25 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев «2021 йилда Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган ХХХII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон спорт делегациясининг иштирокини таъминлаш ҳамда олимпия спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади.

Маълумотга кўра, 24 июнь ҳолатига Олимпия ва Паралимпия ўйинларида қатнашиш ҳуқуқини берувчи жами 101 та лицензия қўлга киритилган.

Олимпия ва Паралимпия ўйинлари бошлангунга қадар олимпия спорт турлари бўйича қўшимча квоталар ажратиш, паралимпия спорт турлари (парадзюдо, парапауэрлифтинг, парасузиш, параакадемик эшкак эшиш ва бошқалар) бўйича қўшимча 17 та лицензияни қўлга киритиш кутилмоқда.

Олимпия ва Паралимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган Ўзбекистон спортчилари қуйидаги миқдорда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади:

  • олтин медаль учун — 200 000 АҚШ доллари;
  • кумуш медаль учун — 100 000 АҚШ доллари;
  • бронза медаль учун — 50 000 АҚШ доллари.

Қайд этилишича, мазкур харажатлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон спорт делегацияси учун «Тошкент-Токио-Тошкент» йўналиши бўйича чартер рейслари ташкил этилади.

«Газета.uz» аввалроқ Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик жараёнига оид тақдимотга эътибор қаратган эди. Унда нуфузли мусобақалар ғолиблари учун 5 млндан 7 млн сўмгача бўлган стипендиялар жорий этилиши ҳақида айтилган эди.