Ижтимоий тармоқларда Наманган шаҳридаги 10-оилавий поликлиникада фуқаро шифокорни дўппослаётганлиги акс этган видео тарқалди.

Ҳолат бўйича ИИВ матбуот котиби Шохрух Гиясов расмий муносабат билдирди.

Унга кўра, 28 июль куни Наманган шахар ИИО ФМБ 2-сон ИИБ навбатчилик қисмига хабар келиб тушган. Шунга асосан, ИИБ ходимлари томонидан воқеа жойига борилиб терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган.

Хабарда айтилишича, Наманган шаҳар Янгиқурилиш МФЙда жойлашган 10-сонли оилавий поликлиникада шифокор бўлиб ишловчи, Н.К. (1994 й.т.)ни олдига Наманган шаҳрида яшовчи Б.Н. (1999 й.т.) акаси Г. Н.(1996 й.т)нинг соғлиғи яхши эмаслиги ва тана ҳарорати кўтарилиб кетганлигидан шикоят қилиб тиббий ёрдам сўраб келган.

Маълумотга кўра, Н.К. тиббий кўрикни ўтказиб тана ҳарорати кўтарилмаганлигини айтганида, Б.Н. «нотўғри ташхис қўйяпсан» деб жанжал кўтариб шифокор билан муштлашиб кетган. Оқибатда шифокор юз, бош ва қўл қисмига жароҳат олганлиги аниқланган, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, шифокор олган тан жароҳати бўйича судга оид экспертиза тайинланган бўлиб, 4 август кунги хулосага кўра, унда бош мия ёпиқ шикасти, бош мия чайқалиши, ўнг қўл тирсак соҳаси шилинган жароҳати, пешона, ўнг чакка, ўнг кўз юқори қовоқ сохаси қонталаш жароҳатлари борлиги ушбу жароҳат тиббий мезонга кўра оғирлик даражаси бўйича соғлиқни бузилишига сабабчи бўлган енгил тан жароҳати эканлиги аниқланган.

Ҳолат бўйича Наманган шахар ИИО ФМБ ТБ томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «б» банди (бир гуруҳ шахслар томонидан безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Бош прокуратура матбуот котиби Хаёт Шамсутдинов мазкур ҳолат Бош прокуратура томонидан ўрганилаётганини маълум қилди.