«Газета.uz» 2021 йил 1 июндан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар рўйхатини тақдим этди. Дайжест Aдлия вазирлиги маълумотлари асосида тайёрланди. Қуйида уларни тўлиқлигича эътиборингизга ҳавола этамиз.

1. Аҳоли ва тадбиркорларга давлат хизматларидан фойдаланишда бир қатор қулайликлар яратилади: хорижга чиқиш паспортини хоҳлаган жойда расмийлаштириш мумкин бўлади

Президент фармонига кўра:

  • фуқароларнинг доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан қатъи назар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш экстерриториал тамойил асосида амалга оширилади;
  • нотариал ҳаракатларни амалга оширишда фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари билан боғлиқ барча маълумотлар нотариал идоралар томонидан мустақил равишда, фуқаролардан ортиқча маълумот талаб қилмасдан, «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизими орқали олинади;
  • тадбиркорлик субъекти бўлган юридик шахсларга давлат хизматларидан фойдаланиш учун белгиланган йиғим ва давлат божи тўловларини тўлашда уларнинг вакили томонидан нақд пул шаклида тўловни амалга оширишга рухсат берилади;
  • хорижий тижорат ташкилотларининг Ўзбекистон ҳудудидаги ваколатхона ходимини аккредитация қилишда унда одамнинг иммунитет танқислиги вируси касаллиги йўқлиги тўғрисидаги сертификатни талаб қилиш амалиёти бекор қилинади;
  • давлат хизматлари марказлари орқали хизматлардан фойдаланишда жисмоний ва юридик шахслар томонидан ортиқча тўланган тўловлар, шунингдек, давлат хизматини тезлаштирилган тартибда кўрсатиш учун қўшимча тўланган йиғимлар суммаси (тезлаштирилган тартибда кўрсатилмаган тақдирда) соддалаштирилган тартибда бир иш куни ичида қайтарилади;
  • давлат хизматини кўрсатиш натижасида бериладиган ҳужжатлар QR-код (матрик штрихли код) қўйиш орқали берилганда уларнинг дубликатларини бериш тартиби бекор қилинади. Бунда, ушбу ҳужжатлар электрон шаклда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали чекланмаган миқдорда бепул олинади.

2. Пенсия ва нафақаларни тайинлашда фуқароларга янада қулай шароитлар яратилади

Февраль ойида имзоланган президент фармонига кўра:

  • пенсияларни тайинлашда шахснинг иш ҳақи ва меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базаси юритилмаган давр — 2005 йилдан аввалги йиллар учун иш стажи шахснинг меҳнат дафтарчасидаги мавжуд ёзувлар асосида тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисобланади;
  • 3 йил ва ундан аввал тайинланган, қайта ҳисобланган пенсия ва нафақаларни текшириш ҳамда улар бўйича аниқланган ортиқча тўловни ундириш бекор қилинади;
  • ишловчи фуқаролар томонидан ишламайдиган турмуш ўртоқлари келгусида пенсия таъминотига эга бўлишлари учун ўз даромадларидан ихтиёрий равишда ҳар ойда ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқи берилади;
  • пенсия ва нафақалар фуқаронинг хоҳишига кўра рўйхатга олинган доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича тайинланади ва тўланади;
  • пенсия ва нафақаларни нақд пулсиз шаклда олиш учун аризалар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг тегишли бўлимига мурожаат қилмаган ҳолда, тижорат банклари филиалларида банк пластик карталарини очиш жараёнида ёки банк мобиль иловалари орқали электрон шаклда расмийлаштирилади;
  • фуқароларнинг пенсияга бўлган ҳуқуқи йўқолганлигини тегишли вазирлик ва идоралар томонидан тақдим этиладиган электрон маълумотлар асосида аниқлаш орқали пенсияларни нақд пулсиз шаклда олувчи шахслар томонидан ҳар олти ойда Пенсия жамғармасининг бўлимига келиш ҳамда масъул ходимлар томонидан жойларга чиққан ҳолда мониторинг ўтказиш мажбурияти бекор қилинади.

