Ўзбекистон президенти 20 апрель куни «Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонни имзолади.

Ҳужжатда ёшларни тадбиркорликка жалб этиш ва уларни доимий иш билан таъминлашнинг янги тартиблари жорий этилмоқда.

Унга кўра, 1 майдан бошлаб 2023 йил 1 январга қадар иш берувчиларга (бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно) улар томонидан 25 ёшдан ошмаган ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ суммаси Давлат бюджетидан тўлиқ қайтариб берилади. Бунда, ижтимоий солиқ суммаси ёш ходимлар олти ой давомида узлуксиз меҳнат фаолиятини амалга ошириши шарти билан еттинчи ойдан бошлаб қайтарилади.

Бундан ташқари, 1 майдан «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўзини ўзи банд қилишга зарур бўлган асбоб-ускуналар ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун БҲМнинг 40 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда «Ёшлар дафтари» жамғармалари ҳисобидан субсидия ажратилади.

Худди шу кундан «Ёшлар дафтари»га киритилган ишсиз ёшларни ишга қабул қилган тадбиркорлик субъектларига давлат мулкини ижарага олишда ижара тўловларидан имтиёзлар тақдим этилади.

1 июндан бошлаб «Ёшлар дафтари»га киритилган тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун бино ва иншоотларни ижарага олган ёш тадбиркорларга бир йиллик ижара харажатларининг 30 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваригача бўлган миқдори «Ёшлар дафтари» жамғармалари ҳисобидан компенсация қилинади.

Профессионал таълим ташкилотларида таҳсил олаётган «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларга улар ишлаб-чиқариш ёки хизмат кўрсатиш корхоналарида амалиёт ўтаган вақтида, бироқ олти ойдан кўп бўлмаган муддатда профессионал таълим ташкилотлари томонидан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида ҳар ойлик субсидия ажратилади.

Бундан ташқари, 1 июндан бошлаб АТ «Халқ банки», АТ «Алоқа банк» ва «Микрокредитбанк» АТБ томонидан «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида ўқув курсларини муваффақиятли тугатган ва сертификат олган ёшларга компьютер (шу жумладан, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмаган) харидлари учун БҲМнинг 25 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда истеъмол кредитлари ажратилади. Бунда, истеъмол кредитлари бўйича фоиз тўловлари Давлат бюджетидан Ёшлар ишлари агентлигига ажратилган маблағлар ҳисобидан компенсация қилинади.

«Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларнинг хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича нодавлат таълим ташкилотларида ўқиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ умумий ҳисобда БҲМнинг 5 бараваригача бўлган миқдори ҳамда улар бўйича миллий сертификатлар олиш учун ўтказиладиган имтиҳонларни топшириш харажатлари Ёшлар ишлари агентлигига Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан компенсация қилинади.

«Меҳрибонлик» уйлари тарбияланувчилари ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларнинг ҳайдовчилик курсларида ўқиш харажатлари БҲМнинг 4 баравари миқдоригача ва сафарбарлик чақируви резерви хизмати бадали Давлат бюджетидан Ёшлар ишлари агентлигига ажратилган маблағлар ҳисобидан қопланади.

Хусусий корхона ва ташкилотларга ишга қабул қилинган ҳамда фаолият бошлаганига олти ойдан ошмаган «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларни қайта тайёрлов курсларида ўқитиш билан боғлиқ бўлган харажатларнинг БҲМнинг 4 бараваригача бўлган қисми мазкур хусусий корхона ва ташкилотларга Давлат бюджетидан Ёшлар ишлари агентлигига ажратилган маблағлар ҳисобидан компенсация қилинади.

1 майдан бошлаб ётоқхона билан қамраб олинмаган ва ўзига, шу жумладан, ота-онаси (қонуний вакиллари)га тегишли бўлмаган уйда ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган давлат олий таълим муассасалари талабаларининг 60 фоизига улар томонидан тўланадиган ойлик ижара тўловининг 50 фоизи Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади. Бунда ижара тўловининг қоплаб бериладиган қисми Тошкент шаҳрида — базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари, қолган ҳудудларда — базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,5 бараваридан ошмаслиги лозим. Ижара тўловининг қоплаб бериладиган қисми биринчи навбатда эҳтиёжманд оила фарзандларига, ўрнак кўрсатган ва фаол талабалар учун қоплаб берилади. Олий таълим муассасалари томонидан уларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган бошқа талабаларга ҳам ойлик ижара тўловининг бир қисми қоплаб берилиши мумкин.

