Тошкент шаҳридаги «Марказ-1» ва «Марказ-2» марказий мавзелари аҳолиси Le Grande Plaza меҳмонхонаси (собиқ «Тата» меҳмонхонаси) яқинидаги катта боғ ҳудудининг тақдири ҳақида хавотирланишмоқда. Шаҳарда бундай ҳудудлар жуда кам қолган. «Газета.uz» суриштирувларига кўра, бу ерда 2019 йилда бизнес-марказ қуриш режалаштирилган бўлган.

Ўтган ҳафтада ҳудуднинг бир қисми қизил-оқ лента билан ўралиб ва газон ҳамда йўловчилар ўтиш жойи оқ бўёқ билан чизиб чиқилганда ушбу яшил ҳудуднинг тақдири ҳақида хавотирлар бошланди. Белгиланган ҳудуд майдони бино фундаментининг майдони тасвирига ўхшаб кетади.


Ушбу боғ жойлашган «Шаҳрисабз» маҳалласи аҳолиси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Давлат қўмитасига мурожаат қилишди, қўмита шу вақтнинг ўзидаёқ боғ ҳудудига Мирзо Улуғбек тумани инспекциясининг инспекторларини юборишди. Ўзини ҳудуд учун масъул деб таништирган шахс инспекторларга бу ерда ҳеч қандай қурилиш режалаштирилмаганлигини, ер майдони эса ҳудудни тозалаш учун белгиланганлигини таъкидлади. У лента кечгача олиб ташланишини айтди. Эртасига лента йўқ эди.


Фото: Экология давлат қўмитаси.

Тошкент учун ноёб бўлган ушбу аттракционларсиз, кичкина йўлаклари, скамейкалари ва майсаси устида бемалол дам олса бўладиган кенг майсазорлари бор ушбу тинч боғ кўп йиллардан бери мавжуд.


Боғ дизайни эскизлари, 2017 йил.

2017 йилда Ўзбекистонда янги президент сайланганидан кейин кўп ўтмай (Шавкат Мирзиёев сайлов кампанияси давомида боғлар ва яшил ҳудудлар етишмовчилиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш борасидаги режалари борлигини айтган эди) боғ ҳудудининг реконструкцияси бошланди. Боғ 2018 йил ёзида очилди ва у ерда тротуарлар янгиланди, велосипед йўлакчалари қурилди, майсазорлар янгиланди, қуёш батареяларидан қувват оладиган чироқлар ўрнатилди, янги скамейкалар пайдо бўлди ва бошқа ободонлаштириш ишлари олиб борилди.


Осма фаввора.

Боғ маҳаллий аҳолига ёқди ва бу ерда одамлар тўпланишни бошлади, маҳалла аҳолиси бу ерда югуришади, болалар велосипед, самокат, ролик ва скейтбордларда учишади, ёшлар майсалар устида ўтириб дарсларини қилишади ва китоб ўқишади.


Жума куни боғда дам олаётганлар.

2019 йил октябрида Hyundai Auto Asiа компанияси ушбу ҳудудда бепул стритбол ва воркаует майдончаларини очди, шунингдек, арғимчоқли болалар зонаси ҳам фойдаланишга топширилди.

Ўтган йилнинг март ойида мамлакатда карантин чоралари эълон қилинганда, боғдан скамейкалар ва ахлат саватлари олиб ташланди. Кейинчалик скамейкалар қисман ўз ўрнига қайтди (ҳозир улар велосипед қулфлари билан чироқларга бириктирилган), лекин ахлат қутилари йўқ.


Эрталаблари боғдаги скамейкалар олдида кўплаб ахлатларни, ерда ва майсазорда сигарет қолдиқларини ва писта пўчоқларини кўриш мумкин.


Ёзда боғнинг меҳмонхонага туташ ҳудудида парковкали йирик бар ва ресторан ҳамда янги фаввора очилди.

