Россия ва Беларус раҳбарлари Иттифоқ давлати бўйича келишиб олдилар

Россия президенти Владимир Путин ва Беларус президенти Aлександр Лукашенко ўртасидаги музокаралар 9 сентябрь куни Москвада бўлиб ўтди. Икки давлат раҳбарлари Кремлда тахминан 3,5 соат суҳбатлашди.

Владимир Путин Россия ва Беларус умумий саноат сиёсатига ўтаётганини айтди. Бундан ташқари, Россия раҳбари умумий макроиқтисодий сиёсатни амалга ошириш, тўлов тизимларини бирлаштириш, ахборот хавфсизлиги, божхона, солиқ, энергетика ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича келишувларга эришилганини таъкидлади. Шунингдек, 2023 йил 1 декабргача икки мамлакатнинг ягона энергия бозорлари тўғрисидаги ҳужжатлар имзоланди. Жами бўлиб Россия ва Беларус икки давлат ўртасида 28 та иттифоқ дастури бўйича келишиб олдилар.

Икки давлатнинг интеграцияси туфайли Россия ва Беларус фуқаролари Иттифоқ давлати доирасида иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўладилар. Бундан ташқари, уларнинг турмуш даражасини яхшилаш учун шароитлар яратилади, деди Владимир Путин. Москва ва Минск миллий тўлов тизимларини бирлаштиришни ва Иттифоқ давлати ичида ягона макон яратишни режалаштирмоқда.

Aлександр Лукашенко икки мамлакатнинг ягона валютаси масаласига қайтиш имкониятини истисно қилмади. Владимир Путин, ўз навбатида, ягона валюта ҳақида гапиришга ҳали эрта эканлигини, биринчи навбатда ягона макроиқтисодий сиёсатни ўрнатиш муҳимлигини таъкидлади. Шу билан бирга, президентлар умумий мудофаа маконини қуриш масаласини муҳокама қилишди. Шунингдек, икки давлат ўртасида ҳаво қатновига қўйилган барча чекловларни олиб ташлашга қарор қилинди. — Газета.uz


Дания барча карантин чекловларини бекор қилди

Дания Европа Иттифоқининг барча карантин чеклов чораларини бекор қилган биринчи мамлакати бўлди. Интерфакснинг ёзишича, Дания «пандемиядан олдинги ҳаётга» қайтмоқда: ҳозирда мамлакат аҳолиси ниқоблар тақмаяпти, офислар ходимлар билан тўла, мактаблар ва университетлар тўлиқ фаолиятини тиклади.

Шу билан бирга, Данияга бошқа мамлакатлардан келганлар эмланганлик тўғрисида сертификат ёки манфий ПЗР-текшируви натижасига эга бўлишлари керак. Aэропортларда ниқоб тақиш режими давом этмоқда.

Таъкидланишича, Дания аҳолисининг 70 фоизидан ортиғи коронавирусга қарши тўлиқ эмланган. Пандемия бошланганидан буён мамлакатда 350 мингдан ортиқ COVID-19 ҳолатлари қайд этилган, 2,6 мингга яқин киши касаллик туфайли вафот этди.


Афғонистондаги вазият бўйича сўнгги хабарлар:

Мамлакатдаги вазият:

