Наманган шаҳридаги оилавий поликлиникада фуқаро нотўғри ташхис қўйганликда шифокорни айблаб, у билан муштлашиб кетганлиги ҳақида хабар берилган эди. Шифокорнинг юз, бош ва қўл қисмига жароҳатлар етказилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, шифокор У.А. олган тан жароҳатлари билан Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази (РШТТЁИМ) Наманган филиалига мурожаат қилган.

Тиббий текширув давомида шифокор У.А.га бош миянинг ёпиқ шикасти, бош миянинг кучли чайқалиши, ўнг қўл тирсак соҳасини жиддий зарарланиши, пешона, ўнг чакка ва ўнг юз юқори қовоқ соҳаси кучли қонталаш ташхиси қўйилган.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддиновнинг ёзишича, шифокор дўппосланганлиги ҳолати юзасидан қўзғатилган жиноят иши доирасида 2 нафар шахс процессуал тартибда ушланди.

Ҳозирда тиббиёт ходимига тажовуз қилган фуқаролар — Ф.Ж. ва Ф.Б. ларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.