2019 йилнинг февраль ойида пойтахт расмийлари Mirzo Ulugbek Business City йирик лойиҳасининг тақдимотини ўтказишди. У Амир Темур хиёбонидан Дўрмон йўли кўчасигача чўзилган 5,5 кмлик хиёбон бўлиши керак эди. Бундан ярим йил олдин республика ҳудудида Business City замонавий бизнес марказларини қуриш бўйича президент томонидан имзоланган фармон билан инвесторлар, бош пудратчи ташкилотлар ва ушбу лойиҳаларнинг бошқа иштирокчилари учун имтиёзлар берилган эди.


Лойиҳа тақдимоти — боғ ҳудудининг бир қисмида иккита баланд биноларни қуриш режалаштирилган эди.


Лойиҳа макети. Унда ҳам ушбу икки бинолар кўриниб турибди.

Боғ ҳудудида белгиланган оқ чизиқнинг жойлашуви 2019 йилда қурилиши таклиф қилинган иккита баланд бинолар жойлашувига тўғри келади (юқоридаги суратни қаранг). Ушбу таклиф маъқулланганми ва лойиҳанинг ҳолати қандай, маълум эмас. Боғ ўрнидаги эҳтимолий лойиҳа ҳақида очиқ маълумот ва шаҳар аҳоласи билан мулоқотнинг йўқлиги хавотирни оширмоқда.

«Газета.uz» ушбу боғда нимадир қуриш режаси борми ёки йўқлигини аниқлашга ҳаракат қилди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати ушбу ҳолатга изоҳ бермади. Қурилиш вазирлиги вазиятни ўрганаётганлигини маълум қилди. Пойтахт бош архитектори билан боғланиб бўлмади. Шунга қарамасдан, очиқ маълумотлар ва ишончли манбаларга таяниб, айрим фактларни аниқлашга эришдик. Биз маҳалла аҳолиси билан ҳам суҳбатлашдик.

Ер кимга ажратилган?

Геопортал ва Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестри маълумотларидан фойдаланиб, «Газета.uz» боғнинг бир қисми Metropol Center қўшма корхонасига ажратилганлигини аниқлади.


Metropol Center (юқорида 0,6 га) ва Metropol Park (пастда, 2 га) компанияларига ажратилган ер участкалари. Скриншот: Геопортал.

Ўрганишлар шуни кўрсатдики, ер Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг 2020 йил 16 мартдаги қарори билан доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилган.


Скриншот: Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестри.

Ҳужжатга кўра, ушбу ажратилган ерда Mirzo Ulugbek Business City лойиҳаси доирасида бизнес-марказ қуриш режалаштирилган. Бу тўғрисидаги инвестицион келишув Mirzo Ulugbek Business City қурилиш ва эксплуатация қилиш дирекцияси ҳамда Metropol Center компанияси ўртасида 2019 йил 24 май куни имзоланган.

Metropol Center компанияси 2019 йил 26 апрель куни Тошкентда рўйхатга олинган. Уларнинг асосий фаолият тури — бошқа тоифаларга киритилмаган бошқа ихтисослаштирилган қурилиш ишлари. Устав жамғармаси 850 млн сўм.


Таъсисчилар сифатида Қозоғистоннинг Brand Hub Group компанияси (33%) ва Дилшод Абдувахабович Тошпўлатов (67%) кўрсатилган, компания раҳбари эса — Севара Алимжановна Азимова.

Дилшод Тошпўлатов бундан ташқари Real Dozp, Eurasian Black Aurum, Mega Green Turizm, French Pastry ва Castle Rock Trade компанияларида улушга эга.

kompra.kz маълумотларига кўра, Brand Hub Group компанияси 2011 йил август ойида йирик корхона сифатида Олмаотада рўйхатга олинган (2017 йил сентябрда қайта рўйхатдан ўтган). Компания таъсисчилари VVS Retail Group компанияси ва Анна Леонидовна Сорокина ҳисобланади. Ўз навбатида, VVS Retail Group 2013 йилнинг июлида Олмаотада худди шу юридик манзил бўйича рўйхатга олинган. Унинг таъсисчилари Ольга Гармашова ва Владимир Сиротинлар.

Дилшод Тошпўлатов ва Владимир Сиротинлар French Pastry компаниясининг ҳам-таъсисчиси ҳисобланади.

Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестри маълумотларига кўра, боғнинг қуйи қисмидаги 2 га майдонли ҳудуд ўхшаш номдаги Metropol Park компаниясига тегишли.