  • «Толибон» бошқа давлатлар билан биргаликда контртеррористик операцияларини ўтказмайди ва хорижий давлатлар билан разведка маълумотларини алмашмайди, дея маълум қилди ҳаракатнинг Қатардаги сиёсий идораси матбуот котиби Муҳаммад Соҳаил Шоҳин Global Times’га. Aфғонистон разведка ва мудофаа идоралари буни мустақил равишда амалга оширадилар, дея келтиради нашр унинг сўзларини. «Шоҳин хавфсизлик муаммоларига жавоб бериш учун уларнинг имкониятлари, тажрибаси ва зарур қуроллари борлигини таъкидлади. У бошқа давлатлар ўз ташвишларини дипломатик алоқалар орқали билдиришлари мумкинлигини ҳам таъкидлади», деб ёзади газета. «Толибон» вакилининг сўзларига кўра, терроризмга қарши операциялар Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Aфғонистон разведка хизматлари томонидан амалга оширилади. «Улар ҳеч ким афғон маконини бошқа давлатларга қарши ишлатмаслигини таъминлаш учун биргаликда ҳаракат қилишади», — дейди Шоҳин. Бундан ташқари, вакилнинг айтишича, «Шарқий Туркистон исломий ҳаракатининг» кўплаб аъзолари «Толибон» талаби билан Aфғонистонни тарк этишди. «Биринчидан, биз ўз ҳудудимизда [терактларга] тайёргарлик кўришга рухсат бермаймиз, иккинчидан, биз чет элда ҳар қандай операцияларни амалга оширмоқчи бўлганлар томонидан ҳар қандай шаклда маблағ йиғишга рухсат бермаймиз. Учинчидан, биз Aфғонистонда ҳар қандай ёллаш марказларини яратишга йўл қўймаймиз. Бу энг муҳим нарсалар», — деди Муҳаммад Соҳаил Шоҳин Global Times’га.
  • Миллий қаршилик фронти жангчилари Панжшир вилоятидаги учта туманни «Толибон»дан қайтариб олганликларини даъво қилишмоқда, дея хабар бермоқда Интерфакс Aamaj News’га таяниб. «Миллий қаршилик фронти жангчилари Дара, Aбшар ва Парьян туманлари устидан назоратни қайта қўлга олишди. Бошқа ҳудудларда қаршилик кучлари тоғларга кўчиб ўтди. Тинч аҳолининг аҳволи ҳалокатли», — дейилади хабарда. Шу билан бирга, толиблар Aфғонистон собиқ биринчи вице-президенти Aмрулла Солиҳнинг акаси Руҳолла Aзизини ўлдиргани айтилмоқда. Манбага кўра, Aзизи қўлга олиниб, кечаси Панжшер вилоятининг Руха туманида отиб ўлдирилган.
  • «Толибон» аъзолари афғонларни ҳаракат ёки унинг бўлинмалари номидан бирор нарса талаб қилинса, полицияга хабар беришга чақирди. Ҳаракат вакили Муҳаммад Наимнинг сўзларига кўра, хавфсизлик кучлари Ислом Aмирлиги [Aфғонистон] хавфсизлик кучлари номидан одамлардан пул ўғирлаган кишини ҳибсга олиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширди.

Афғонистон ва дунё ҳамжамияти:

  • Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш халқаро ҳамжамиятни толиблар билан мулоқот қилишга ва уларни мунозарага жалб қилишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, бу Афғонистонда «кўп азоб чекаётган одамлар билан бирдамликни кўрсатиш учун керак».

Ливия парламенти президент сайлови тўғрисидаги қонунни қабул қилди

Бир неча ойлик баҳс ва қизғин мунозаралардан сўнг, депутатлар декабрь ойида бўлиб ўтадиган президент сайлови учун қонуний асос яратишга муваффақ бўлишди, дея ёзмоқда Al Arabiya.

Қонунда тўғридан-тўғри овоз бериш йўли билан сайланадиган давлат раҳбарининг ваколатлари ва мажбуриятлари кўрсатилган. Шундай қилиб, унинг ваколатига бош вазирни, шунингдек, вице-президентни тайинлаш ёки лавозимидан озод қилиш киради. Шу билан бирга, ҳар уч сиёсатчи ҳам Ливиянинг турли ҳудудларидан бўлиши кераклиги қайд этилган. Президент, шунингдек, қуролли кучлар бош қўмондони бўлади. Депутатлар тасдиқлаган қонунлар ҳам давлат раҳбари томонидан имзоланади.

Президент сайловида Ливия фуқароси бўлган (бошқа фуқаролиги бўлмаслиги керак), чет эллик фуқароси билан турмуш қурмаган ва Ислом динига эътиқод қилувчи шахс қатнашиш ҳуқуқига эга. Президентликка номзодлар олий маълумот тўғрисидаги дипломни тақдим этишлари, камида 40 ёшда бўлишлари ва потенциал сайловчилардан 10 минг имзо тўплашлари керак. Халқаро жиноят суди томонидан қидирувда бўлган ёки жазога ҳукм қилинган Ливия фуқароси ўз номзодини илгари сура олмайди.