3. Аҳоли ва тадбиркорлардан айрим ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади

Давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат ташкилотлари ва муассасалари томонидан аҳолидан, шу жумладан тадбиркорлардан қуйидаги фактларни тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади:

  • руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги;
  • наркология бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги;
  • судланганлик;
  • манзил-маълумот ахбороти;
  • фуқаронинг номида шахсий уй-жой мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;
  • турар жойнинг майдони;
  • солиқ қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;
  • солиқ тўловчи жисмоний шахсларнинг давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилганлиги;
  • пенсия ва нафақа миқдори;
  • пенсия ва нафақа олувчилар рўйхатида мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;
  • никоҳ қайд этилганлиги, никоҳда турмаслиги ёки никоҳдан ажралганлиги.

Бунда, давлат органлари ва ташкилотлари мазкур ҳужжат ва маълумотларни тегишли давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил равишда, шу жумладан «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олади.


4. Ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиш учун имтиҳонларни ўтказишда хусусий секторлар ҳам иштирок эта олади

Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолияти учун лицензияга эга тадбиркорларга барча тоифадаги автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ҳуқуқи берилади.


5. Аҳоли жон бошига ажратилган дори ва тиббий буюмлар учун бириктирилган маблағ миқдори 3 бараварга оширилади

2021 йил 15 июндан бирламчи тиббий-санитария муассасаларида дори ва тиббий буюмлар учун бириктирилган аҳоли жон бошига ажратилган маблағ миқдори ўртача 3 бараварга оширилади.


6. Қурилиш-монтаж ишлари бўйича шартнома мажбуриятларининг бузилганлиги учун ундирилган жарима тенг миқдорда давлат бюджети ва буюртмачига йўналтирилади

2021 йил 1 июндан объектлардаги қурилиш-монтаж ишлари бўйича шартнома мажбуриятларининг бузилганлиги учун буюртмачи фойдасига суд ва судгача ҳал қилиш тартибида ундирилган жарима (санкция) ва пенялар, шунингдек, харидлар жараёни талаблари бузилганда, тендер ва танлов таклифларини гаров, кафолат, закалат тарзида таъминлаш учун киритилган давлат харидлари иштирокчилари маблағларининг 50 фоизи — давлат бюджетига ҳамда қолган 50 фоизи — буюртмачи хизмати банк ҳисобрақамига йўналтирилади.

Ушбу қарор доирасида:

2021 йил 1 июндан буюртмачи хизматининг штатлар жадвали ва таъминот ҳаражатлари сметасини рўйхатдан ўтказишда техник назорат мутахассислари учун хизмат сафари харажатларининг объектлар жойлашган масофадан келиб чиқиб, жорий нархларда белгиланади.

Буюртмачи хизматлар Қурилиш вазирлиги томонидан белгиланган малака тоифаси асосида техник назорат соҳасидаги масъул мутахассисларга улар меҳнатига ҳақ тўлашнинг амалдаги тариф коэффициентларига 2021 йил 1 августдан бошлаб:

  • биринчи тоифа учун — 0,2 миқдорда;
  • иккинчи тоифа учун — 0,5 миқдорда;
  • учинчи тоифа учун — 0,7 миқдорда;
  • олий тоифа учун — 1,0 миқдорда коэффициент қўшилади.

Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • Капитал қурилиш соҳасида буюртмачи хизмати тўғрисидаги низом;
  • Капитал қурилиш соҳасида буюртмачи хизматининг намунавий тузилмаси;
  • Қурилиш объектларида муаллифлик ва техник назорат олиб бориш тартиби тўғрисида низом;
  • Қурилиш объектларида назорат ўлчовини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом.

7. Ёшларнинг халқаро IT-сертификатларини олиш харажатларининг 50 фоизгача қисми қоплаб берилади

2021 йил 1 июндан ёшларнинг халқаро IT-сертификатларини олиш харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисмини қоплаб бериш тартиби жорий этилади. Халқаро IT-сертификатларга эга ёшларни ўқиши ҳамда уларнинг халқаро IT-сертификатларни олиши учун сарф қилган харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисмини молиялаштирилади.


