Қурилиш вазири Ботир Зокиров Жиззахдаги бино қулаши масаласида фикр билдириб, ўзини айбдор эмаслигини айтаётган шахслар аслида коррупцион схемага алоқадор эканини маълум қилди. У бу ҳақда 14 январь куни Қурилиш вазирлигида ўтказилган матбуот анжуманида қайд этди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

У коррупцион схема масаласига президент Администрациясида ҳам ойдинлик киритилганини таъкидлаган.

«Тўғридан-тўғри коррупцион схема. Менга кеча кирган ҳужжат. Администрацияда ҳам мана шу масалага ойдинлик киритишди, коррупцион схема. Кимдур ҳокимликка қанақадур яқинлиги бор ёки тизимда таниш-билиши бор, бугун ўшани номига (Barakali Qorako’l Chorvador — таҳр.) олинади, бошлангандек бўлади, умуман бошқа одамлар ишлайди. Ҳужжатни уч марта аниқлаштиришганда уч хил чиқаяпти. Унақа бўлиши керак эмас. Бу коррупцион схема — масала шу», — деди вазир.

Ботир Зокиров жавобгарликни бўйнига олмаслик учун уни қуришга масъул шахслар турли хил баҳона қилаётганини қайд этган.

«Ҳозир қидирадиган бўлсангиз бирорта эгаси чиқмайди. Биттаси қилган, „мен унга бериб қўйганман, ўзи қураяпти, пулим бўлмади“, — у мингта баҳона қилади. Бир хил одамлар бизнес қилаяпти. Уни таниш-билиши бор, у бугун бемалол ўша жойини олади, кейин сотади. Ҳамма ҳужжат чала-чулпа. Давлат назорати ҳам битта борганда 3 қават бўйича битта лойиҳачи — „лойиҳачини шартномаси қани“ деса, ҳеч нарсаси йўқ. Ундан кейин иккинчиси кираяпти. Бу ерда коррупцион схема бўлгани учун ўша тадбиркор нима хоҳласа, шуни қилаяпти. Биз шуни олдини олишимиз керак», — дея таъкидлади қурилиш вазири.

Анжуманда шунингдек, худди шу каби коррупциявий ҳолатлар бошқа ҳудудларда ҳам кузатилаётгани маълум қилинди.

«Кеча Администрацияга берган маълумотда ҳам мен кўрдим, бошқа аҳоли яшаш пунктларида ҳам худди шундай схема бўлаётгани тўғрисида айтиб ўтилган, — дея давом этди Ботир Зокиров, — Объектни буюртмачиси, техника назорати, лойиҳа муаллифлик назорати ва пудратчиси бўлиши керак. Уларда буни биттаси ҳам йўқ. Уларни гапини эшитсангиз, ҳеч ким жавобгар эмас».

Вазирликда қулаган бинонинг орқасида жойлашган объектга ҳам зарар етгани, қолаверса, у ҳам талабга жавоб бермаслиги ҳамда яқин орада қулаб, одамлар соғлиғига хавф туғдириши мумкинлиги айтилди. Шу боис ҳозирда уни бузиб ташлаш масаласи долзарб эканлиги қайд этилди.

«Ҳозир шунча мулкни бузиб, олиб чиқиб ташлаш жуда катта пул. Қўшнининг уйини зарарини қоплаш керак. Шунақа қилиб, «бунақа одамларни бурни»ни ишқалаб, иккинчи гал мана шунақага бормайдиган қилиш керак. Мен махсус ташкилот юбордим уни бузишга, фақат пулини тўлайсизлар дедим. Вилоят ҳокими «Ўша тадбиркорни қонуний чора кўриб, пулини тўлаттираман» деб айтди», — дея вазирнинг сўзларини келтирмоқда «Газета.uz» мухбири.

Ботир Зокиров шунингдек, коррупцион ҳолатлар бўйича прокуратура ишни кўриб чиқишини ва натижаси ўшанда ошкор бўлишини қўшимча қилган.

Бунга қадар, «Газета.uz» Жиззахда қулаган уй юзасидан прокуратура Жиззах вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси мансабдор шахсларига нисбатан ЖКнинг 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши қўзғатгани ҳақида ёзган эди.

Вазир мазкур ҳолат бўйича ҳам ўз фикрини билдирди. «Бу масалада керакли одамлар қонун олдида жавоб беради. Давлат назорати (ходимлари) айби ўтган бўлса, у ҳам жавоб беради. Жиноят иши фақат давлат назоратига қаратилган эмас», — дея таъкидлади Ботир Зокиров.

Аввалроқ, «Газета.uz» Barakali Qorako’l Chorvador фермер хўжалиги раҳбари Жаҳонгир Абдуллаҳакимов Жиззахда қулаб тушган 6 қаватли уйнинг эгаси эканлиги ҳақидаги хабарларни рад этгани ва кўчмас мулкни 2020 йилнинг апрелида сотиб юборганини маълум қилган эди. «Қурилиш қилолмайман, деб кўчмас мулкни сотганман. Мен уни беголанаштирдим, кейин умуман аралашмадим», — деган эди фермер.