Якунланаётган ҳафта давомида Ўзбекистон ва жаҳонда спорт соҳасида қатор воқеа-ҳодисалар содир бўлди. «Газета.uz» ушбу ҳодисаларнинг энг муҳимларидан ҳафталик спорт янгиликлари дайжестини тайёрлади.

12 апрель куни Профессионал футбол лигаси раҳбари Диёр Имомхўжаев ўз телеграм-каналида Фарғонанинг «Истиқлол» футбол клуби жамоада юзага келган ички вазият ҳамда иқтисодий масалалар туфайли Про лига мусобақасини давом эттира олмаслиги юзасидан хат бергани ҳақида пост қолдирди. Клуб 2022 йилги мавсумни Биринчи лигада ўтказиш истаги бор экани ҳақида ҳам ёзган. 17 апрель куни ЎзПФЛ клубнинг иштирокчилар сафидан чиқиши масаласини ташкилот Ижроқўмга киритгани ҳамда «Истиқлол»нинг мусобақадан чиқиб кетиши расман тасдиқлангани ҳақида расмий изоҳ берди.

Айнан душанба куни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида навбатдан ташқари сайлов йиғилиши ўтказилди. Кун тартибидаги асосий масала Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимига янги номзод сайлашдан иборат эди. Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимига Эрматов Равшан Сайфуддинович номзоди илгари сурилди. Кенгаш аъзолари томонидан Равшан Эрматов номзоди бир овоздан маъқулланди ва сайланди.

13 апрель куни Ўзбекистон футбол ассоциацияси «Навбаҳор» — «Пахтакор» футбол ўйини вақтида келиб чиққан тартибсизликлар бўйича ўз қарорини эълон қилди. Унга кўра, иккала жамоанинг расмийларига интизомий чоралар кўрилади. «Навбаҳор» футбол клуби эса кейинги иккита уй учрашувини мухлисларсиз ўтказади.

14 апрель куни «Пахтакор» жамоаси ОЧЛ гуруҳ босқичида дастлабки учрашувни Эроннинг «Трактор» клубига қарши ўтказди. Мазкур баҳсда 3:3 ҳисобидаги дуранг натижа қайд этилди.

14 апрелдан 15 апрелга ўтар кечаси Европа Чемпионлар Лигасининг барча ярим финалчилари маълум бўлди. «Реал Мадрид» жамоаси мазкур босқичда «Челси» билан куч синашса, «ПСЖ» Англиянинг «Манчестер Сити» клубига қарши баҳс олиб боради. Дастлабки ўйинлар 27 ва 28 апрель кунлари, жавоб учрашувлари эса 4 ва 5 май кунлари ўтказилади.

15 апрель куни АГМК жамоаси ОЧЛ гуруҳ босқичида дастлабки учрашувни «Ал Ҳилол» клубига қарши ўтказди. Мазкур баҳсда 2:2 ҳисобидаги дуранг натижа қайд этилди.

15 апрелдан 16 апрелга ўтар кечаси Европа лигасининг ярим финал жуфтликлари маълум бўлди. Унга кўра, турнир финалига чиқиш учун «Манчестер Юнайтед» — «Рома» ҳамда «Вильярреал» — «Арсенал» жамоалари ўзаро куч синашишади. Дастлабки ўйинлар 29 апрель куни бўлиб ўтса, жавоб ўйинлари 6 май куни ўтказилади.