Бугун, 6 август куни «Термиз» умумқўшин дала-ўқув майдонида Ўзбекистон ва Россия Қуролли Кучлари ҳамкорлигидаги «Жануб-2021» ўзбек-рус қўшма ўқувининг асосий машғулотлари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Ўқувларни Ўзбекистон мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари — Қуроллии Кучлар Бош штаби бошлиғи генерал-майор Шуҳрат Холмуҳамедов ҳамда Россия Қуролли Кучлари бош штаби бошлиғи — мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари армия генерали Валерий Герасимов бевосита кузатиб борди.

Дастлаб икки давлат ҳарбийлари ўқув режасига асосан биргаликда, шартли ноқонуний қуролланган жангари тўдаларни турли шароитларда зарарсизлантириш бўйича махсус операция ҳаракатларини олиб боришди.

Ўқув режасига кўра, Давлат чегарасини бузиб кириб, кейинчалик ҳудуднинг аҳоли яшаш пунктларидан бирига жойлашиб олган бир гуруҳ ноқонуний қуролланган шартли душман ҳақида учувчисиз учиш аппаратлари ёрдамида разведка маълумотлари олинди.

Қўшинларнинг бирлашган туркуми қўмондонлиги томонидан вазият ҳар томонлама баҳоланиб, душманни яксон қилиш мақсадида биргаликдаги операция ўтказиш бўйича қарор қабул қилинди.

Қарорга асосан, икки давлат бўлинмалари ҳамкорликда турли тактик ҳаракатларни (марш юриши, десантлаш) амалга ошириб, белгиланган ҳудуд ва ҳимоя чизиғини эгаллашди. Шундан сўнг душманга авиация, артиллерия, зирҳланган жанговар техникалар ва барча турдаги ўт очиш воситалари ёрдамида зарбалар берилиб, уларнинг куч тузилмалари бутунлай йўқ қилинди.

Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, авиазарбалар Россия Ҳаво-космик кучларининг товуш тезлигидан юқори тезликда узоқ масофага парвоз қилувчи тўртта Ту-22М3 бомбардимончи самолёти томонидан берилди (видео).

«Амалий ҳаракатлар жараёнида Ту-22М3 экипажи Саратов вилоятидаги оператив аэродромдан ҳавога кўтарилиб, парвозни амалга оширди ва Термиз полигонидаги шартли жангариларнинг ниқобланган лагерлари ва қурол-аслаҳалар омборлари бўйича вазифани бажардилар», — дейилади хабарда.

Бомбардимончиларни Ўзбекистон Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларининг бир жуфт МиГ-29 қирувчиси ҳимоялаб борди.