Ливан бош вазири Ҳассан Диаб мамлакат ҳукумати истеъфога чиқишини маълум қилди. Ҳукуматнинг тегишли қарорини президент Мишель Аъюн қабул қилиб олди, дея хабар берди Al Jazeera нашри.

Ҳукумат раҳбариятининг ушбу қарори Ливан пойтахти Байрутда президент истеъфосини, ҳукуматни ва эрта сайловларни ўтказишни талаб қилган оммавий норозилик намойишлари бошланганидан кейин қабул қилинди. Ўз ўрнида, кескин вазият Байрутда 4 август куни содир этилган жуда кучли портлаш натижасида юзага келди.

«Коррупция натижасида юзага келган ушбу жиноят [Байрут портида портлаш юзага келиш сабаблари — таҳр.] — давлатдан ҳам каттароқ», — деди Диаб телевидение орқали берган хайрлашув баёнотида. Шу билан бирга, бош вазир ушбу қадам Ливан ички сиёсий муаммоларига ечим топишига ва ёрдам беришига умид билдирди.

Маълумот учун, 4 август куни Ливан пойтахтида рўй берган кучли портлаш оқибатида ҳаётдан кўз юмганлар сони 200 нафардан ошди, 6 мингдан ортиқ киши турли даражада тан жароҳатлари олган. Ҳодисага 2015 йилда бохона ходимлари томонидан мусодара қилиниб, ўтган давр мобайнида Байрут порти омборида сақлаб келинаётган 2750 тонна миқдоридаги аммиакли селитра сабаб бўлган.

Расмийларнинг маълутларига кўра, портлашдан етказилган жами зарар миқдори 15 млрд АҚШ долларига тенг бўлган ва портлаш натижасида 300 минг пойтахт яшовчиси уйсиз қолган, дея баҳоланмоқда.