Скриншот: Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестри.

Унинг ҳам раҳбари сифатида Севара Азимова кўрсатилган. Компания 2017 йилнинг январида рўйхатга олинган. Асосий фаолият тури — ихтисослашган дўконларда майда-чуйда металл буюмлар, лок-бўёқ материаллари ва шишалар чакана савдоси.


Metropol Park таъсисчилари сифатида эса Orient Finans Bank Кузатув кенгаши раиси Бобиржон Ботирович Парпиев (66,7%) ва Варвара Анатольевна Филиппова (33,3%) кўрсатилган.

«Газета.uz»нинг бир-биридан мустақил манбаларининг маълум қилишича, Metropol Center ҳозирга қадар Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармасидан рухсат олмаган.

Севара Азимованинг изоҳи

«Газета.uz» телефон орқали Metropol Center компанияси билан боғланди. Унинг раҳбари Севара Азимова боғ ҳудуди иккита ташкилот — Metropol Park ва Metropol Center компанияларига ажратилганлигини тасдиқлади.

Унинг таъкидлашича, яшил ҳудудни тозалаш ва қўриқлаш ишлари билан Metropol Park компанияси шуғулланади ва ушбу ернинг Metropol Center компаниясига ажратилишидан олдин ҳам компания бепул у ерни тозалаб турган. «Шунча вақт мобайнида Мирзон Улуғбек тумани ободонлаштириш хизмати ушбу ҳудудни тозалаш билан шуғулланмаяпти», — деди у.

«Биз ҳар ойи кўкаламзорлаштириш ва тозалаш ишларига харажат қиламиз, брусчатка қилдик. Ёдингизда бўлса, 2013 йилгача бу ҳудуд деярли ташландиқ эди. Биз шу йили ўз кучимиз билан фаввора қурдик, ўриндиқларни тузатдик. Hyundai компанияси биз ажратган ҳудудда учта болалар майдончасини қуриб берди», — дея таъкидлайди Севара Азимова.

«Одамлар майсада дам олиб ётганда, ахлат ташлаганда, майсани босганда, итлар ҳожатини чиқарганда ғашимиз келади. Болалалар майдончаларини михлари билан бузиб ташлашади, ёшлар кечаси 12 да келиб, пиво ичиб ўтиришади, таксистлар боғ ҳудудида шашлик қилишади», — шикоят қилади у.

Боғ ҳудуди нега ўраб қўйилганлиги ҳақидаги саволга Севара Азимова қуйидагича жавоб берди: «Бизда ҳозир қайта ташкиллаштириш ишлари бормоқда — Metropol Park ва Metropol Center бу иккита ҳар хил компания. Нега биз бундай қилдик: ободонлаштирувчиларда „қанча ерни ва қайси ерларни биз тозалаймиз“ деган савол туғилди. Биз фақат ерни ажратиб, унинг қандай жойлашганини кўрсатдик, холос. Бу ерда бошқа нарса қилмоқчи эмасмиз».

«Бошида ер бизнес-марказ қуриш учун ажратилган эди. Бугунги кунда дарахтларни кесишга мораторий жорий қилинган, биз ҳеч нарса қила олмаймиз, ҳозирча бу аҳоли учун маданий дам олиш боғи», — деди у.

Мораторий бекор қилингач, нима бўлади? «Мен ҳозирча бу ҳақида ҳеч нарса деёлмайман, бу ҳали тасдиқланмаган маълумот… Ҳозирча ҳеч қандай ишлар олиб борилмаяпти», — дея жавоб берди компания раҳбари.

Севара Азимованинг қўшимча қилишича: «Ерни бизга анча олдин ажратишган, лекин ҳозирча ҳеч қандай қурилиш бўлмади, таъсисчи ҳам ҳозирча жим ва ҳеч қандай қурилишларни бошлашни режалаштиргани йўқ. Агар хоҳласак, аллақачон қурилишни бошлашимиз мумкин эди. Ҳеч бир дарахт кўчирилмаган. Ва буларнинг барчаси давлат ҳисобига эмас».

