Якунланаётган ҳафта давомида Ўзбекистон ва жаҳон спортида қатор аҳамиятли воқеалар содир бўлди. «Газета.uz» ушбу ҳодисаларнинг энг муҳимларидан ҳафталик спорт янгиликлари дайжестини тайёрлади.

Профессионал футбол лигаси томонидан Ўзбекистон Суперлигаси мусобақасининг 13-тур ва II давра ўйинлари саналари ишлаб чиқилди. Унга кўра, Суперлига клублари 4 июль куни якунига етадиган 12-тур учрашуви ва 9 июль куни 8-турдан ўрин олган «Насаф» — «Машъал» қодирилган баҳсидан сўнг танаффусга чиқади. Кубокни ҳам қўшиб ҳисобласа, ўтган вақт давомида клублар ўтган йилгидан фарқли ўлароқ танаффусга қадар 15 та учрашув ўтказишга улгурди. Танаффус 30 июль санасига қадар давом этади ва шу санадан эътиборан клублар 13-турда старт олади. II давра учрашувлари бунга уланиб кетади.

Маълумот учун, Ўзбекистон чемпионатида ёзги трансфер ойнаси 5 июль куни очилади ва 31 июль санасига қадар давом этади.

23 июнь куни Европа чемпионатининг гуруҳ босқич учрашувлари якунига етди ва нимчорак финал жуфтликлари номи аниқ бўлди. Нимчорак финал ўйинлари 26, 27, 28 ҳамда 29 июнь кунлари ўтказилади. Мазкур босқичдаги қарама-қаршиликлар орасида Бельгия — Португалия, Англия — Германия баҳслари ўрин олган.

Ўзбекистонлик самбочи Дилшод Чориев 4 йилга барча миллий ва халқаро спорт мусобақаларида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Бунга Чориевдан допинг-синамасида аниқланган «мельдоний» тақиқланган моддаси сабаб бўлган.

25 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев «2021 йилда Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган ХХХII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон спорт делегациясининг иштирокини таъминлаш ҳамда олимпия спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади. Президент қарорига кўра, олтин медаль учун 200 минг, кумуш медаль учун 100 минг ва бронза медаль учун 50 минг АҚШ доллари берилади.

Шунингдек, президент фармони билан Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш жараёнида спорт анжомлари ва делегация формасини, жиҳозларини сотиб олиш бўйича шартномалар, шунингдек спорт базаларини ижарага бериш шартномаларини электрон савдолар ва танловларсиз тўғридан-тўғри тузишга рухсат берилди. Бундан ташқари, эълонларни давлат харидлари порталида жойлаштирмасликка ҳам рухсат берилади.

Дохада (Қатар) бўлиб ўтаётган спорт гимнастикаси бўйича Жаҳон кубогининг лицензиялаш босқичида 46 ёшли ўзбекистонлик спортчи Оксана Чусовитина олтин медални қўлга киритди.