4 август куни Бейрут шаҳрининг йирик портида жуда кучли портлаш юз берди, дея хабар берди Al Jazeera нашри.

Портлаш сабаби ҳалигача номаълум бўлиб келмоқда, бироқ расмийларнинг тахминига кўра, ҳодисага 2015 йилда бохона ходимлари томонидан мусодара қилиниб, ўтган давр мобайнида Бейрут порти омборида сақлаб келинаётган 2700 тонна миқдоридаги аммиакли селитра сабаб бўлган.

Кучли портлаш оқибатида ҳаётдан кўз юмганлар сони 100 нафардан ошди, 4 мингдан ортиқ киши турли даражада тан жароҳатлари олган.

Шу билан бирга, Ливан расмийлари портлашдан сўнг бедарак йўқолганлар кўп бўлгани боис қурбонлар сонининг ортиши кутилаётганини маълум қилди.

Манба: Al Jazeera нашри

Ливан президенти Мишел Аъюн портлашдан сўнг мамлакат Олий мудофаа кенгашини йиғди. Унда қуйидагилар эълон қилинди:

  • Бейрут шаҳри бўйлаб 2 ҳафталик фавқулодда ҳолат ва «фалокат ҳудуди» режими жорий этилади;
  • портлаш оқибатида вафот этганларни хотиралаш муносабати билан 5 августдан 3 кунлик «мотам куни» эълон қилинади;
  • Тергов қўмитасига беш кун ичида портлаш сабаблари ва масъулларни аниқлаш вазифаси юклатилди;
  • жабрланганларнинг оилаларига товон пули тўланади;
  • пойтахт портига жўнатилган барча юклар мамлакат шимолидаги Триполи портига йўналтирилади.

Айни вақтга қадар Туркия, Қатар, Франция, Британия, Эрон, Саудия Арабистони ва бошқа мамлакатлар Ливанга инсонпарварлик ёрдамини беришга тайёрлигини маълум қилди. Исроил эса ушбу портлашда унинг ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтиб ўтди.