кааг каби Aфғонистон инқирозига муносабати учун танқид қилинган эди.
  • «Толибон» Хотин-қизлар ишлари вазирлигини тугатиб, унинг ўрнига исломий «ахлоқ полицияси» вазифасини бажарувчи орган тузди.