Ҳукумат қарори билан, 1 июндан хусусий сектор барча тоифадаги автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ҳуқуқи берилди.

Мазкур ҳуқуқ автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолияти учун лицензияга эга тадбиркорларга берилади.

Илгари бу тартиб Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилиб келинаётган эди.

Ушбу тартиб троллейбус ва трамвай транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун татбиқ этилмайди.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2020 йил 7 декабрдаги қарори билан хусусий секторга имтиҳонларни ташкил этиш ҳуқуқи 1 апрелдан берилиши қайд этилган эди.