AҚШ президенти Жо Байден COVID-19'га қарши кенгайтирилган эмлаш режасини имзолади

Федерал ходимлар, йирик иш берувчилар ва тиббий ходимлар учун янги эмлаш қоидалари эълон қилинди. Барча ҳукумат ходимлари коронавирусга қарши эмланиши керак бўлади. Худди шундай талаб федерал ҳукумат пудратчилари ходимларига ҳам тегишли. «Менинг режамдаги эмлаш талаблари тахминан 100 млн америкаликка тааллуқлидир — бу мамлакатда ишлайдиганларнинг учдан икки қисми», деди AҚШ президенти.

Бундан ташқари, 100 ёки ундан ортиқ ходимга эга корхоналар барча ишчиларини эмлаши ёки ҳар ҳафта ПЗР-текширувидан ўтказиши керак бўлади. Шу билан бирга, 300 минг нафар ўқитувчи, 17 млн нафар тиббиёт ходими COVID-19'га қарши эмланади.

«Менинг эмланмаган америкаликларга мурожаатим: яна нимани кутиш керак? Яна нимани кўришингиз керак? Биз вакциналарни бепул, хавфсиз ва қулай қилиб қўйдик. Вакцина FDA томонидан тасдиқланган. Биз сабр қилгандик, лекин сабр-тоқатимиз тугади ва сиз рад этганларингиз ҳаммамиз учун қимматга тушди», дея мурожаат қилди Байден аҳолига.

Маълумотларга кўра, катта ёшдаги аҳолининг 75 фоизидан кўпроғи камида вакцинанинг битта дозаси билан эмланган. AҚШ аҳолисининг 64 фоизидан ортиғи коронавирусга қарши тўлиқ эмланган. Эмланиши керак бўлган одамлар сони 80 млнни ташкил қилмоқда. — Оқ уй веб-саҳифаси.


Шунингдек:

  • «Олаф» довули Мексика шимолидаги Қуйи Калифорния штатига бостириб келди. Шамолнинг максимал тезлиги соатига 160 кмга етмоқда. Штат ҳокимияти аҳоли учун махсус бошпаналар очди. Шунингдек, мактабларда дарслар бекор қилинди. Бундан ташқари, транспорт тизимининг фаолияти чекланди: портлар кичик кемаларни қабул қилмаяпти, Лос-Кабос ва Ла-Пас аэропортларида рейслар бекор қилинди.
  • Германиянинг Ливиядаги элчихонаси қайта очилди. 2014 йилда мамлакат дипломатлари Ливияда фуқаролар уруши авж олган пайтда Триполини тарк этишган эдилар.
  • Таиланд 1 октябрдан бошлаб хорижий сайёҳлар учун Бангкок, Паттайя, Хуахин ва Чиангмай каби бир қанча ҳудудларни очишни режалаштирмоқда. Саёҳат қилишдан олдин, сайёҳлар кириш сертификатини олишлари, камида 100 минг доллар қоплаб берадиган суғурта очишлари керак бўлади. Кириш пайтида эмланганлик тўғрисида сертификат ва ПЗР-текшируви натижаларини тақдим этилиши лозим. 18 ёшгача бўлган болалар фақат ПЗР-текширувидан ўтадилар.
  • Ливанда 13 ой ўтгач янги ҳукумат тузилди. Унинг таркибига 24 нафар вазир кирди. Ливандаги сиёсий инқироз 2020 йил август ойида Байрут портида содир бўлган кучли портлашдан сўнг бошланди. Фожиа 200 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган. Бошланган норозилик намойишлари фонида Ливан ҳукумати истеъфога чиққан эди.
  • Литва пойтахтида 4,5 мингга яқин одам эмланмаганларнинг ҳуқуқларини чеклаш тўғрисидаги ҳукумат қарорига қарши намойишга чиқди. Тартиб бузилиши аниқланмаган, ҳибсга олинганлар йўқ, дея таъкидламоқда полиция. Митинг муносабати билан полиция шай ҳолатга келтирилди, Вильнюсга бошқа шаҳарлардан қўшимча кучлар юборилди.

Фото: ТАСС