8. Зўравонлик содир этган ёки уларни содир этишга мойил бўлган шахслар профилактик ҳисобга олинади

2021 йил 1 июндан ҳимоя ордери нусхасини олган, яъни тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахслар профилактик ҳисобга олинади. Марказларга мурожаат қилган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларининг йўқотилган биометрик паспортларини (идентификация ID-карталарини) тиклаб бериш чоралари кўрилади.


9. Самарқандда маҳаллабай ишлаш тизими жорий этилади

2021 йил 1 июндан Самарқанд вилояти туман (шаҳар) ҳокимликларида «маҳаллабай» ишлаш тизими эксперимент тариқасида ўтказилади.

Бунда:

  • Маҳаллабай ишлаш марказлари давлат муассасаси шаклида ташкил этилади;
  • туман (шаҳар)лардаги ҳар учта маҳаллага биттадан маҳаллабай ишлаш инспекторлари бириктирилади;
  • маҳалла фуқаролар йиғини раисининг тадбиркорлик ва томорқа масалалари бўйича ўринбосари лавозими жорий этилади.

Марказлар фаолияти Пастдарғом, Ургут ва Булунғур туманларида жорий йил 1 июндан ҳамда вилоятнинг қолган туман (шаҳар)ларида 1 августгача ташкил этилади.


10. «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чоралар киритилади

2021 йил 1 июндан:

  • «Ёшлар дафтари»га киритилган тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун бино ва иншоотларни ижарага олган ёш тадбиркорларга бир йиллик ижара харажатларининг 30 фоизи, бироқ БҲМнинг 25 бараваригача бўлган миқдори компенсация қилинади;
  • профессионал таълим ташкилотларида таҳсил олаётган «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларга улар ишлаб-чиқариш ёки хизмат кўрсатиш корхоналарида амалиёт ўтаган вақтида, бироқ 6 ойдан кўп бўлмаган муддатда профессионал таълим ташкилотлари томонидан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан БҲМнинг 2 баравари миқдорида ҳар ойлик субсидия ажратилади;
  • «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида ёшларга компьютер харидлари учун БҲМнинг 25 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда истеъмол кредитлари ажратилади;
  • «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларнинг хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича нодавлат таълим ташкилотларида ўқиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ умумий ҳисобда БҲМнинг 5 бараваригача бўлган миқдори ҳамда улар бўйича миллий сертификатлар олиш учун ўтказиладиган имтиҳонларни топшириш харажатлари компенсация қилинади;
  • «Меҳрибонлик» уйлари тарбияланувчилари ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларнинг ҳайдовчилик курсларида ўқиш харажатлари БҲМнинг 4 баравари миқдоригача ва сафарбарлик чақируви резерви хизмати бадали қоплаб берилади;
  • Хусусий корхона ва ташкилотларга ишга қабул қилинган ёшларни қайта тайёрлов курсларида ўқитиш билан боғлиқ бўлган харажатларнинг БҲМнинг 4 бараваригача бўлган қисми компенсация қилинади.

Шунингдек, 1 июндан бошлаб давлат олий таълим муассасаларига 10 тагача маҳалла фуқаролар йиғинлари бириктирилади ва давлат олий таълим муассасалари ректорлари томонидан бириктирилган маҳалла фуқаролар йиғинларида яшайдиган уюшмаган ёшларнинг маънавий дунёқарашини шакллантириш, шу жумладан, уларни хорижий тиллар, компьютер саводхонлиги, спорт, маданият ва китобхонлик тўгаракларига жалб қилиш чоралари кўрилади.


11. Унумдорлиги паст, фойдаланишда бўлмаган қишлоқ хўжалиги ерлари инвесторларга аукцион орқали ажратилади

2021 йил 1 июндан инфратузилмага яқин жойларда, шу жумладан республика аҳамиятидаги йўлларга туташ бўлган, белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхат бўйича унумдорлиги паст, фойдаланишда бўлмаган қишлоқ хўжалиги ерларини саноат ва хизмат кўрсатиш объектларини барпо этиш учун лойиҳа асосида инвесторларга «E-IJRO AUKSION» савдо майдончаси орқали ажратишга рухсат берилади.