Аҳолининг фикри

Жума куни олдинроқ белгиланган жойга Давлат экология қўмитаси инспекторлари келиб айрим дарахтларни белгилаб чиқишди (1 дан 21 гача рақамлар билан). Қўмитадаги манбаларнинг таъкидлашича, уларга дарахтларни кесиш ёки кўчириш бўйича расмий мурожаатлар келиб тушмаган. Дарахтларга зиён етишининг олдини олиш учун улар рўйхтага олинган.


Дарахтлардаги рақамлар.

«Газета.uz» «Шаҳрисабз» маҳалласи аҳолисининг фикри билан қизиқди. Уларнинг аксарияти боғ ҳудудида қурилиш бўлишига қарши эканлигини билдирди.

Қаҳрамон Йўлдошев: «Мен бу боғда ҳар қандай қурилиш бўлишиги мутлақ қаршиман! Шаҳарда ўзи шундоқ ҳам нафас олишга жой йўқ, ўсимликлар ва дарахтлар камайиб боряпти. Бу боғни ўзи яқинла реконструкция қилишганди. Бу ерга ҳар куни болалар, қариялар ва одамлар ўз оилалари билан келишади. Улар тоза ҳавода нафас олиш ва сайр қилиш учун келишади».

«Бу ер биз учун кичкина ўрмондек, бетонлаштирилган ва асфальт қилинган шаҳар ичидаги табиатнинг бир қисми. Бундай қилиш керак эмас. Бундай жамоат жойлари қурилиш қилмоқчи бўлган хусусий мулкдорларга берилмаслиги керак. Афсус. Ўйлашимча, президентимиз „Учинчи Ренессанс“ деганда буни назарда тутмаганди».

З. Шербоева, домком: «Биз, 34-уйда истиқомат қилувчилар боғда бино қурилишига қаршимиз. Бу объектларни қураётганлар ушбу мавзе аҳолиси ҳақила умуман ўйламаяпти. Болаларга сайр қилиш учун жой йўқ! Яқинда нафас олиш қийин бўлиб қолади!»

Нилуфар Маклакова: «Бу боғ болалар, қариялар ва пойтахтнинг барча меҳмонларига тоза ҳаводан баҳраманд бўлишга имконият беради, чунки унинг атрофида меҳмонхоналар кўп. Бу боғда дарахтлар кўп. Келинг, шундоқ ҳам одамларнинг фаолиятидан азият чекаётган (дарахтлар кесилиши, чанг, қурилиш) табиатимизни асрайлик. Бизда қолган нарсаларни асрайлик. Аҳолининг мурожаатига қулоқ солишларини сўраймиз».

А. Кўчқоров: «Шаҳарлардаги яшил боғлар ифлосланиш оқибатларини юмшатади ва қурилишлар ҳудудида сақланиб қоладиган иссиқликка тааллуқли бўлган „шаҳар иссиқлик ороли“ эффектини камайтириши мумкин. Бундай эффект шаҳарларда инсон фаолияти натижасида келиб чиқади. Бу ҳудудда кўп қаватли биноа қурилиши, унинг фаолият туридан қатъий назар (турар-жой бўладими ёки тижорат биноси), бу жойни боғ сифатида йўқотилишига олиб келади, чунки йўл олиб келиш ҳам керак бўлади. Яъни, боғнинг бир қисмига асфальт ётқизилади, автомобиллар учун тўхташ жойини ҳам боғ ҳудуди ҳисобига қуришга тўғри келади. Бунинг оқибатида келиб чиқадиган ҳаракатлар бу ҳудуднинг дам олиш учун хавфсиз бўлишига ҳалақит беради ва турар-жой аҳолиси ҳамда пойтахт меҳмонларининг ҳаёти сифатининг ёмонлашувига олиб келади».

Июль ойининг бошида президент топшириғи билан 2021−2022 йилларда Тошкентда 130 кмдан ортиқ пиёдалар ва 117 км велосипед йўлаклари, 12 та боғ, 25 та яшил ҳудуд ва хиёбонлар қурилиши режалаштирилганлиги маълум бўлди.

140 га майдонда аттракционсиз жамоат боғларини очиш ва ҳар бир туманда яшил мини-боғлар қурилиши режалаштирилмоқда.