«Халқ банки» ҳудудларда хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, уларни бизнесга тайёрлаш, маслаҳат бериш ва бандлигини таъминлаш мақсадида «Юз минг тадбиркор хотин-қизлар» лойиҳасини амалга оширади.

Лойиҳа доирасида ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти, ихтисослашуви ва бошқа хусусиятларини инобатга олиб, қиймати 33 миллион сўмгача бўлган тайёр бизнес-режалар банки яратилади. Ўттиз ёшгача бўлган хотин-қизларнинг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда, мос йўналишлар бўйича (ошпазлик, қандолатчилик, сартарошлик ва бошқалар) малакали мутахассислар иштирокида маҳорат дарслари ва ўқув тренинглар ташкил этилади.

Ёшлар ишлари агентлигида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади. Унга Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари ҳузуридаги корхона, муассаса ва ташкилотлар ихтиёрида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин қоладиган соф фойданинг бир қисми ажратилади.

2021 йилда мазкур фармонда ёшлар бандлигига кўмаклашиш ва уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бўйича назарда тутилган чора-тадбирларни молиялаштириш учун Ёшлар ишлари агентлигига Давлат бюджетидан қўшимча равишда 100 миллиард сўм ажратилади.

1 майдан бошлаб деҳқон хўжалиги фаолияти билан шуғулланаётган ёшларни сектор, кластер ва фермер хўжаликлари раҳбарлари томонидан патронажга олиш тизими жорий қилинади. Бунда, сектор, кластер ва фермер хўжаликлари раҳбарлари томонидан «устоз-шогирд» тамойили асосида ёшларга ажратилган ер участкаларини ўзлаштириш, агротехник тадбирларни ўтказиш, ерлар ҳосилдорлигини ошириш, етиштирилган маҳсулотни реализация қилиш ва бошқа масалаларда ёрдам кўрсатилади.

Шунингдек, «Ёшлар дафтари»га киритилган деҳқон хўжалиги фаолияти билан шуғулланаётган ёшларга «Ёшлар дафтари», «Темир дафтар» ҳамда «Аёллар дафтари» жамғармалари ҳисобидан уруғликлар ва кўчатларни харид қилиш учун БҲМнинг 8 баравари миқдоригача субсидия ажратилади.

1 июндан бошлаб давлат олий таълим муассасаларига 10 тагача маҳалла фуқаролар йиғинлари бириктирилади ва давлат олий таълим муассасалари ректорлари томонидан бириктирилган маҳалла фуқаролар йиғинларида яшайдиган уюшмаган ёшларнинг маънавий дунёқарашини шакллантириш,
шу жумладан, уларни хорижий тиллар, компьютер саводхонлиги, спорт, маданият ва китобхонлик тўгаракларига жалб қилиш чоралари кўрилади.

Умумий ўрта таълим муассасаларида «Баркамол авлод» болалар мактабларининг тармоқ филиаллари ташкил этилиб, марказларда замонавий тўгаракларни очиш, уларни зарур асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда умумий ўрта таълим муассасаларининг спорт заллари ва майдонларида тўгараклар очиш ҳамда ёзги таътил даврида ёшлар ўртасида маҳаллалар, секторлар ва туманлар миқёсида спорт ҳамда ҳарбий ватанпарварлик мусобақаларини ташкил этиш чоралари кўрилади.

2021 йил якунига қадар Қашқадарё вилоятида эксперимент тариқасида маданият ва санъат соҳаси вакиллари ҳамда мусиқа фани ўқитувчиларига қуйидагиларни назарда тутган ҳолда уй шароитида ёшлар учун мусиқа тўгаракларини ташкил этишга рухсат берилди. Ушбу тўгаракларни ташкил этган шахслар маданият марказлари томонидан нота, мусиқага оид адабиётлар билан таъминланади ҳамда уларга ташкилий ва услубий жиҳатдан ёрдам кўрсатилади. Тўгаракларда таълим олганлик учун тўлов маҳаллий бюджет маблағлари ва ўқувчилар томонидан тўланади. Бунда, тўгараклар ташкил этган шахсларнинг иш ҳақи тўловлари маданият марказлари учун белгиланган миқдорлардаги бадал тўловлари ва етмаган қисмида маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан тўлаб берилади.