23 апрель куни Олий Мажлис Сенатининг 14-ялпи мажлисида бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев ўзлаштириш, ваколатини суиистеъмол қилиш ва мансаб сохтакорлигида айбланган Жиззах вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари Акрам Раҳмонқулов ва бошқа компаниялар раҳбарларининг жиноят иши юзасидан ҳисобот берди.

Бош прокурор собиқ ҳоким ўринбосарининг коррупциявий ҳаракатларини фош этишда жамоатчилик ва блоггерларнинг катта ролини таъкидлаб ўтди.

«Айтиш жоиз, Раҳмонқулов 2018 йилда вилоят ҳокими ўринбосари лавозимига тайинлангач, уюшган гуруҳ тузиб, миллиардлаб бюджет маблағларини талон-торож қилиб келган. Шу мақсадда қурилиш соҳасига масъул вилоят ташкилотлари раҳбарлигига ҳамда вилоят тендер комиссиясига таниш-билишларини қўйиб, улар орқали ўзининг ғаразли мақсадларига шароит яратган», — деди у.

Ниғматилла Йўлдошевнинг сўзларига кўра, 2018−2020 йилларда Акрам Раҳмонқулов «жами 494 млрд сўмлик 82 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишларини ўзининг раҳнамолигидаги 9 та пудрат ташкилотларига топшириб, қурилиш ишлари ҳажмини сунъий равишда оширилган нархларда расмийлаштириш, қўшиб ёзиш орқали қарийб 20 млрд сўмлик бюджет маблағларини талон-торож қилган». Бу ҳозиргача терговда аниқланган ҳолатлар, деб айтди у.

Бош прокурор маълум қилишига кўра, терговда Акрам Раҳмонқуловга тегишли корхоналарда 12 млрд сўм, Жиззах шаҳридаги «Эски шаҳар» буюм бозорида қурилган 172 та савдо дўкони, кўп қаватли уйларда 14 та хонадон, 43 та автомашина, 37 та бошқа кўчмас мулклар борлиги аниқланиб, зарарни ундириш учун хатланган.

Ҳозирда Раҳмонқулов ва унинг 10 нафар жиноий шериклари қамоққа олинган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

15 январь куни президент Шавкат Мирзиёев Акрам Раҳмонкулов «президент сиёсатига хиёнат қилган» деган эди. Давлат раҳбари бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевга вазиятни назоратга олиш ва мансабдор шахсларга нисбатан қонуний чора кўриш бўйича топшириқ берган.

Ушбу баёнот давлат харидлари бўйича тергов ва кўп қаватли уйнинг қулаши фонида янграган. Эслатиб ўтамиз, Жиззах вилояти ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» томонидан амалга оширилган юзлаб млрд сўмлик йирик давлат буюртмалари асосчилари Акрам Раҳмонқуловнинг шериклари бўлиб чиққан компаниялар томонидан қабул қилинган эди.

10 январь куни кечга яқин Жиззах шаҳрининг Мустақиллик кўчасида қурилаётган 6 қаватли, 1−2 қаватлари савдо дўкони, 3−6 қаватлари уйга мўлжалланган 240 кв.млик бино қулаб тушган эди. Қурилиш вазири Ботир Зокиров Жиззахда қулаган 6 қаватли уй масаласида маълумот бера туриб, «Тўғридан-тўғри коррупцион схема», — дея таъкидлган.

Прокуратура томонидан олиб борилган терговга қадар текширув натижалари кўра Акрам Рахмонқулов, комиссия ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек, хусусий корхоналар мансабдор шахсларига нисбатан 167-модданинг учинчи қисмининг «а» банди (кўп миқдорда фирибгарлик), 205-модданинг 2-қисми «а» банди (ваколат ёки хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш билан жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда) ва 209-моддаси 1-қисми (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилган.