Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Қурилиш вазирлиги, Маданият вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Транспорт вазирлиги ҳамда ЎзЭОАВМА ҳамкорлигида ОАВ билан очиқ мулоқот ташкил этилди, дея хабар бермоқда пойтахт ҳокимлиги ахборот хизмати.


Тошкентда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, манзарали дарахтлар ва гулларни экиш, яшил ҳудудларни муҳофаза қилиш ва кенгайтириш ишлари тизимли равишда олиб борилаётгани таъкидланди. Пойтахтда 22 та боғ, 15 та рекреацион ҳудуд, 20 та сайилгоҳ, 130 км дан ортиқ пиёдалар ва 100 км га яқин велосипед йўлаклари мавжуд.

Пойтахтдаги ҳаёт сифатини ошириш учун 2023 йилга қадар яшил ҳудудлар кўламини 30% гача кенгайтириш режалаштирилган.

Бундан ташқари, президент топшириғига мувофиқ, 2021−2022 йилларда пойтахтимизнинг 524 та маҳалласида яшил ҳудудларни суғориш учун 1500 та қудуқни бурғулаш, 130 км пиёдалар ва 117 км велосипед йўлакларини қуриш, 12 та боғ, 25 та яшил ҳудуд ва сайлгоҳларни ташкил қилишга қаратилган мақсадли дастурлар ишлаб чиқилади ва амалга оширилади.

Тошкент шаҳрида умумий 140 гектар майдонга эга бўлган аттракционларсиз боғларни ва ҳар бир туманда кичик яшил боғларни ташкил қилиш режалаштирилган.

«Лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш жараёнида аҳоли фикри ва таклифлари инобатга олинади», — дейилади хабарда.