Шунингдек, 2021 йил 1 июндан:

  • уч йилдан ортиқ вақтдан буён фаолият кўрсатаётган ҳамда ҳисобланган солиқларни муддатида тўлаб келган, лекин молиявий аҳволига кўра солиқ қарзини тўлаш имкониятига эга бўлмаётган тадбиркорлик субъектларига солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш;
  • уч йилдан ортиқ вақтдан буён товарларни импорт қилиш билан шуғулланаётган, божхона тўловлари бўйича мажбуриятларини бажариб келган, лекин молиявий аҳволига кўра тўловларни белгиланган муддатда тўлаш имкониятига эга бўлмаётган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилади.

12. Барча давлат, банк, ижтимоий ва бошқа хизматларни кўрсатишда фуқаро шахсини тасдиқловчи ягона идентификатор белгиланди

2021 йил 1 июндан 16 ёшга тўлган шахсларга ID-карталари бериш уларни солиқ тўловчи сифатида ҳамда пенсия тизимида ҳисобга қўйиш билан бир вақтда амалга оширилади.

Давлат хизматлари агентлиги юридик шахсларни (нодавлат нотижорат ташкилотлари, банклар ва кредит бюроларидан ташқари) давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича ягона ваколатли орган деб белгиланди.


13. Айрим товарлар ички бозорда фақат биржа савдолари орқали реализация қилинади

2021 йил 15 июндан қуйидаги товарлар ички бозорда фақат биржа савдолари орқали реализация қилинади.

Монополист корхоналар ва (ёки) устав фонди (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахс, устав фонди (капитали)нинг 50 фоизи ва ундан ортиғи устав фонди (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахс томонидан ишлаб чиқарилган:

  • поливинилхлорид (ПВХ) ва формалин — барча харидорларга;
  • истеъмол этил спирти — ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, тегишли лицензия ва мувофиқлик сертификатларига эга бўлган ишлаб чиқарувчиларга;
  • техник этил спирти — барча харидорларга;
  • кумуш — заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларга;

2022 йил 1 январга қадар монополист бўлмаган ва (ёки) устав фонди (капитали)да давлат улуши 50 фоиздан кам бўлган ёки давлат улуши мавжуд бўлмаган юридик шахслар томонидан ишлаб чиқарилган:

  • цемент — ишлаб чиқариш ҳажмининг камида 50 фоизи;
  • чигит, пахта мойи (жумладан, экстракция пахта мойи) ва қайта ишланган чигит чиқиндилари (шрот, шелуха) — ишлаб чиқариш ҳажмининг 100 фоизи;
  • қазиб олувчи (газни қайта ишловчи, ишлаб чиқарувчи) ташкилотлар томонидан нефть ва газ конденсати — тегишли лицензия ва мувофиқлик сертификатларига эга бўлган ишлаб чиқарувчиларга.

14. Субсидия олиш учун аризачининг даромадларига яқин қариндошларининг даромадлари ҳам киритилиши мумкин

2021 йил 1 июндан бошлаб ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар тўлашнинг соддалаштирилган тартиби жорий қилинади.

  • фуқаролар томонидан субсидия олиш учун аризалар йил давомида топширилиши мумкин;
  • субсидия олиш учун мурожаат қилган ариза берувчининг даромадларига у билан бирга яшамаётган яқин қариндошларининг даромадлари ҳам киритилиши мумкин;
  • субсидия олиш учун мурожаат қилган ариза берувчидан «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали олиш мумкин бўлган ҳужжатларни (маълумотларни) талаб қилиш ман этилади;
  • уй-жой сотиб олиш учун субсидия тақдим этиш тўғрисидаги хабарнома улар берилган вақтдан бошлаб 12 ой давомида амал қилади.

Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқаролар, шу жумладан хотин-қизларни ижара ҳуқуқи асосида вақтинчалик жойлаштириш учун уй-жойлар сотиб олинади (1 000 та квартира).

