Жума куни президент Шавкат Мизиёев раислигида соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилгани ҳақида хабар қилгандик.

Мазкур йиғилишда қайд этилишича, келгуси йил 1 июндан бошлаб 5 ёшгача бўлган болалар [6 млн нафар бола] витаминлар ва микро-нутриентлар билан, 10 ёшгача болалар паразитларга қарши дорилар билан бепул таъминланади. Шу билан бирга, ҳомиладорлар, эмизикли аёллар ва 15 ёшгача бўлган болаларга [10 млн] йод препаратлари, 35 ёшгача бўлган аёлларга [6 млндан ортиқ] фолий кислотаси ва феррум бепул тарқатилади.

Бу ҳақдаги қарор президент томонидан 6 ноябрь куни имзоланган. «Газета.uz» мухбирининг хабар беришича, мазкур дори ва витаминлар оилавий шифокорлар томонидан бепул тарқатилади.

«Газета.uz» мухбирининг маълум қилишича, президент собиқ иттифоқ даврида болалар ва аёллар витамин ҳамда дори-дармонларни бепул олишгани, лекин молия вазирлиги мансабдор шахсларининг нотўғри қарорлари туфайли бу амалиёт бекор қилинганини таъкидлаб ўтган. Ушбу қарорларнинг оқибатлари ҳозир сезилмоқда ва даволаниш учун 10 марта кўпроқ маблағ сарфлашга тўғри келмоқда.

Йиғилишда, шунингдек, аҳолининг тўғри овқатланиш бўйича билими етарли эмаслиги айтилди. Давлат раҳбари носоғлом турмуш тарзи қандай оғир оқибатларни келтириб чиқариши болаликданоқ ўргатилиши кераклигини таъкидлади.

«Бирламчи бўғиннинг камида 50 фоиз иши аҳолини тўғри овқатланиш ва жисмоний тарбияга ўргатиш бўлиши лозим», — дея таъкидлади президент.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таҳлилига кўра, тиббий даволаш инсон саломатлигини таъминлашнинг 10 фоиз омили, холос. Ирсий омиллар 15 фоиз, атроф-муҳит 20 фоиз ва, энг асосийси, турмуш тарзи 55 фоизни ташкил этади, дея маълум қилди президент матбуот хизмати.

Паст жисмоний фаоллик, меъёрдан кўп, айниқса, кечки пайт овқатланиш оқибатида аҳолининг қарийб 30 фоизида юқори қон босими, 46 фоизида холестерин миқдори нормадан ортиқ.

60 фоиз ҳолатда коронавируснинг оғир кечиши нотўғри турмуш тарзидан келиб чиққан йўлдош касалликларга боғлиқлигини кўрсатди.

«Яъни, соғлом турмуш тарзи — тўғри овқатланиш ва жисмоний фаолллик орқали қанчадан-қанча касалликларни олдини олиш ва инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш мумкинлигини барча бирдек тушуниши керак, — деди президент.

Фолий кислотаси ва темир моддаси етишмаслиги 40 фоиз аёлларда кузатилади, 5 ёшгача бўлган болаларнинг 55 фоизида темир моддаси етишмаслиги сабабли камқонлик келиб чиқмоқда. 70 фоиз боғча ва мактаб ёшидаги болаларда ичак паразитар касалликлар мавжуд.

Мутасадди вазирликлар келгуси йилдан бошлаб, аҳолига, айниқса болаларга тўғри ва соғлом овқатланишни ўргатиши, бунинг учун таълим муассасаларида алоҳида ўқув соатларини киритиши зарурлиги айтилди.