Шунингдек, 2021 йил 1 июндан Тошкент шаҳрида тажриба тариқасида бошпанасиз, оғир турмуш шароитига тушиб қолган ҳамда «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатга олинган фуқароларга ижара харажатларининг бир қисмини қоплаш учун 6 ой давомида ойлик ижара тўловининг 50 фоизи миқдорида, бироқ БҲМнинг икки ярим бараваридан ошмаган ҳолда ойлик пул компенсациясини тўлаш тартиби жорий қилинади.

Ижтимоий ҳамкорликни янада кучайтириш, компенсация, субсидиялар ва давлат томонидан тақдим этиладиган бошқа имтиёзларни адолатли тақсимлаш ҳамда улардан самарали фойдаланиш мақсадида «Халқпарвар» комиссиялари ташкил этилади.


15. 22 та туман шоли авлодли уруғчилик етиштиришга ихтисослаштирилади

Республика бўйича жами 22 та туман шоли авлодли уруғчилик етиштиришга ихтисослаштирилиб, уларда 17 452 гектар шоли майдони ташкил этилади.

2021 йил 1 июндан уруғлик шолига мувофиқлик сертификатини бериш, белгиланган тартибда аккредитациядан ўтказилган юридик шахслар томонидан ҳам амалга оширилади. Шунингдек, Уруғчилик хўжаликларида навбатлаб экиш тизими йўлга қўйилади. Бунда, бир далада 2 йилдан ортиқ шоли етиштирилишига йўл қўймаслик бўйича илмий асосланган алмашлаб экиш тизими жорий қилинади.


16. Давлат функцияларини хусусий секторга ўтказишнинг комплекс механизми жорий этилади

2021 йил 1 июндан давлат органлари ва ташкилотларининг ички маъмурий-хўжалик фаолиятини таъминлаш ва сақлаш бўйича функцияларини бажариш хусусий секторга ўтказилади. Давлат функцияларини хусусий секторга ўтказишнинг комплекс механизми жорий этилиб, бунда хусусий секторга ўтказиш учун давлат функциялари ҳар йили танлаб олинади. Вазирлик ва идораларнинг давлат бошқарувидаги самарасиз ҳамда эксклюзив функция ва ваколатлари тўлиқ хатловдан ўтказилади.


17. Болалар қатор дори воситалари билан бепул таъминланади

2021 йил 1 июндан:

  • 6−23 ойлик болалар учун уй шароитида тайёрланган овқатларни бойитиш мақсадида микронутриент кукуни билан;
  • 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болалар «А» витамини билан;
  • 2−10 ёшдаги болалар гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар билан бепул таъминланади.

18. Аҳолига субсидияларни адолатли тақсимлаш учун «Халқпарвар» комиссиялар ташкил этилади

2021 йил 1 июндан бошлаб:

  • субсидиялар соддалаштирилган тартибда берилади;
  • ариза берувчидан ортиқча ҳужжат талаб қилинмайди;
  • субсидия тўлаш муддати 19 кундан 7 кунгача қисқартирилади;
  • тизим тўлиқ автоматлаштирилади.

19. Айрим турдаги маҳсулотларни рақамли маркировкалаш бўйича тажриба лойиҳаси амалга оширилади

2021 йил 1 июндан бошлаб айрим турдаги дори воситалари ва тиббий буюмлар (ТИФ ТН: 3003, 3004), шунингдек, 15 июндан бошлаб сув ва салқин ичимликлар (ТИФ ТН: 2009, 2201, 2202) рақамли маркировкалаш бўйича тажриба лойиҳаси амалага оширилади. Тажриба лойиҳаларида иштирок этадиган компаниялар:

  • Дори воситалари ва тиббий буюмлар — Merrymed Farm, Jurabek Laboratories, Remedy Group, Nobel Pharm Sanoat и Temur Med Pharm;
  • Сув ва салқин ичимликлар — Coca-Cola Ichimligi Uzbekistan, International Beverages Tashkent, Fruit Juice, Hydrolife Bottlers, Family Group;

Шунингдек:

  • 2021 йил 15 июндан бошлаб Uzbekistan Airways Москвага бўлган рейсларини Домодедово аэрпортига кўчиради.